O‘zLiDeP ва депутатлик бирлашмалари олдига қандай вазифалар қўйилди? (+Видео)

28.06.2019, 19:18

O‘zLiDeP ва депутатлик бирлашмалари олдига қандай вазифалар қўйилди? (+Видео)

2019 йил 28 июнь куни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасидан келиб чиқувчи O’zLiDeP олдида турган долзарб вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашган тадбирда давлатимиз раҳбари нутқида баён этилган долзарб вазифалар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Ўз навбатида маърузадан келиб чиқиб, партия олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли, ҳаётий ислоҳотларни амалга оширишда миллий парламентимиз – Олий Мажлис ва унинг юқори палатаси бўлмиш Сенатнинг алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлашди. Зеро, миллий парламентимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий салоҳиятини амалда намоён этадиган, халқ манфаатларининг чинакам ифодачиси ва ҳақиқий ҳимоячиси бўлган катта кучдир.

Қайд этилганидек, барча соҳалар қатори кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни замонавий уй-жойлар билан таъминлаш бўйича янги тизим яратилди. Ана шу тизим асосида 1 минг 564 нафар хотин-қизлар нафақат уй-жойга, балки иш ўринларига ҳам эга бўлдилар.

Бугунги кунда опа-сингилларимиз жамиятимиздаги ҳар бир соҳада ўз фидоийлиги ва садоқати билан меҳнат қилиб, юксак марраларга эришиб келмоқдалар. Хусусан, олий вакиллик органи ҳисобланган Олий Мажлис Сенатида – 17 нафар сенатор, Қонунчилик палатасида – 21 нафар депутат аёллар фаолият олиб бормоқда. Маҳаллий кенгашларда эса, халқ вакилларининг 23 фоиздан зиёдини хотин-қизлар ташкил этади. Мингдан ортиқ аёллар маҳалла фуқаролар йиғинини бошқариб келмоқда.

Шундай бўлсада, шиддат билан кечаётган давр бугун барчамизнинг олдимизга янги-янги талабларни қўймоқда. Айниқса, жамиятимизда хотин-қизлар фаоллигини янада ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун имконият яратишни талаб этмоқда.

Президентимиз томонидан айни шу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузасида парламентда ва маҳаллий Кенгашларда аёллар улушини кўпайтириш, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида нодавлат ташкилотларнинг иштирокини фаоллаштириш ҳамда аёлларни иш билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш каби бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис Сенатида янги тузилма – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузиш таклифи илгари сурилди. Бу тузилма, албатта, мамлакатимиз ҳаётида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга кенг имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда сўзга чиққан депутатлар давлат раҳбари томонидан қўйилаётган ушбу устувор вазифалар ниҳоятда ўринли эканлигини алоҳида қайд этишди. Зеро, жойларда O‘zLiDeP депутатлик корпусининг сайловчилар билан мунтазам равишда ўтказаётган учрашувлари, олиб бораётган ўрганишлари давомида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрнини мустаҳкамлаш, бу борада мавжуд қонунчилик тизимини янада такомиллаштириш йўналишида қилиниши керак бўлган ишлар талайгина эканлиги маълум бўлмоқда. Шу маънода депутатлар бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун бугунги глобаллашув жараёнида янада фаол ва ташаббускор бўлиши талаб этилади. Айниқса маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантиришнинг янгича механизмларини ҳаётга татбиқ этиш зарур.

Депутатлар маърузада илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этиб, ҳар бир моддаси тўғридан-тўғри ишлайдиган, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчилик туғдирмайдиган халқчил қонунлар яратилишида муносиб ҳисса  қўшишни таъкидлашди.

Шунингдек, тадбир давомида Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги маърузаси ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, партия олдида турган бир қатор муҳим вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, жойларда, қонунчилик ижросини таъминлашда парламент ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш, чекка-чекка ҳудудларда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, ишбилармонлик, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали тадбиркорликка кенг жалб қилиш, аёлларининг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари, жамоатчилик ташкилотларига номзод сифатида  кўрсатиладиган аёллар билан ишлашга қаратилган “Замонавий аёл – бунёдкор етакчи” лойиҳасини амалга ошириш ва сиёсий жараёнларда опа-сингилларимизнинг фаоллигини ошириш мақсадида амалий семинар тренинглар ташкил этиш каби вазифалар белгилаб олинди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1562
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+