O‘zLiDeP вакиллари қамашилик тадбиркорлар муаммоларини ўрганди

19.06.2019, 16:19

O‘zLiDeP вакиллари қамашилик тадбиркорлар муаммоларини ўрганди

Аввал хабар берганимиздек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ходимлари, депутатлар, партия фаолларидан таркиб топган ишчи гуруҳ аҳоли муаммоларини ўрганиш, партия электорати бўлган тадбиркорлар, фермерлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида уйма-уй юриб учрашувлар ташкил этмоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари Қашқадарё вилояти Қамаши туманида жойлашган "Қизилтепа", "Оқгузар", "Нагахон" МФЙларда бўлишди. Ушбу маҳаллаларда фаолият юритиб келаётган бир қатор тадбиркорлар билан учрашилди.

Ишчи гуруҳи дастлаб, туманда туризмни ривожлантириш дастури доирасида “Бинокор” ҳусусий корхонаси томонидан ташкил этилаётган мехмонхона билан танишдилар. Тадбиркор билан суҳбат давомида аниқландики 2 гектар ер майдонида ташкил этилаётган 24 ўринга мўлжалланган мехмонхона жорий йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилади.

20 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган "Ideal polimer plast" МЖЧ маҳсулотлари сифатли ишлаб чиқарилиши боис, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига етказиб берилади.

- Жамиятимиз ҳар ҳил турдаги сув ванналари учун мосламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган, - дейди тадбиркор Норқобилов Махматқобил. – Фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида Хитой Халқ Республикасидан замонавий гидромассаж ванналар ишлаб чиқаришга мўлжалланган асбоб-ускуналар олиб келишни режалаштирганмиз. Буни амалга оширишда ўз маблағимиз билан бирга 500 млн сўм банк кредитини ҳам расмийлаштиряпмиз. Иш фаолиятимизни бошлаганимизга 3 йил бўлганлигига қарамай ижарада фаолият юритиб келяпмиз.

Ишчи гуруҳи корхонанинг ижара асосида фаолият юритиб келаётганлиги борасидаги мурожаатидан сўнг ҳудудда фойдаланилмаётган, бўш турган бино ажратилиши бўйича партия томонидан кўмак берилишини билдиришди.

"Professional progress centre" ўқув маркази раҳбари Алишер Алибоев ёшлар ва асосан абитуриентлар учун барча қулайликка эга инновацион марказ қуришни мақсад қилган. 30 сотих ер майдонида 3 қаватли бино қуриш ишлари бошлаб юборилган. Тадбиркор ўз маблағлари ҳисобига бинони кўтарган бўлишига қарамай, бинони тўлиқ таъмирдан чиқариш ва жиҳозлаш учун кредит олишни режалаштирган.

- Беш йил аввал ўқув марказини ишга туширган эдик, - дейди ўқув маркази раҳбари Алибоев Алишер. – Дастлаб туманимиз ёшларига турли фанлар бўйича таълим бериб келдик. Кейинчалик ўқув марказимиз анча ривожлангач, бошқа туман, вилоят ёшлари ҳам кела бошлади. Талаб ортганлиги боис барча имкониятларини ўз ичига қамраб олган ётоқхона, компьютер жамланмасига эга ахборот хоналар, футбол, воллейбол мини стадионлар ва фитнес залларига эга иншоот қуришни мақсад қилдик. Лекин, қурилиш ишлари анча кенгайганлиги сабабли ўз маблағимиз етмай қолди. Ўз маблағимиз ҳисобига иншоотни қурдик, ўқув марказини пардозлаш, жиҳозлаш ва тўлиқ ишга тушириш учун бизга 1 млрд сўм қўшимча маблағ зарур.

Ишчи гуруҳи тадбиркорнинг кредит олиш борасида ҳеч қандай кўникмага эга эмаслиги боис туман банклари билан учрашув ташкил қилиб, кредит олиш борасида тушунча берилди ва кредит ажратилиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳи Қамаши туманидаги “Азза парранда” ва ”Иқболхоним паррандаси” МЖЧлари фаолияти билан ҳам танишишди. Тадбиркорлар томонидан аниқланган муаммолари атрофлича ўрганилиб, партия депутатлик гуруҳлари орқали ҳал этилишига келишиб олинди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Қашқадарё вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида O‘zLiDeP вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар “Обод қишлоқ”, “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Ёшлар - келажагимиз” дастурлари ҳамда Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ижроси доирасида 1174 та хонадонда бўлишди. Фуқаролар муаммолари обдан ўрганилмоқда. Мазкур жараёнларда аҳоли томонидан томорқасини ривожлантириш, кредит олиш, коммунал хизматлари каби жами 551 та мурожаатлар аниқланди. Муаммоларни ҳал этилиши борасида ишчи гуруҳи амалий ишлар олиб бормоқда.

Тўлқин Турдиев

O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти

матбуот котиби

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1505
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+