Инсон манфаатларидан муҳимроқ масала йўқ

02.07.2019, 15:08

Инсон манфаатларидан муҳимроқ масала йўқ

– Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган бугунги сиёсатда халқ билан яқин мулоқотда бўлиш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшаш, муаммоларига ечим излаш устувор аҳамият касб этяпти, – дейди O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати, пойтахтимизда фаолият олиб борган партия ишчи гуруҳи раҳбари Тўрабек Назаров. – Ўз-ўзидан аёнки, айниқса, сиёсий партиялар мазкур масалага жуда катта эътибор қаратиши лозим. Одамлар билан ишлаш механизмини самарали йўлга қўя олган партиягина жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, таъсир кучи ошади. Шу боис партиямиз нафақат ўз электорати, балки кўмакка муҳтож барча фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш учун бутун салоҳиятини ишга соляпти. Натижада бизни қўллаб-қувватловчилар, дастурий ғоя ва мақсадларимизга хайрихоҳлик билдираётганлар тобора кўпаймоқда.

Дарҳақиқат, партия ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар жойларда ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўплигини кўрсатди. Танаси бошқа дард билмас, деганларидек, айрим мутасадди раҳбарларнинг ўз вазифасига лоқайдлик, масъулиятсизлик билан ёндашаётгани ҳам кўзга ташланди. Зеро,  талай шикоятларнинг маҳалла, туман миқёсида ҳал қилиниши имкони мавжуд. Масалан, пойтахтимизнинг “Ёшлик шаҳарчаси”даги А. Хўжаева кўчаси 2-уй 6-хонадонида яшовчи Зулфия Жалолова лифтнинг тез-тез бузилиши оқибатида, айниқса, кексалар ва ногиронлар қийналаётганини маълум қилди. Ҳолбуки, тегишли тўловларнинг барчаси ўз вақтида тўланмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари саъй-ҳаракатлари натижасида бу камчилик тезда бартараф этилди. 

Шаҳарчадаги “Хислат”, “Шифокорлар”, “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 60 дан зиёд хонадон эгалари билан юзма-юз мулоқот ўтказилди, аниқланган муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, ечимини топиш борасида изланишлар олиб борилди.

Яккасарой туманидаги “Шоҳжаҳон” ва “Ракат” маҳаллаларида бўлиб ўтган учрашувларда жадал амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Yoshlar – kelajagimiz” ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурлари доирасида ишбилармонлик билан шуғулланмоқчи бўлган ёшларга, оилаларга имтиёзли кредитлар ажратилиши, янги иш ўринлари яратиш борасидаги имкониятлар хусусида маълумот берилди. Расмиятчилик­лардан холи тарзда ўтказилган мулоқотда фуқаролар ўзларини ўйлантираётган муаммоларни ҳам баён қилишди.    

Нигора Авулова кўп йиллардан буён беш фарзанди билан бир хонали уйда яшайди. Албатта, кенг-мўл уйга кўчиб ўтишни жуда хоҳлайди. Аммо бу истак ушалмас орзу бўлиб қоляпти. Ишчи гуруҳ ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитасига бу оилага кўп хонали уй ажратиш юзасидан тавсиянома йўлланди.  

Татьяна Троценко ёлғиз яшайди, имконияти чекланган – юра олмайди. Шундай бўлса-да, негадир шу пайтгача унга нафақа белгиланмаган экан. Партиямиз ишчи гуруҳи аралашгач, қарияга ногиронлик аравачаси берилди, шунингдек, туман пенсия жамғармаси томонидан нафақа тайинланди.

Шайхонтоҳур туманида ҳам ишчи гуруҳ аъзолари меҳнат муносабатлари ва ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш ва коммунал соҳа билан боғлиқ муаммолар ечими бўйича тизимли иш олиб боришди. “Чорсу”, “Қоратош”, “Белтепа” маҳаллалари асосан кўп қаватли уйлардан иборат. Шу боисдан бўлса керак, одамлар кўпроқ коммунал соҳага алоқадор масалалардан сўз очишди. Куз-қиш мавсумида иситиш тизимларининг яхши ишламаслиги, лифтларнинг доимо носозлиги, уй ертўлаларида сув тўпланиши сингари камчилик-нуқсонлар тилга олинди. Бу масалалар “Чорсу коммуналчи” ва “Қоратош коммуналчи” хусусий уй-жой мулк­дорлари ширкати раиси Абдумурод Сафаров иштирокида муҳокама қилиниб, тезда ечим топиш юзасидан ишлар бошланди.  

Олмазор туманидаги “Истиқбол” маҳалласида икки йил аввал сартарошхона, новвойхона, турли устахоналар, савдо дўконлари ва идорани ўз ичига олган гузар қурилиши бошланган, маҳалла аҳли бундан севинган эди. Лекин тадбиркор ваъдасида турмади – гузар ўрнига бир неча қаватли уй тиклана бошлади. Одамларнинг эътирозлари туфайли қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилганди. Ишчи гуруҳ мазкур масалага ойдинлик киритиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилди, айни кунларда махсус комиссия иш олиб бормоқда.

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар кенгаши

матбуот хизмати

 

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1128
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+