Ер билан тиллашаётган андижонликлар

25.06.2019, 11:35

Ер билан тиллашаётган андижонликлар

Аввал хабар берганимиздек, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганиш, аниқланган муаммоларни вақтида бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, қатор мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳ жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бормоқдалар.

Андижон азалдан миришкорлар, асл деҳқонлар юрти. Унинг заминида унган ҳосилнинг овозаси етти иқлимни тутиши бежиз эмас. Ҳудуд еридан йилига уч мартагача ҳосил олаётганларга ҳавас қилса арзийди. Экологияси, иқлими, ер унумдорлигига гап йўқ.

-Жорий йилда ғалла ҳосили учун 2963 та фермер хўжаликда жами 77 минг гектар ғалла парвариш қилинди, - дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Андижон вилоят кенгаши раҳбари Бегали Қодиров. – Айни кунга қадар ҳудуд жиҳатдан вилоятда биринчи бўлиб чўл зонаси ҳисобланган Улуғнор тумани ғалла шартномавий режани ортиғи билан, яъни 107 фоизга бажарди. Ҳозирда бўшаган ер майдонларига такрорий экин экиш ишларини назоратимизга олганмиз.

Балиқчиликларнинг шижоати ерни гуллатяпти

Ишчи гуруҳ бошоқли экиндан бўшаган майдонлар ҳолати билан қизиқди. 7046,0 гектар ер майдонда ғалла ҳосилидан бўшайдиган майдонлар бўлиб, шундан 6888,1 гектар майдонга тўлиқ такрорий экинлар экилиши режалаштирилган. Тумандаги мавжуд 19 та массивда 277 нафар фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Уларга жами 66 нафар иқтисодий ташкилот ходимлари бириктирилган бўлиб, ўртача ҳар 4 фермерга 1 нафар иқтисодчи тўғри келади. Жорий йилда фермер хўжаликлари учун ғалладан бўшаган ерга такрорий    экин учун сабзавот 1383,1 гектар, картошка 95,0 гектар, полиз 1000.0 гектар, озуқа экинлари 1100,0 гектар, шоли 100,0 гектар, дуккакли экинлар1900,0 гектар, ерёнғоқ 70,0 гектар ва бошқа маҳсулотлар экилиши кўзда тутилган. Хўш, мазкур рақамларга қай даражада амал қилиняпти? Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари ҳужжатларда келтирилган маълумотларни оқлади. Аҳвол ёмон эмас. Мисолларга юз тутайлик.

Улуғбек массивидаги “Илғор Иброҳим” фермер хўжалиги вилоятда биринчи бўлиб ғалла ҳосилининг белгиланган шартномавий режасини ортиғини билан бажарди. Жами 19,5 гектар ер майдонига эга хўжаликда яна иш қизғин. Буғдойдан бўшаган ер майдони аллақачон такрорий экинлар билан чирой тўкиб ётибди. 5 гектарига сабзавот, 9 гектарига полиз, 3 гектарига дуккакли, қолганига озуқа экинлари экилган дала хўжалик аъзолари билан гавжум.

-Жорий йилда 19,5 гектар еримизга ғалла экиб, гектаридан 75 центнердан ҳосил олдик, - дейди фермер. - Бўшаган ерни кўриб турибсиз, мана қайта шудгорланиб, экинлар экилди. Давлатга 82 минг 800 тонна ҳосилни топшириб юзимиз ёруғ бўлди. Бу кўзлаганимиздан ортиқ натижа. Ҳудудимиздаги 8 нафар кам таъминланган оилага экин экиб, даромад олишлари учун 2 гектар ер майдонини бўлиб бердик.

Фермернинг ҳимматидан хурсанд бўлган Сайёрахон Саримсоқовани суҳбатга тортдик:

-Уч нафар фарзандим бор, - дейди аёл. – Турмуш ўртоғим оғир бетоб, имконияти чекланган. Ушбу кўмакдан бошим осмонга етди. Болаларимни ёнимга олиб бизга ажратилган ерга сабзавот экдик. Худо хоҳласа, фермернинг ҳам, давлатимизнинг ҳам бизга кўрсатган имкониятларини, ишончини оқлаймиз.

Томорқадаги бойликлар

Шаҳрихон туманининг Марказ маҳалласи аҳолиси ҳам томорқачиликнинг ҳадисини олганлардан. Иссиқхоналарни кўриб танингиз яйрайди.

-Маҳалла фуқаролар йиғинимизда 547 та хонадонда жами 46,5 гектар томорқа мавжуд, - дейди МФЙ раиси Мамасоли Ғофуров. – Асосан сабзавотчиликка ихтисослашган. Аҳолининг 10 фоиздан ортиғи иссиқхона фаолияти билан шуғулланади. Бўш ўтирган одамни кўрмайсиз. Ёзми, қишми ҳамма кафтдек ерига ҳам, катта экин майдонига ҳам ишлов бериб, даромад олиш пайида.

Яҳёбек Жежанов маҳалланинг уста деҳқонларидан. 20 сотих томорқасининг 10 сотихида иссиқхона қуриб, ер билан тиллашишда бошқаларга намуна бўлмоқда. Йилига уч мартадан ҳосил олаётганига қараганда, даромади ҳам чаккимас. Албатта, иссиқхонада барқ уриб турган қизил, яшил булғор қалампирлари кўзни олади. Улардан фойда кўрмаслик мумкин эмасда! Биринчи мевасидаёқ 10 миллион кирим бўлгани, яна режада 20-30 миллион сўм даромад олиш режаси эсни шоширади. Мана, чинакам деҳқоннинг маҳорати!

Қўшни Ғайратжон Ғофуров хонадонидаги 5 сотихли иссиқхонада эса помидорнинг сандина нави пишиб ётибди. Илк меваси ҳосилидан 15 миллион сўм даромад олган ер эгаси иссиқхонадаги 1700 туп помидор кўчатини атиги 2 миллион сўмга харид қилганди. Энди харид билан даромаднинг орасидаги фарқни чамаланг... Ҳамма ишни бир четга суриб, томорқачилик билан шуғуллансаммикан, деган ўй ўтгани аниқ!..

-Охирги мевасидан яна 30 миллион даромад олиш режамизда бор, - дейди хонадон соҳиби Ғ.Ғофуров. – Ҳафтасига 500-600 килограмм помидорни ички бозорга чиқаряпмиз.Кейинги ой охирига қадар ҳосил олиш кўзда тутилган. Ундан сўнг бодринг экишга ерни тайёрлаймиз.

Хонадондаги мулоқотлар мастер класс машғулотига айланиб кетди. Маҳалла аҳолиси вакилларига томорқачиликнинг фойдалари, бугун деҳқонлар, ер эгалари учун яратилаётган қулай имкониятлар, ташкил этилган “Томорқа хизмати” фаолияти хусусида етарлича маълумотларни берган ишчи гуруҳ аъзолари ўз навбатида уларни қизиқтирган саволларга ҳам батафсил жавобларни бердилар.

Пахтаободлик Абдураззоқ Юлдашев ҳам том ортида бойлик топаётганлардан. Бойтўпи маҳалласининг Нурзиё кўчасида истиқомат қилувчи бу инсоннинг ҳам деҳқончиликдан, ҳам чорвачиликдан топаётган даромади мақтанишга арзийди. 2 сотих иссиқхонада етиштирилаётган помидорнинг “Лима”, бодрингнинг “Орзу” навлари барқ уриб ҳосилга кирган. Ички бозорда аллақачон харидорлар нақд. 20 бош қорамолдан олинаётган сут маҳсулотларини айтмайсизми? Эххе, мана даромаду ана даромад! 

Ён қўшни Гулнорахон Комилова хонадонидаги яшилликдан ҳам кўнгил ўсади. 15 сотих томорқада картошка, дуккакли экинлар ҳосил бериб турибди. Қўшни қўшнидан куч олибдида, дейсиз беихтиёр...

“Томорқа хизмати” чинакам кўмакчи бўлмоқда

Асака туманидаги “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти 2018 йилда фаолиятини бошлаган. Айни кунга қадар 2700 нафар аҳоли томорқаларига, 670 та фермер хўжаликларига шартнома асосида сабзавот ва полиз маҳсулотлари уруғ ҳамда кўчатларини етказиб бермоқда.

-Туманимиздан ташқари яна бошқа 7 туманнинг аҳоли ва фермерлар вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, - дейди МЧЖ раҳбари Ҳусниддин Каримов. – Уч минг тонналик маҳсулотлар сақлайдиган музлаткич, қуритиш омборхонамиздаги сабзавот ва полиз маҳсулотларини йил давомида Россия, Молдавия, Германия давлатларига экспорт қиляпмиз. Помидор, сабзи, саримсоқпиёз, картошка кабиларнинг уруғларини Туркия давлатидан шартнома асосида олиб келиб, фермер ва ер эгаларига етказиб беряпмиз.

Шунингдек, жамиятнинг тумандаги 80 гектар ерида картошка, булғор қалампири, кунгабоқарнинг экспортбоп навлари етиштирилмоқда. Майдоннинг 4 гектаридаги узум, 10 гектар еридаги олма боғларидан олинаётган ҳосил ҳам харидоргирлиги билан ажралиб туради.

МЧЖ фаолиятидан бугун кўплаб фермерлар, томорқа ер эгалари мамнун. Узоғи яқинга, вақти тежамкорликка, қимматли харидлари арзонга айланаётганлар бундай фаолият йўлга қўйилганига фақат “раҳмат” айтмоқдалар.

Дангасага баҳона қоп-қоп...

Фақат мақтайвериш билан иш битмайди, албатта. Очиғи, аччиқ данак ҳам керак. Танқидга кўз юмиб кетаверсак, у илдиз отаверади.

Ишчи гуруҳ Балиқчидан Шаҳрихон туманига йўл олганда ногоҳ йўл четидаги ғалладан бўшаган ер майдонига кўз тушди. Маълум бўлишича, ҳудуд Бўз туманига қарашли. Фермер йўқ. 10 сотихлик дала майдони бўм-бўш. “Асл гулистон замини” фермер хўжалиги тасарруфидаги мазкур 10 гектарлик ер майдонининг ғалладан бўшаганига 15 кундан ортганини шундоққина ернинг ҳолати айтиб турибди. Аслида узоғи билан бир ҳафтага қолмай бўшаган ер шудгорланиши ва такрорий экин экилиши зарур. Аммо лоқайд фермернинг қайга қараётгани ўзига аён...

Шаҳрихон туманидаги “Саодат обод” фермер хўжалигида ҳам аҳвол бундан кам эмас. 17,4 гектар ер майдони 7 кун аввал ғалладан бўшаган. Такрорий экин экиш у ёқда турсин, ҳатто ер юмшатилмаган. Тумандаги “Шаҳбоз” фермер хўжалигининг 24,5 гектар ер майдонига эса такрорий экин тўлиқ экилмаган. Хўш, йил бошида бу йўналишдаги топшириқларга қоп-қоп ваъдани берган фермерлар энди ўзларини қандай оқлайди? Яна ёлғон баҳоналару арзимас важлар ортига беркиниб тураверадиларми?!

Ишчи гуруҳ кўмагида ушбу фермер хўжаликларининг ер майдонлари ҳайдаб берилиб, турли сабзавот ва дуккакли экинлар экиб берилди.

Аҳоли томорқаларида ҳам яхши ҳолатларга бирдек дуч келинмаганини очиқ айтиш лозим. Шахрихон тумани Қозиқўрғон маҳалласи Матҳошим кўчасида истиқомат қилувчи Камолиддин Латипов хонадонидаги томорқага раҳмингиз келади. Бегона ўт қоплаган ер экин тугул оби ҳаётдан ҳам маҳрум. Қаровсизликдан нураб ётган томорқалардан яна бири шу маҳаллалик Дадахон Ҳакимовга тегишли. Бундай мисолларни исталганча келтириш мумкин. Бу билан кимнидир дилини огритмоқчи эмасмиз, аммо томорқа, ер эгаларига, деҳқонларга, фермерларга шундай қулай имкониятлар яратилиб берилаётган, юртдошларимиз кафтдек еридан ҳам  катта даромадлар топаётган, битта ердан йилига уч мартагача ҳосил олинаётган бир вақтда шахсий томорқасидан атиги бир марта бўлса ҳам ҳосил олишга қизиқмаётган бефарқларнинг борлигига ачиниб кетасан киши.

Ана шундай боқиманда кайфиятдаги аҳоли вакиллари ишчи гуруҳ таъсирида “уйғондилар”, аниқроғи, уларни уйғотдилар. Керакли ёрдамлар берилди. Зарурий тавсия ва маслаҳатлар ана шундай бефарқлар учун туртки бўлишига ишонамиз.

  • Кўрилди
    1426
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Нозима2019-07-04 16:21:10

Zilolaxon yahshi yoritasiz. Ishga qaytganingiz bilan tabriklayman. Biz hamkasblar bundan mamnunmiz!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+