Матбуот котиблари мавқеи янада оширилади

01.07.2019, 16:56

Матбуот котиблари мавқеи янада оширилади

Бундан бир неча ой олдин устоз журналистлар томонидан матбуот хизматлари фаолиятидаги сусткашликлар борасида танқидий-таҳлилий руҳдаги мақолалар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган эди. Бироз вақт ўтиб, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъуллари янги лойиҳа ишлаб чиқиб, барча давлат ва маҳаллий ҳокимият органларида матбуот хизматини самарали йўлга қўйиш ҳамда матбуот котибларининг мавқеини ошириш бўйича таклиф билан чиқди. Бунинг натижаси ўлароқ, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор айни муддао бўлди.

Мазкур  қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб борилади. Илгари ҳам бундай ахборотлар берилган. Аммо энди бунинг қамрови ва кўлами янада кенгаяди. Аҳолининг мазкур ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари томонидан чиқарилаётган қарорлардан бохабарлиги ортади.

Баъзан одамлар билан мулоқот қилганимизда аксарият фуқароларимиз ўзларини қийнаётган муаммоларнинг қайси ташкилот орқали ҳал этилиши мумкинлигини билишмайди. Бунга сабаб эса ташкилот ва корхоналар, мажмуаларнинг вазифалари ва амалга ошираётган ишлари хусусида мунтазам ва тезкор равишда тўлиқ ахборот бериб бормаслигига бориб тақалади. Мазкур қарор билан ушбу муаммоларга ҳам барҳам берилади.  

Матбуот хизмати ходимлари ўзи ишлаётган давлат органи ёки ташкилот ҳақида ахборот бериб бориш орқали унинг ўзига хос имиджини ҳам яратади. Ҳатто аҳоли орасида ижтимоий сўровлар ўтказиб, жамоатчиликнинг фикрини билиш орқали ташкилот ва корхоналарнинг фаолиятига, яъни ўз-ўзига баҳо беради. Шунга қараб, ваифалар белгилайди, режалар тузади. Ахир кўпчиликнинг фикри орқали йўл қўйилаётган камчиликларни тузатиш имкони пайдо бўлади.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан лавозимга тайинланади. Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади. Бу матбуот котибининг мавқеини оширади. Демак, ўз мавқеига эга ва молиявий жиҳатдан ҳам яхши ҳақ олган матбуот котиби, табиийки, эркин ва зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажаришга киришади.

Яна бир гап. Матбуот котиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади ва ҳар уч йилда аттестациядан ўтказилади. Бу ҳам матбуот котибларининг ўз устида доимий ишлаб, изланишлари, журналист сифатида жамиятдаги воқе-ҳодисалардан ҳам воқиф бўлиб боришларини тақозо этади.

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

O'zLiDeP Сурхондарё

вилоят кенгаши

матбуот котиби

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    230
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+