Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида аҳоли томорқаларига такрорий экинлар экиш ҳолатини ўрганди

20.06.2019, 17:13

Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида аҳоли томорқаларига такрорий экинлар экиш ҳолатини ўрганди

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экин экиш ишлари аҳволини ўрганиб, бу борада аниқланган муаммоларни жойида бартараф этишга ҳаракат қилишмоқда.

Томорқачиларга мададкор

Шу мақсадда улар Тошкент вилоятига ҳам боришиб, айни пайтдаги аҳвол билан яқиндан танишишди, аҳоли билан мулоқотда бўлдилар. Одамларнинг таклиф ва мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда бир нечта амалий семинарлар ҳам ташкиллаштирилди.

“Оққўрғон томорқаларга кўмаклашиш маркази” МЧЖ фаолияти билан танишиш жараёнида маълум бўлдики, жамият ўтган йили ташкил этилганига қарамай, қисқа фурсатда аҳолига чин маънода кўмакчи бўла олди. Хонадонларга асалари, қўй, эчки ва чорва моллари, парранда,  кўчат ва уруғлар топширилди, ўсимликлар ва ерларга ишлов берилди, техник хизматлар кўрсатилди, томорқаларида етиштирилган маҳсулотларини экспорт қилишга кўмаклашилди. Ўтган ярим йилда туман ва қўшни ҳудудлар аҳолисига 553 бош қўй, 12 бош қорамол, 281 қути асалари, 13 000 бош парранда, 7 443 та мевали ва 77 000 та сабзавот кўчати, 12 миллион сўмлик бир дона мотокультиватор етказилди. 272 сотихдан ортиқ ерда иссиқхона қуришда кўмаклашилди. 410 хонадонга 37,5 миллион сўмлик техника хизмати кўрсатилди. Украинага аҳолидан йиғиб олинган 60 минг АҚШ долларига тенг миқдорда 495 тонна пиёз экспорти ҳам амалга оширилди.

– Одамларимизнинг ердан унумли фойдаланишини таъминлаш мақсадида 2019-2020 йиллар учун бизнес режа тузиб қўйганмиз, – дейди МЧЖ раҳбари Абдусамат Сайдаҳмедов. – 5 гектар ерга 3,5 миллиард сўм қийматидаги энергия тежовчи иссиқхона қуриб, цитрус мевали кўчатлар етиштирмоқчимиз. 10 гектар ерда эса 1 миллиард сўм сарфлаб, Хитой ноки кўчатларидан иборат боғ яратамиз. Айни пайтда захирамизда
4 минг туп лимон кўчати, 2,5 тонна уруғлик, 20 тонна картошка уруғи, 50 та асалари қутиси, 500 та парранда мавжуд.

Ҳовуздаги хазина

Марказда намуна тарзида қурилган ҳовуз эътиборимизни тортди. Аввалига уни чўмилиш ҳавзаси деб ўйладик. Кейин билсак, у балиқ етиштирадиган махсус ҳовузча экан. Ихчамгина, ҳар бир хонадонда балиқчиликни йўлга қўйса бўлади. Ҳовуз қуриш ва балиқчиликни бошлаш учун 18 миллион сўм бўлса бас. 12 миллион маб­лағ ҳавзадаги сувни алмаштириб, кислородга бойитиб турувчи насосга сарфланса, 100 килограмм уруғ учун 4 миллион сўм, 1 тонна емиш учун эса 2 миллион сўм талаб этилади. Астойдил парваришланса, 6 ойда 100 килограм уруғдан 1,5 тонна балиқ олиш мумкин. Сазан балиғининг килосини ўртача  22 минг сўмдан ҳисобласак, 33 миллион сўм бўлади. Харажатлар айириб ташланса, соф даромад нақ 21 миллион сўм! Жамият раҳбарининг таъкидлашича, бундай ихчам ҳавзада балиқчилик билан шуғулланиш учун сазан маъқул. Уни боқиш учун кўп меҳнат талаб этилмайди.  

Қўрғонча маҳалласида яшовчи Илҳом Ботиров хонадонига кирар эканмиз, ажойиб ифор димоғимизни қитиқлади. Тартибли ҳовли, 8 сотихли томорқада йўқ экиннинг ўзи йўқ. Картошка кавлаб олиниб, ўрни иккинчи экинга тайёр қилиб қўйилган. Ловия, помидор ғуж-ғуж ҳосилга кирган. Яна 4 қутидаги асаларилар асал йиғяпти.

Қўшни Анвар бобонинг уйида ҳам помидор ва бодринглар яшнаб, ҳосилга кирган. Фасолнинг ўзидан 2,5 миллион даромад оламан, дейди отахон.

Даромадга яраша буромад

Тошкент ва Бўка туманларида аҳоли томорқаларига, жумладан, экиндан бўшайдиган майдонларга такрорий экин экиш ишлари аҳволини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Бўка туманидаги 530 та хонадонни қамраб олган Ибрат маҳалласини ўз номидан келиб чиқиб ибрат бўлишга арзирли маҳалла дейиш мумкин.  Қайси бир хонадонга кирманг, бўш ётган ерни кўрмайсиз. Бу маҳалланинг аксарият аҳолиси карам, помидор, бодринг, булғор қалампири етиштиришда бой тажриба тўплаган .

Маҳалла раиси Рокия опа фаол ва ўз ишини биладиган ташаббускорлардан, одамлар билан елкама-елка ишлашни яхши кўради. Барча хонадон аъзоларини беш қўлдек яхши билади. Бу масъулиятли вазифага уч марта қайта-қайта сайлангани ҳам бежиз эмас, халқпарвар. 

– Маҳалламизда 2 785 нафар киши истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири ердан унумли фойдаланади, – дейди Рокия Ҳамраева. – Ҳар бирининг 8-12 сотихдан ери бор. Йилда уч маротабагача ҳосил олади.

– Ерга меҳр бериб кам бўлмадик, – дейди Азиз Холбоев 18 сотихдаги экинларни кўрсата туриб. – Мана шу 20 туп узумдан камида бир тонна ҳосил оламан. Даромадимни эса ҳеч ҳисобламаганман. Бир йиллик сармоям эвазига яқинда янги машина олдим, уй қуриб, таъмирдан чиқардим. 

Шу ўринда йилда уч бора ҳосил олишнинг ибратликлар тажрибасини ҳам айтиш жоиз. Азиз аканинг айтишича, баҳорнинг илк кунлари экилган биринчи экин – редиска, гулкарам ва бошқалар май ойида, иккинчи экин – помидор, карам, булғор қалампири август ойида йиғиштириб олинади. Учинчи мавсумда эса маккажўхори экилиб, қишга яқин йиғиб олинади.   

Ибратликлар карамни Россия ва Қозоғистонга экспорт қилишмоқда. Асосийси,  етиштирилган ҳосилни сотиш учун ҳеч ким энди сарсон бўлиб бозорма-бозор юрмайди. 

  • Кўрилди
    1421
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+