Амалий ёрдам ишончни оширади

02.07.2019, 15:04

Амалий ёрдам ишончни оширади

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъул ходимлари, депутатлардан ташкил топган ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги 6 минг хонадонда бўлиб, аҳолининг яшаш шароити, тадбиркор ва фермерларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. Аҳоли, хусусан, тадбиркор ва фермерларни қийнаб келаётган 100 дан ортиқ муаммо жойида бартараф этилди. Ҳар бир туман ва шаҳарда 20 тадан корхона, ташкилот, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчилик ва нуқсонлар ҳамда қонунбузилишлар тўғрисида мутасадди идораларга депутатлик сўровлари киритилди.  Қамаши туманида, мана, уч йилдирки, туризмни ривож­лантириш борасида ижобий ишлар кўзга ташланмоқда. Ҳудудда кўп­лаб муқаддас қадамжолар, сўлим масканлар бор. “Бинокор” хусусий корхонаси томонидан Лангар ота зиёратгоҳи яқинидаги 2 гектар майдонда сўлим боғ ва 24 ўринли меҳмонхона барпо қилиняпти. Бироқ меҳмонхонани жаҳон стандартлари даражасида қуриш ва жиҳозлаш учун тадбиркор маблағ масаласида қийналаётган экан. Партиямиз вакиллари унга молиявий ресурслар ажратилишида кўмак беришди.

Маҳматқобил Норқобилов сув ванналари учун мосламалар ишлаб чиқаришни  йўлга қўйган. Фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида замонавий гидромассаж ванналар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ўз маблағидан ташқари банкдан 500 миллион сўм кредит олишни мўлжаллаяпти. Тадбиркор баъзи муаммоларни ҳам тилга олди. Иш фаолиятини бошлаганига уч йил бўлса-да, ҳамон ижарада ишлаётган экан. Ишчи гуруҳи кўмагида туманда бўш турган бино унга ноль қийматда бериладиган бўлди.

Алишер Алибоев 30 сотих майдонда ёшлар, асосан абитуриентлар учун 3 қаватли инновацион марказ барпо этяпти. Қурилиш ишлари якунланган, аммо бинони замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун тадбиркорнинг маблағи етмаётган экан. Мини ўйингоҳлар, фитнес заллари, компьютер хоналари ва бошқаларни ташкил этиш учун 1 миллиард сўм сармоя зарур. Ишбилармонга ана шунча миқдордаги кредит ажратилишига ишчи гуруҳ ёрдамлашди.

Нишон туманидаги “Пахтазор”, “Ойдин” ва “Наврўз” МФЙ ҳудудидаги қишлоқлар аҳолиси билан ишчи гуруҳи аъзоларининг жонли мулоқоти савол-жавобларга бой бўлди. Одамларни ташвишлантираётган 59 та долзарб масала юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, мутасаддиларга сўровномалар юборилгани ҳам эътиборга молик. Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш депутатлик назоратига олиниб, 14 хонадонга янги газ баллонлари тарқатилди.

Чироқчи туманининг “Олмазор”, “Ҳумо” маҳалла фуқаролар йиғинларида уюштирилган суҳбатларда одамлар томонидан асосан ишсизлик муаммоси тилга олинди. Аҳолининг иш билан таъминланганлик даражасини ошириш учун томорқадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, лалми деҳқончиликка асосланган деҳқон ва фермер хўжаликларига қўшимча ер ва кредитлар ажратиш лозим, деган хулосага келди. Бу борада мутасаддилар билан аҳолининг мулоқоти ташкил этилди. 

– Қишлоғимизда O‘zLiDeP депутатлари ташаббуси билан ўтган йили 3 та артезиан қудуғи ишга туширилиб, деҳқонлар учун қулайлик яратилган эди, – дейди Ғузор туманидаги Ярғунчи қишлоғида яшовчи Музаффар Абдусатторов. – Қиш­лоққа сув келгач, одамлар томорқа хўжалигидан самарали фойдаланиб, яхшигина даромад қила бош­лаганди. Аммо бу йил артезианлар тўсатдан ишламай қолди. Биттасини партия ишчи гуруҳи кўмаги ва депутатлар ҳомийлигида ишга туширдик. Қолганларини ҳам созлаш юзасидан ҳаракат бошланди. 

Сафдошларимиз Шаҳрисабз шаҳ­ридаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига киритилган “Тепарлик”, “Дўстлик”, “Кушхона” маҳаллаларидаги 400 дан ортиқ хонадон соҳиблари билан ҳам суҳбатлашди. Мулоқотлар асносида ечимини кутаётган талайгина муаммолар борлиги аниқланди. Ичимлик суви ва табиий газ таъминоти, йўлларни таъмирлашга доир масалалар юзасидан депутатлик сўровлари юборилди.

Шаҳрисабз туманининг “Пахтазор”, “Ойдин” ҳамда “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли билан мулоқотларда ҳам талай муаммолар кўтарилди. Уларни ҳал қилиш бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун мутасаддилар билан касаначилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Туризм тараққиётига туртки берувчи лойиҳалар кўриб чиқилди, жумладан, табиат қўйнида меҳмонхоналар ва оромгоҳлар қурилишига халал бераётган омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича ишлар бошланди. 

Қамашидаги “Азза парранда” корхонасида етиштирилган гўшт маҳсулотлари совуткич йўқлиги боис Самарқанддаги музхоналарда сақланяпти. Бу эса турли қийинчилик­ларни келтириб чиқаряпти. “Ғузор эшиклари” хусусий корхонаси раҳбарининг айтишича, ишлаб чиқарилаётган эшиклар учун харидор йўқ. Ваҳоланки, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар қурилаётган барча бинолар учун эшикларни Тошкентдан келтиришяпти. Нишон тўқимачилик фабрикаси тўхтаб қолган, қайтадан ишга тушириш зарур. Шу сингари ўнлаб йирик муаммолар ишчи гуруҳи назоратига олиниб, мақбул ечимлар топишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш режаси тузилди.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1240
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+