Демократик кучлар блоки йиғилишида Президент нутқи муҳокама қилинди

25.06.2019, 10:03

Демократик кучлар блоки йиғилишида Президент нутқи муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбиламонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари вакилларидан иборат Демократик кучлар блокининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқининг мазмун ва моҳияти ҳамда ундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, дунё шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда олдимизга қўйилган улкан марраларга эришиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имконияти сафарбар этилмоқда. Мамлакатда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, айниқса, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш ва 
либераллаштириш, ижтимоий соҳани янада тараққий эттириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, самарали ташқи сиёсат каби устувор йўналишлар негизида, шубҳасиз, аҳолининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, юрт тинчлиги ва аҳоли фаровонлигига қаратилган.

Депутатларнинг фикрича, Перезидентимизнинг Олий Мажлис Сенатидаги тарихий нутқида нафақат юқори палата, балки Қонунчилик палатасининг фаолиятига ҳам тегишли бўлиб, бундан парламент аъзолари тўғри хулоса чиқариши лозим. Хусусан, сўнгги олти ой мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида атиги 9 та қонун киритилгани, шундан учтасигина сиёсий партиялар фракциялари томонидан тайёрлангани, бу борада депутатларимиз анча суст фаолият олиб бораётгани, бундан ташқари, Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг 80-90 фоизи депутатлар томонидан қайта ишланаётгани ачинарли ҳол. Бунинг асосий сабаби Қонунчилик паласига киритилаётган қонун лойиҳаларида тўғридан-тўғри амал қилиш механизми мавжуд эмаслиги ва улар қонунчилик, юридик техника ва бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига жавоб бермаётгани, шу сабабли ҳам депутатлар киритилган қонун лойиҳалари нормаларини ўрганиб чиқиб, таҳлил қилишга, қайта ишлашга ва сезиларли даражада ўзгартиришга мажбур бўлмоқда.

Юқоридаги муаммоларнинг туб замирида вазирлик, давлат қўмиталари ва бошқа давлат идоралари юридик бошқармалари кадрларига қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, унинг ҳар бир нормасини таҳлил қилиб, баён қилиш салоҳияти етишмаслиги ётади. Бу масалаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги жиддий эътибор қаратмаётгани сабабли, энди депутатлар қаттиқ туриб, талабга жавоб бермайдиган қонун лойиҳаларини қайтаришга мажбур бўляпти.

Йиғилиш иштирокчилари қонун ижодкорлиги фаолиятида депутатларнинг янада фаолроқ бўлиши билан бир қаторда, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиясининг масъулиятини янада ошириш, шу орқали хотин-қизларни демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишини таъминлашга эришиш Демократик кучлар блоки аъзоларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклиги қайд этилди.

Юртбошимиз нутқида Олий Мажлис Сенати томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларининг натижадорлиги пастлиги ва уларнинг аксарияти фақат номигагина ташкил этилаётгани тўғрисидаги танқидлари нафақат Сенат аъзоларига, балки Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам тааллуқлидир.

Хусусан, сўнгги 6 ойлик фаолият давомида бу соҳада сиёсий партиялар фракциялари томонидан муайян масалалар бўйича бор-йўғи 26 та ташаббус билдирилган, Қонунчилик палатаси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига атиги 4 та парламент сўрови юборилган, 8 та масала юзасидан парламент эшитуви ўтказилган. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан жами 8 та эшитув ўтказилган бўлиб, улардан бор-йўғи 6 таси муайян қонунлар ижросининг ҳолати юзасидан ташкиллаштирилган. Ушбу рақамлар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан назорат-таҳлил фаолиятда сусткашликка йўл қўйилаётганидан далолат бермоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда ҳамда мазкур соҳани тартибга солишда Демократик кучлар блоки аъзолари, энг аввало, парламент назорати институтидан самарали фойдаланиши лозимлигини ҳамда соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда миллий тажрибамизга, шу билан бирга, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор амалиётини чуқур ўрганиш асосида адолатли, халқчил ва ҳаётий қонун ҳужжатларини яратишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифлар билан фаол иштирок этиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Президентимиз нутқида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш бўйича ишлар тизимли асосда олиб борилмаётгани ва улар билан самарали ҳамкорлик ташкил этилмагани қайд этилди.

Ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан округларга сайловчилар билан учрашувга ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиқилганда, у ердаги халқ депутатлари Кенгашлари билан узвий алоқа ўрнатилган бўлса-да, бугунги кунда улар билан ҳамкорлик алоқалари тўхтаб қолгани, сўнгги бир ярим йил мобайнида ҳеч қандай табирлар ўтказилмагани кузатилган. Шунинг учун ҳам депутатлар ўз сайлов округларига сайловчилар билан учрашувларга борганида у ердаги халқ депутатлари Кенгашларига ташриф буюришлари, реал ҳолатни ўрганиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан ўз билим ва кўникмалари билан ўртоқлашишлари зарур. Шундагина юқори турувчи вакиллик органларининг жойлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этишдаги роли ва масъулияти янада ортади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифаларни бажарилишида ҳамда унинг ижросини назорат қилишда Демократик кучлар блоки фаол иштирок этади.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    1189
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Samidillo2019-06-25 11:02:57

Ҳақиқатдан ҳам Сенат аъзолари олдиги ушбу чиқиш тарихий аҳамиятга эга ва ҳар бир фуқарони замон ва маконда бўлаётган жараёнлар хусусида чуқур ўйлашга чақиради. Миллат етакчиси маърузасидаги ҳар бир ғоя ва таклифларни амалга ошириш, бизнинг-ҳаммамизнинг бош вазифамиз бўлмоғи керак!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+