Хотин-қизлари эъзозланган юртнинг эртаси фаровон бўлади

23.06.2019, 20:30

Хотин-қизлари эъзозланган юртнинг эртаси фаровон бўлади

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича кўламдор ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланган бир вақтда юртимизда бу борада амалга оширилаётган ижобий ишлар нафақат халқимиз, балки жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ихтисослашган муассасалар томонидан эътироф этилиб, юқори баҳоланмоқда.

Эътиборлиси, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича янги тизим яратилди. Ана шу тизим асосида 1 минг 564 нафар хотин-қизлар нафақат уй-жойга, балки иш ўринларига ҳам эга бўлдилар.

Куни кеча Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида иштирок этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон аёллари ҳақида яна бир бор илиқ фикрларни билдирди. “Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу, аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир”, деди Юртбошимиз. Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланиши ҳақидаги фикр ҳам бежиз айтилмаган.

Бугунги кунда олий вакиллик органи ҳисобланган Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат аёллар фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашларда эса, халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Мингдан ортиқ аёллар маҳалла фуқаролар йиғинини бошқариб келмоқда.

Президентимиз томонидан мазкур тадбирда парламентда ва маҳаллий Кенгашларда аёллар улушини кўпайтириш, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида нодавлат ташкилотларнинг иштирокини фаоллаштириш ҳамда аёлларни иш билан таъминлаш, хотин-кизларнинг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш, албатта, юртимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллаши, уларнинг ижтимоий нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифини берди. Бу тузилма, албатта, мамлактимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги глобаллашув жараёнида “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Мазкур жараёнларда биз — депутатлар ҳам фаол иштирок этиб, ҳар бир моддаси тўғридан-тўғри ишлайдиган, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчилик туғдирмайдиган халқчил қонунлар яратилишида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1387
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+