Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда аҳоли томорқаларини ўрганди

18.06.2019, 19:02

Республика ишчи гуруҳи Сирдарёда аҳоли томорқаларини ўрганди

Деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинлар экиш ишлари аҳволини ўрганиш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида иш олиб бораётир.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Сардоба ва Оқолтин туманларида бўлишди. Дастлаб Сардоба туманидаги эртаки экиндан бўшаган ерларга такрорий экиш ишларининг ташкил этилиши, аҳоли томорқаларидаги аҳвол таҳлил қилинди.

Ғалладан бўшаётган ерлар шудгор қилиниб, фермер хўжаликлари томонидан кам таъминланган оилалар, ишсиз ёшларга такрорий экин экиш учун ажратиб берилмоқда. Бугунги кунгача тумандаги 40 та деҳқон хўжаликларига 116 гектар ер такрорий экинлар экиш учун ажратиб берилди. Сардоба тумани вилоятнинг энг чекка ҳудуди, марказдан 90 километр узоқликда жойлашган. Бу ерларда ернинг шўрланиш даражаси бошқа туманлардагига нисбатан бирмунча юқори бўлишига қарамасдан аксарият хонадонларда ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб яхши даромад олаётганлар,  ўз турмуш фаровонлигини яратишга интилаётганлар кўпчиликни ташкил қилади.

 МЕҲНАТДАН КЕЛСА БОЙЛИК...

Шак-шубҳасиз, турмуш бўлар чиройлик. Биз буни Сардоба тумани Пахтаобод шаҳарчаси “Қўйтош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи  Ойсара опа ва Аҳатқул Маматқуловлар оиласи  мисолида  ҳам  кўрдик.  2 сотихли  иссиқхонада барқ уриб очилиб ётган турли хил анвойи гуллардан тортиб шиғил ҳосил боғлаган лимон кўчатлари эътиборингизни тортмай қолмайди.

Иссиқхонада 7000 тупдан зиёд булғор қалампири  кўчати етиштиришди. Бу эрта баҳорда - апрель ойида  булғор қалампирини очиқ бозорга олиб чиқиб, унинг ҳар бир килограммини 15-20 минг сўмдан сотиш имконини берди. Айни кунда бозорга сара қизил булғор қалампирини олиб чиқаётган  Ойсара опанинг бозори чаққон. Унинг ҳар бир килограммини 15 минг сўмдан кам сотаётгани йўқ.

-Иссиқхона ташкил қилганимизга 12 йил бўлди,- дейди хонадон бекаси Ойсара Маматқулова. - Дастлаб 1 сотих ерда иссиқхона ташкил қилгандик. Бугунги кунга келиб 12 сотих ерга 4 та иссиқхона қурдик. Лимон, булғор қалампир, помидор, бодринг  етиштирамиз. Парваришлаган кўчатларимизнинг бир қисмини томорқага эккан бўлсак, қолганини сотдик. Шу иссиқхоналардан олинган даромад ҳисобига ишимизни  йилдан йилга ривожлантириб келаяпмиз.

Маматқуловлар меҳнатнинг орқасидан 4 ўғил ва бир қизни вояга етказишди, олий маълумотли, уй-жойли қилишди. Ўтган йили 3 гектар ташландиқ ерни ўзлаштирган  Ахатқул ака ва Ойсара опа бу ерларга  қовун, тарвуз, сабзи, картошка, ошқовоқ каби рўзғорбоп маҳсулотларни экишди. Булғор қалампир ҳосили йиғиштириб олингач, бу ерларга кечки помидор, бодринг кўчатлари ҳамда ошкўкиларни экишни мўлжаллаб туришибди. Оила аъзолари 30-35 нафар қишлоқдошларини иш билан таъминлашган. Маматқуловлар хонадонидан андоза олган ўнлаб қишлоқ оилаларида ҳам иссиқхона қурилиб йил ўн икки ой даромад олиш йўлга қўйилди.

 ЯХШИ НИЯТЛАРИ ҲАМРОҲ ХОНАДОН

Абдукарим Абсатовлар хонадонига қадам ранжида қилган кишининг ҳовлидаги саранжом-саришталикдан, ҳамма нарсанинг ўз ўрнини топганини кўриб кўнгил яйрайди. Кеч кузда экилган саримсоқ пиёз ўрни қайтадан чопилиб экилган помидор, бордринг, картошка кўчатлари яшнаб турибди.

-Бу йилги  ёғингарчиликлар ҳаддан зиёд кўп бўлганлиги боис ҳосилимиз кам бўлди. Томорқамиздан 1 тоннадан зиёд саримсоқ пиёз йиғиштириб олдик. Ўтган йили ҳосилимиз икки-уч баравар кўп бўлганди, уни жойлагани жой топа олмай қолгандик, - дейди 6 нафар фарзанднинг онаси Марҳамат опа. -Узум, олма, анордан тортиб барча мева-чева ўзимиздан чиқади. Чорвамиз бор, товуқ боқамиз.Сут, қатиқ, қаймоқ сероб.

Хонадон эгалари қизларини узатишди. Марҳамат опа ҳовлининг кун чиқар томонидан дид билан қурилган уйга келин тушириш ҳаракатига тушиб қолган. Марҳамат опа Абсатова таъкидлаганларидек меҳнат қилган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Хонадонидан гулу  райҳоннинг муаттар бўйи, қут-барака аримайди.

АБДУМАЖИД АКА ЯРАТГАН БОҒ

Абдумажид ака ва Гулсарабону аялар оиласи ҳам қишлоқдаги серфарзанд оилалардан. Бизни қарши олган отахон муддаомизни англагач ўзи барпо қилган боғ томон фахр билан йўл бошлади. 20 сотих экин майдонига экилган 100 тупга яқин  турли мевали дарахтлар ҳосили мўллигидан бошини эгиб турибди. Олма, анор, ўрик, нок, беҳи, қароли, шафтоли, ёнғоқ, узум дид билан экилган. Дарвозадан кираверишдаги чоғроққина экин майдони ҳам яшнаб турибди.

-Бу ерга кўчиб келганимизда ҳаммаёқни янтоқ босиб ётганди, - дейди отахон. - Уй қуриш билан бирга унинг атрофини 4-5 йилда мана шундай жаннатмакон жойга айлантириб олдик. Мева-сабзавотнинг ҳаммасидан экамиз. Бугунги кунда картошка ва бошқа экинлардан бўшаган ерларни кечки - сабзи, шолғом, турп каби бир қатор экинлар экишни мўлжаллаб турибмиз. Бозордан фақат гўшт сотиб оламиз, холос. Бошқа ҳамма нарсани ўзимиз етиштирамиз.

Давлат идораларида самарали фаолият юритиб нафақага чиққан  Абдумажид ака Абдисатовнинг ғайратига ҳавас қилмай иложи йўқ.  Ҳовлига тегишли бўлган ерларнинг бир қарич бўш жойи йўқ. Ловия , нўхат, булғор қалампири, бақлажон, ошқўки ва райҳону жамбилларгача экиб қўйилган. Асли мутахассислиги ҳосилот бўлган отахоннинг ҳар бир экинга, ҳар бир дов-дарахтга  меҳри бўлак.

БИЗНИ ЕР БОҚАДИ

Оқолтин туманида бу йил ғалладан бўшаган 13500 гектар экин майдони такрорий экин экиш учун мўлжалланган. Шу кунгача ғалладан бўшаган майдонларнинг 50 фоизи текисланиб такрорий экинлар экиш учун тайёрлаб қўйилди.

Она заминга меҳр боғласанг у сени боқади. Кам бўлмайсан. Бунга биз яна бир нечта хонадон мисолида амин бўлдик. Оқолтин туманининг “Аҳиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Муҳаммаджон Қамбаров 20 сотих экин майдонига экилган саримсоқ пиёзни йиғиштириб бўлгач, ерга ишлов бериб булғор қалампири, ловия, нўхат каби такрорий экинларни экди. 2 сотих майдондаги қўлбола иссиқхонасида парваришланаётган лимон ҳосилини кўриб ҳавасимиз келди. Лимонлар орасига экилган помидор, бодринг, булғор қалампирининг ҳам ҳосили чакки эмас.

-Иссиқхонанинг бир қисмига қишда ошкўкиларни экиб йиғиштириб олиб унинг ўрнига сабзавот экинларини  экдик, - дейди Муҳаммаджон Қамбаров.-  30 туп лимон кўчатларидан бу йил яхшигина даромад олишни мўлжаллаб турибмиз. 100 тупдан зиёд лимон қаламчалари ҳам бир текис ниш урган. Буюртма асосида қаламчаларни парваришлаётган Муҳаммаджон ака уларнинг бир қисмини иссиқхонада экиш, қолганини эса буюртмачиларга етказишни мўлжаллаб турибди. 63 ёшни қаршилаган отахон вақтини зое кетказишни хуш кўрмайди. Асосий вақтини томорқада ўтказади. Ерни боқсанг боғ бўлади, деганларидек ана шу боғ, ана шу она замин  бу меҳнаткаш инсондан саховатини аямаяпти.

Муҳаммаджон аканинг ён қўшниси Зоир Номозовнинг томорқасига экилган қовун, тарвуз  палаги нишона берган.

-Бу томорқамизга экилган иккинчи экин, - дейди уй бекаси Лола опа.- 18 сотихдан иборат еримизга шивит, помидор, картошка экиб 3-4 миллион сўм даромад олдик. Шу маҳалладаги Зоҳира Ўташова ёлғиз, кекса аёл. Унинг 18  сотихли экинзорига ҳашар йўли билан картошка ва соя ўсимлиги экиб берилди. Экинларининг чопиғини ҳам ҳашар йўли билан бажариш мўлжалланаяпти.

Холида Бастамова ҳам боқувчисини йўқотган аёллардан. Аммо у бировнинг қўлига қарашни ёқтирмайди. Томорқасининг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиб бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Боғидаги эртапишар мева борки пишиб, тагига тўкилиб ётибди. Хурмо дарахти ҳосил нишоналарининг кўплигидан бошини кўтаролмайди. Кираверишдаги қатор анор дарахтлари шиғил  гулга кирган. Маймунжону қорағат меваларининг ўзи оила бюджетига яхшигина даромад олиб киради.

-Меҳнат, меҳнатимизнинг таги роҳат бўлаяпти, - дейди Холида Бастамова. - Оилавий фаровонликни таъминлаш ҳар  кимнинг ўз қўлида. Икки нафар ўғлимни уйлантирдим. Биттасига ҳовли этагидан уй қуряпмиз. Насиб қилса бу йил қизимизни узатамиз.

“Аҳиллик” маҳалла фуқаролари йиғинининг хотин- қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича  мутахассиси Зулайҳо Мирзаеванинг шаҳодат беришича, ҳудудда 26 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож  оила истиқомат қилади. Шу кунгача уларнинг 13 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, ўз бизнесларини  йўлга қўйишларида амалий кўмак берилган. Комил Муқимов “Голден” фермер хўжалигининг раҳбари. 30 гектар ерда ғалла етиштирган фермер гектаридан 48 центнердан ғалла ҳосили олиб йиллик режани ортиғи билан уддалади. Ғалладан бўшаган  ерлар ҳайдалиб экин  экишга тайёр ҳолга келтирилиб ҳудуддаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қовун-тарвуз ҳамда дуккакли экинлар экиш учун бўлиб берилди. Ишчи гуруҳ томонидан ҳудуддаги фойдаланилмаётган томорқалар ҳам кўздан кечирилди. Мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, назоратга олинди. Томорқа қўшимча даромад, тўкин-сочинлик манбаи экани тушинтирилди.

Дилором ЭСОНОВА,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1657
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+