Томорқадан фойдаланишда бепарволикка йўл йўқ

02.07.2019, 10:12

Томорқадан фойдаланишда бепарволикка йўл йўқ

Халқимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхши даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Бешариқ, Қува сингари туманлари қишлоқларида кўплаб оилалар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, оиласини фаровон қилмоқда, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда. Аммо, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Тошлоқ туманида бўлиб, аҳоли томорқаларидаги ҳолат билан танишди. “Заркент”, “Ахшак”, “Арабмозор” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида кафтдек ердан салмоқли даромад олаётган юртдошларимизнинг меҳнати эътироф этилди. Ўрганиш давомида аниқланган бир қатор камчиликлар жойида бартараф қилинди.

Бугун ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган киши томорқасидан унумли фойдаланиб, баракага эришмоқда. Фақат ҳаммаси мақсаднинг тўғри қўйилгани ва ерга бўлган муносабатга боғлиқ. Уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган “Ахшак” маҳалла фуқаролар йиғинида бу борада яхши ишлар йўлга қўйилган. Аксарияти томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, ундан самарали фойдаланмоқда. Аҳоли, айниқса, кўкат, лимон, помидор, булғор қалампири, бодринг етиштириш ҳадисини олган. Ғайратжон Исақов, Норматжон Исақов, Жалолиддин Омонов, Бахтиёр Орипов кабиларнинг тажрибаси, эришган ютуқлари маҳалладошларга ўрнак бўлаётир.

Ушбу маҳаллада яшовчи Адҳамжон Ҳошимовлар оиласи томорқадан унумли фойдаланишда кўпчиликка ибрат. Хонадон эгалари томорқада асосан карам, помидор, кўкат етиштиради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йил томорқадан 100 миллион сўмдан зиёд фойда олинди.

- Иссиқхонада 300 минг тупдан ортиқ карам кўчатини етиштириб, сотдик, – дейди А. Ҳошимов. – Айни кунларда очиқ майдонда помидор, кўкатлар етиштирмоқдамиз. Келинларим, фарзандларим ёнимда. Ҳозир шунинг орқасидан рўзғоримиз бут. Невараларимни ўқитяпман. Оиламиздаги файз-барака ҳаммаси ҳалол меҳнатимиздан. Худога шукр, юртимиз тинч-осойишта бўлгач, орзу-ниятларимиз амалга ошади-да. Фақат хоҳиш ва истак бўлса, бўлгани. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Бу имкониятларимизни янада кенгайтиради.

Ишчи гуруҳ “Хотинқуми” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлганида, бу ерда Э. Каримовнинг хонадонидаги томорқа қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилганини гувоҳи бўлди. Хонадон эгаси “сув йўқлигини” баҳона қилиш билан чекланди. Аммо бу маҳаллада меҳнат қилиб, томорқадан яхши даромад олаётган оилалар анчагина экан. Ишчи гуруҳ аъзолари томорқадан фойдаланиш борасида ўз тавсияларини берди. Ишчи гуруҳ ўрганиш давомида тумандаги оилаларнинг аксарияти томорқадан яхши фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.

Тумандаги “Шифо” фермер хўжалиги ғалладан бўшаган 29 гектар ерга такрорий экин экиш ишларини олиб бормоқда. Айни кунларда 5 гектар ерга соя экилган бўлиб, парвариш ишлари олиб борилмоқда. Қолган экин майдонига эса сабзи, картошка, кўкат ва ўзининг чорваси учун озуқа экинларини экишни режалаштирмоқда.

Қўштепа туманида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Аҳолининг аксарияти узум етиштиришда яхши тажриба яратганини алоҳида таъкидлаш лозим. Узумнинг ўзидан ҳар бир оила йилига 5-10 миллион сўм даромад олмоқда.

“Йўлдошобод” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Толибжон Мамадалиев томорқасида гул етиштириш ҳадисини олган. Айни кунларда бу ердан 300 хилдан ортиқ гуллар парваришланмоқда.

– Томорқа – катта хазина,  – дейди Т. Мамадалиев. – Фақат ундан оқилона фойдаланса, яхши даромад олиш мумкин. Дастлаб иш бошлаганимда гул етиштириш қийин, қандай бўларкан деб ўйлагандим. Меҳнатимиз зое кетмади. Оила аъзоларимиз билан бирга гулчиликда яхши тажрибани ярата олдик.

Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар давомида бу каби оилаларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш тадбирлари белгиланди, томорқадан самарали фойдаланмаётган оилаларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Тумандаги 1 минг 500 дан зиёд кам таъминланган оилаларга фермерларнинг ғалла ҳосили йиғиштириб олинган майдонларидан экин экиш учун 776 гектар ер ажратиб берилди. Ер олган оилалар помидор, карам, қалампир, дуккакли экинлар экмоқда.

Шунингдек, ишчи гуруҳ Риштон туманидаги Қайрағоч маҳалласида бўлиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатларини обдан ўрганишди. Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган  Қодиржон ака Ҳўжаматов маҳалла ёшларига, жумладан, ҳудуддаги ишсиз фуқароларга томорқадан унумли фойдаланиш бўйича ўз тажрибаларини ўртоқлашди.

- Ҳозирда томорқамизда узум, олма, ўрик каби мевалар, шунингдек, карам, булғорқалампир, қалампир, помидор ва турли кўкат маҳсулотлари мавжуд. Биз қишнинг совуқ кунларидаёқ эрта баҳор тадоригини, мўл ҳосил етиштиришга пухта ҳозирликни бошлаймиз, – дейди Қ.Ҳўжаматов. – Томорқамиз 20 сотихни ташкил қилади. Эрта баҳорда 5 сотихга кўкат етиштириб, бозорга сотдик. Унига ўрнига такрорий карам экдик. Қолган 5 сотих ерга помидор, 5 сотихга эса иссиқдан сақлаш учун маккажухори ораларига булғор қалампир экканмиз. Асосий даромадимиз мана шу томорқамиздан бўлиб, оиламиз фаровонлигини таъминлаб келяпмиз. Кўплаб шогирдларим бор, улар ҳам бизнинг томморқамизга келиб, 2-3 мартадан ҳосил олиш сирларини ўрганиб кетишяпти. Меҳнат қилган ҳечқачон кам бўлмайди, дастурхони тўкин-сочин бўлади.

Ишчи гуруҳ ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлаш экиш ҳолатини ўрганишлари давомида вилоятнинг қайси бир туманига ташриф буюрилмасин, аайрим фермер хўжаликлари белгиланган экин экиш ўрнига чорва учун озуқа экилган ҳолатларга ҳам дуч келишди. Бундай ўзбошимчалик билан қилинган салбий ҳолатларни олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар ва фермерларга тегишли чоралар кўрилди.

  • Кўрилди
    2220
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+