Республика ишчи гуруҳи Наманганда аҳоли томорқаларини танқидий ўрганди (+фото)

27.06.2019, 18:29

Республика ишчи гуруҳи Наманганда аҳоли томорқаларини танқидий ўрганди (+фото)

Аввал хабар берганимиздек, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқаларига ҳамда бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганиш, аниқланган муаммоларни вақтида бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, қатор мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳ жойларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини олиб бормоқдалар.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Наманган вилояти бўлди.

 Помидордан 40 000 доллар даромад!

Республика ишчи гуруҳи раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги вакиллар Наманган вилоятининг дастлаб Поп туманидаги “Поп жаннат боғи” фермер хўжалигида бўлишди. Хўжаликнинг 80 сотигида иссиқхонага ташкил қилинган экан.

- Бу иссиқхонани ўтган йилда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғармадан 800 миллион сўм кредит олиб қурган эдик, – дейди хўжалик раҳбари Камолиддин Фаёзов. — Йил бошида помидорнинг янги навидан  эккан эдик, ҳосилдорлик мўл бўлди. Биринчи ҳосилнинг ўзиданоқ 40 тоннадан ошиқ помидор олдик ва АҚШ доллари миқдорида даромад қилдик. Такрорийга ҳам айни экинни экмоқчимиз. Августда кўчат қадасак, ноябрга бориб маҳсулотни бемалол бозорга олиб чиқсак бўлади.

Поп жавоҳири

“Поп жавоҳири” фермер хўжалиги тумандаги ғалла режасини биринчилардан бўлиб бажарди, 71 гектар ерининг 34 гектарига ғалла экиб, 70 центнер ҳосил олди. Қарабсизки, давлат хирмонини 140 минг тоннага бойитди. Бўшаган майдоннинг 25 гектарига ерёнғоқ, 5 гектарига сабзи, 4 гектарига мош қадади.

- Иқлимидан келиб чиқиб ер ёнғоқни кўпроқ экдик. Сабаби, у сувсизликка чидамли, четга ҳам экспорт қилмоқчимиз, – дейди фермер Жавоҳир Юсупов. – Имкониятлардан фойдаланиб, хўжалигимизни кўп тармоқлига айлантириш ниятидамиз. Ҳозирданоқ 60 бош қўй, 20 бош қорамолни парваришлай бошладик.

 Мурувват қил, ёришсин кўнгил

Ишчи гуруҳ йўл-йўлакай туманда жойлашган Эркаклар мурувват уйида ҳам бўлишди. Мақсад бу ерда тарбияланувчилар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш эди.  Амалий мулоқотдан сўнг эсдалик совғалар топширилди.

-Халқимиз савобталаб, кўнгилга шу мақсадда йўл топишга интилишади, – дейди ушбу маскан директори Моҳиниса Марипова. – 350 ўринга мўлжалланган муассасамизда 300 ортиқ ногиронга 150 нафардан ортиқ шифокор ва ишчи ходимлар хизмат қилмоқда. 70 нафар ишчи-ходимларимиз O‘zLiDeP аъзоси. Бугунги учрашувдан кўпчилик мамнун бўлди. Туманимиздан сайланган депутатлар ва партия фаоллари ҳам йил давомида тез-тез келиб хабар олишади, ота-она, оила муҳитидан узоқдаги шикаста қалбларга меҳр-мурувват кўрсатиб, совға-саломлар беришади.

Бир маҳалла – бир маҳсулот

Попликлар томорқачиликда ҳам уста экан. Бешкапа маҳалла аҳли ана шундай деҳқонлардан чиқди, бирор қарич ери йўқки, бўш турган бўлса.

– Маҳалламизда 735 та хонадон бўлиб, уларда 4 250 нафар аҳоли истиқомат қилади, - дейди маҳалла раиси Сотиболди Султонов. – Ҳозирда 60 фоиз хонадоннинг 2 сотихдан 6 сотихгача иссиқхонаси бор. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида асосан помидор ва бодринг етиштиришади. Асосий даромадлари шундан.

70 ёшли Мамасоли ота Қамбаров ерсиз туролмайди.

- Томорқамиз 25 сотих, – дейди отахон. – 8 нафар фарзандимга ёшлигидан ерга меҳр беришга ўргатдим. Меҳнат қилса, бировдан кам бўлмаслигини уқтираман. Картошка экиб йиғиб олдик, ўрнига помидор, булғор қалампири, сабзи, пиёз, кўчат экдик. 8 сотихини иссиқхона қилиб, помидор эккандик, март ойидан бошлаб ҳосилни сотиб рўзғорни бутлаб келяпмиз. Ўрнини бодринг экишга тайёрлаяпман. 2 сотихда 2 500 та помидор кўчати экиб сотдик. 10 қути асаларимиз бор. Минг туп бодом кўчати ҳам экдим, донасини 10 минг сўмдан сотмоқчиман. Узумзорда Ризамат ота, кетмон даста, чилиги, кишмиш, ҳусайнилар етиляпти. Умуман олганда йиллик даромадимиз 40-50 миллионга боради-ёв...

Шу маҳаллалик Исроил Мадраҳимов ҳам 5 сотихли иссиқхонасида 11 йилдан буён помидор ва бодринг етиштириб, мўмайгина даромад қилиб келмоқда. Асосан помидор ва бодринг экилади, йилига 20-30 миллион сўм даромад олинади. “Шунинг орқасидан тўй қиляпмиз, машина олдик, иморат солдик, чиройли умргузаронлик шу эмасми, болам”, дейди отахон мамнун жилмайиб.

Ишлаган энди тишлайди

Яширмаймиз, уқувсизликданми, тажриба мактаби кўришмаганиданми, томорқасининг умрини бекор ўтказиб келаётган ёки қўл учида деҳқончилик қилаётганлар ҳам йўқ эмаскан.

Афсуски, Кичиктошбулоқ маҳалласида эътиборсизликдан қаровсиз ётган айрим томорқаларга қараб шундай хулосага келдик. Маҳалла ёнидан ариқ тўла сув оқиб ўтса-да, 10 га яқин янги хонадонга тегишли ер майдони ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

- Шу маҳаллада бир неча йиллардан буён истиқомат қилиб келаман, – дейди иккинчи гуруҳ ногирони Неъматжон Суқматов. – 4 сотих томорқамни яшнатиш учун қудуқ қазиб, насос орқали сув чиқариб олдим. Сабзавотларимиз яшнаб ётибди, ана қаранг. Томоша қилиб дилим яшнайди, кайфиятим кўтарилади, шукр қиламан. Тўрт мучаси соғ бўлиб томорқасидан самарасиз фойдаланиб келаётган қўшниларимни кўриб ачиниб кетаман. Сув йўқ деган баҳоналар билан ерни ташлаб қўйишган...

Ишчи гуруҳ ҳолатни бартараф этиш мақсадида барча мутасадди ташкилотлар раҳбарларини ўша жойнинг ўзига жалб этди. 10 та аҳолининг қаровсиз ери шудгорланди, экин учун ер ҳозирланди. Ердан самарасиз фойдаланиб келаётган соҳиблари тегишли жаримага тортилиб, огоҳлантириш берилди.

Шўрқишлоқ маҳалласидаги “Тошбулоқ” МЧЖ қошидаги ёрдамчи хўжаликнинг 12 гектар ғалладан бўшаган ери ҳам такрорий экин экилмасдан бўш ётган экан. Ишчи гуруҳ назоратида бу ер ҳам техника ёрдамида шудгорланди. Сўнг 9 та кам таъминланган оилага ва айни хўжаликнинг 16 нафар ишчисига 20-30 сотихдан такрорий экин экиш учун бўлиб берилди.

Калвакнинг бодоми ва гилосига хорижликлар харидор

Тўрақўрғон тумани аҳолиси асосан боғдорчилик билан машғул экан.  Калвак маҳалласидаги ҳар бир хонадонга кирганимизда бодом, гилос, хурмоларнинг шохлари ҳосилдан ерга тегай дейди.  Калвакнинг бодом ва гилосига вилоятлардан ташқари Россия ва Қозоғистондан талаб катта, кўп маҳсулот ўша ёққа экспорт қилинади. Ўз ҳалол меҳнати мевасини элга тутиб ва бунинг ортидан рўзғорини бутлаб келаётган инсонларга ҳар қанча раҳмат айтсак кам. Қолаверса ёши улуғларимиз топиб айтганидек, турмушнинг чиройлиги меҳнатдан келаётган бойликдадир!

Юлдуз ЮЛДАШЕВА,

O‘zLiDeP Наманган вилоят кенгаши

матбуот хизмати котиби

  • Кўрилди
    1219
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+