Халқ билан мулоқот узлуксиз давом этаверади

02.07.2019, 14:47

Халқ билан мулоқот узлуксиз давом этаверади

Кейинги йилларда партиямиз фаолиятида шаклланган ўзига хос иш услубларидан бири – ҳудудларда уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзидан келиб чиқиб, бевосита ўзлари билан бамаслаҳат мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, қисқача айтганда, аҳоли дардига дармон бўлишга интилишдан иборат.

Аввал хабар қилганимиздек, шу йилнинг 17-21 июнь кунлари O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг ҳудудий ташкилотлари ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш учун яна ҳудудларга чиқишди. Навбатдаги учрашувлар жараёнида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда 400 тадан хонадонга кириб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари аниқланган муаммоларни чуқур ўрганиб, туман ва вилоят даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирокида керакли чораларни кўрдилар. Ўрганишлар давомида ҳар бир туман, шаҳарда 20 тадан корхона ва ташкилотга кириб борилди. Бунда асосий эътибор бўш турган бинолар, хусусий тиббиёт объектлари, маҳаллий хомашё­ни қайта ишлайдиган корхоналар, умуман, муаммоли тадбиркорлик субъектларига қаратилди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан маҳаллий кенгаш депутатларига бириктирилган инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши, бу жараёнда депутатлар томонидан амалга оширилган ишларга холисона баҳо берилди. Президентимизнинг вилоятларга ташрифи чоғида белгилаб берилган устивор вазифалар ижроси ҳамда ёшлар сиёсатига доир 5 та муҳим ташаббуснинг ҳудудлардаги амалиётга татбиқи юзасидан депутатлик назоратини юритиш ҳолати таҳлилий-танқидий нуқтаи назардан сарҳисоб қилинди. Камчиликларни бартараф этиш масалаларини ўз ичига олган аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Минг марта эшитган бефойда

Одамлар билан яқиндан мулоқотда бўлмасдан туриб, фақат қоғозларда қайд этилган маълумотлар билангина жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга, мавжуд муаммоларга,  кенг жамоатчилик ўй-фикрларига, энг муҳими, аҳоли кайфиятига баҳо бериб бўлмайди.

Жиззах вилоятида ишчи гуруҳ 5200 дан ортиқ хонадон эгалари билан мулоқотда бўлди. Суҳбатлар давомида аҳоли томонидан 580 дан ортиқ турли йўналишдаги масалалар тилга олинди. Шундан 74 таси жойида ҳал қилинди. Беихтиёр ўйга толасан киши. Ахир, одамлар билан юзма-юз гаплашиш, муаммоларини ўрганиш, ечимини топиш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга яқиндан кўмакдош бўлиш жойлардаги секторлар, “Халқ қабулхоналари” ҳамда  мутасадди ташкилотларнинг энг муҳим вазифаларидан саналади-ку. Улар зиммасидаги вазифаларни бажармаяпти, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ, афсуски, ҳамон жойларда ечимини кутаётган муаммолар бисёр. Масалан, биргина Зарбдор туманидаги мулоқотлар давомида одамлар томонидан газ, электр, ичимлик суви таъминоти бўйича 78 та, йўллар таъмири бўйича 2 та, соғлиқни сақлаш тизими бўйича 4 та, банк кредитлари бўйича 2 та, кадастр масалалари бўйича 6 та, моддий ёрдам бўйича 6 та муаммо кўтарилди. Кўпгина ҳолларда мутасадди ташкилотлар бу муаммолардан бохабарлиги, аксарияти ҳал қилинаётгани ёки келгусидаги дастурларга киритилгани ҳам маълум бўляпти.

Эътибор берганмисиз, ҳар қандай хайрли ташаббус халқ кўнглидан жой олса, орзу-интилишлари билан ҳамоҳанг бўлса, тез орада анъанага айланиб, бутун мамлакат бўйлаб қулоч ёзади. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг кун сайин оммалашиб бораётганига асл сабаб ҳам шунда. Ишчи гуруҳ аъзолари шу йўлдаги  саъй-ҳаракатлар билан танишиш жараёнида кўплаб ёш маслакдошларимиз нафақат амалга оширилган ишлар ҳақида тўлқинланиб гапирдилар, балки янги таклифларни ҳам ўртага ташладилар. Жумладан, йигит-қизларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари  ҳамда олий ўқув юртлари талабалари ўртасида республика даражасида ташкил этиладиган танловлар сонини кўпайтириш лозимлиги таъкидланди. Ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароит яратиш мақсадида жамғарма ташкил этиш ва жамғарма ҳисобидан ёшлар учун спорт майдончалари қуриш ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш таклифи илгари сурилди. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш мақсадида жамғарма очиш ҳамда жамғарма ҳисобидан ҳар бир туманда кечаю кундуз фаолият юритадиган иккитадан кутубхона ташкил этиш ғояси ҳам кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланяпти.

Ишчи гуруҳ аҳоли муаммоларини ўрганиш билан бирга туман ва шаҳарлардаги 260 та корхона ва ташкилот фаолияти билан танишди. 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши муносабати билан O‘zLiDeP Жиззах  вилоят Кенгаши томонидан ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар умумлаштирилиб, ҳаётга татбиқ қилинишига кўмаклашиш учун  24 нафар вилоят Кенгаши депутати ҳамда 115 нафар туман (шаҳар) Кенгаши депутати лойиҳаларга  бириктирилганди. 2019 йил 1 июнь кунига қадар бажарилган ишлар ўрганилди. Жиззах вилоятида 2019-2020 йилларда амалга оширилиши белгиланган инвестиция лойиҳалари жами 660 тани ташкил этиши, шундан 88 таси ишга тушгани, 2 та лойиҳа истиқболсиз деб топилгани, қолганлари эса муддат якунига қадар бажарилиши маълум бўлди. Инвестиция лойиҳалари ижроси юзасидан депутатлик назоратини янада кучайтиришга келишиб олинди.

O'zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1069
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+