Муаммо кўп, ечим ҳам кам эмас

02.07.2019, 15:07

Муаммо кўп, ечим ҳам кам эмас

Самарқанд вилоятида ишчи гуруҳ томонидан партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари фаолияти танқидий йўсинда кўриб чиқилди. Партия маҳаллий кенгашларининг моддий-техник аҳволини яхшилаш, аъзолар сафини кенгайтириш, бошланғич ташкилотларни  кўпайтириш ва тарғибот материаллари билан таъминлаш, O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари фаоллигини ошириш борасида қилинаётган ишлар атрофлича ўрганилди. Шу масалаларга бағишланган йиғилишлар ўтказилиб, партия фаолларининг таклифлари асосида бажарилиши зарур вазифалар белгилаб олинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги энг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларига ҳам кириб борди. Хусусан, партиямиз вакиллари Ургут эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрди. Директор ўринбосари Абдуғаффор Мадаров сафдошларимиз билан суҳбатда Сариқтепа ЭИЗга олиб борувчи йўл нобоп ҳолатда экани, чала қурилган заводларнинг кадастри, шунингдек, ичимлик суви билан боғлиқ масалалар тадбиркорларнинг тўлақонли фаолиятига халақит бераётганини таъкидлади.

– Албатта, бу муаммолар бир кунда ҳал бўлмайди. Бирлашган ўзар деганларидек, мавжуд камчиликларни ҳамжиҳатликда ҳал эта оламиз, – дейди А. Мадаров. – Шу боис O‘zLiDeP ишчи гуруҳи аъзолари билан доимий мулоқотда бўлиб туришга келишиб олдик. Кези келганда яна бир гап. Ургут ЭИЗга темир йўл олиб келинса, ҳудуддаги кўплаб тадбиркорларнинг оғири енгил, узоғи яқин бўларди. Нега деганда, темир йўл тадбиркор учун хавфсиз, арзон ва қулай  транспорт ҳисобланади. Ушбу масала бўйича мутасадди идораларга таклифларимизни тайёрлаб, ишчи гуруҳга тақдим этдик.

Республика даражасидаги ташкилотларга партиямизнинг парламентдаги депутатлари томонидан мазкур муаммо юзасидан сўров киритиш белгиланди.

 Жомбой туманидаги “Эски Жомбой” маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Жаҳонгир Жабборов ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўради. Унинг таъкидлашича, туман ҳокимлигига мурожаат қилган, аммо ҳалигача натижа йўқ. Туман ҳокимлиги Ж. Жабборов навбатда тургани, шу йилнинг 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан аравача топширилиши режалаштирилганини ишчи гуруҳга маълум қилди. Ушбу масала депутатлик назоратига олинди.

Каттақўрғон туманидаги “Шербек мустаҳкам бетон” МЧЖ раҳбари Ш. Ўктамов ишчи гуруҳга корхона билан боғлиқ муҳим масалада мурожаат қилди. Маълум бўлишича, туманда бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона мавжуд эмас. Бундай маҳсулотлар Самарқанд шаҳридан ёки Навоийдан келтириляпти. Мазкур  корхона Россиядан бир суткада 600 м3 бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ускунани олиб келиб ўрнатиш бўйича шартнома тузган. Лекин заводни тўла ишга тушириш учун қўшимча 700 минг АҚШ доллари талаб этилмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 23 май куни қабул қилинган “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра  соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга 6 та йўналишда имтиёзли кредит ажратиш белгиланган. Корхона раҳбари ушбу имтиёзли кредитни олишда кўмак сўради. Ишчи гуруҳ аъзолари масалани атрофлича ўрганиб, ҳужжатларни парламент қуйи палатасидаги O‘zLiDeP фракциясига тақдим этди.

Ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятининг 36 та МФЙ ҳудудидаги 6 578 та хонадонга кириб борди ва аҳоли муаммоларини ўрганди. Ҳозирда мазкур масалалар умумлаштирилиб, уларни ҳал этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Партиямиз вакиллари 304 та корхона ва ташкилотларда ҳам бўлиб, 47 та муаммони аниқладилар. Ушбу масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари жўнатилди.

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят кенгаши

матбуот хизмати

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    920
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+