Баҳона ўрнига чора топиш керак

02.07.2019, 15:11

Баҳона ўрнига чора топиш керак

Шундай ташаббускор ва ташкилотчи инсонлар бўладики, қаерга раҳбарлик қилмасин, жамоани янги-янги зафарлар сари ундаб, амалий ишлари билан барчага намуна кўрсатади. Ҳали кўп бўлмади, яқиндагина O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси сифатида иш бошлаган Шуҳрат Турсуновни кабинетидан топиш мушкул. Қачон қўнғироқ қилсангиз, воҳанинг қайси бир туманида аҳоли муаммолари билан шуғулланиб юрган бўлади. Ташкилий-партиявий, ғоявий-сиёсий ишлар бугунги замон талаблари даражасида ташкил этиляпти, асосийси, партия вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, БПТ етакчилари ва фаоллар зиммадаги вазифаларга масъулият билан ёндашмоқдалар.

Ҳа, бугун партия ходимлари, депутат ва фаоллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни жадаллаштириш, эл-юрт фаровонлиги йўлидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида тер тўкяпти. Улар одамлар орасида, халқнинг дарду ташвишлари билан яшамоқдалар, тўпланиб қолган муаммоларни партиявий таъсир чоралари, ҳомийлар кўмагида, баъзан ўз ташаббуслари билан бартараф этмоқдалар. “Баҳона эмас, чора топиш керак!” деган шиор бугун барчани огоҳликка, изланишга даъват этаётгандек, назаримда.

Шуҳрат Турсунов берилган топшириқни жиддий назорат қилишга одатланган. Бугун сафдош­ларимиз томонидан вилоят аҳолиси ўртасида кенг кўламдаги тушунтириш – тарғибот ва ташкилий-партиявий ишлар олиб борилмоқда. Натижада партия сафлари жонкуяр ва ташаббус­кор ёшлар ҳисобига тўлдирилиб, сиёсий кучга бўлган ишонч янада мустаҳкамланаётир. Яхшиси, қуйидаги рақамларга эътибор берайлик. Бундан роса бир ой муқаддам вилоятда 1 030 та бошланғич партия ташкилоти фаолият олиб бораётгани қайд этилганди. Май ойида уларнинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Пахта етиштириш кластер тизимига ўтилаётгани, фермер хўжаликларининг оптималлаштирилиши, айрим фермер хўжаликлари ва корхона, ташкилотларнинг тугатилаётгани боис 90 та қуйи бўғин ўз фаолиятини тўхтатган эди.  Шуҳрат Турсуновнинг ташаббуси билан қоғозда фаолият олиб бораётган айрим БПТлар ўрнига бошқа фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, маҳалла ва корхоналарда бошланғич партия ташкилотлари очилди.

“Қарши ғишт саноати” масъулияти чекланган жамияти, “Зармас шифо” хусусий клиникаси, “Тоҳир транс” хусусий корхонаси, Қарши халқаро аэропорти, вилоят кардиология маркази, банд­лик ва иқтисодиёт бошқармаларида ташкил этилган БПТлар шулар жумласидандир. Тарғибот ва ташвиқот ишлари натижасида партия сафлари
1 722 нафарга кўпайиб, айни пайтда аъзолар сони 61 минг 707 нафарга етди. Қуйи бўғин фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш учун кўргазмали воситалардан унумли фойдаланиш керак. БПТ бурчаги кўпайиб, кўргазмалар билан бойитилмоқда. Бир ойда 200 та шундай стенд яратилди. Йил охирига қадар барча БПТлар ана шундай тарғибот воситалари билан таъминланади.

Илғор БПТлар тажрибасини оммалаштириш яхши самара бермоқда. Амалий ишлари билан барчага ўрнак бўлиб келаётган бундай қуйи бўғинлар етакчилари билан амалий мулоқотлар ташкил этила бошланди. Вилоятнинг турли бурчакларидан келган етакчилар иштирокидаги учрашувлар фаолиятни жонлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. “Муборакнефтгаз” МЧЖ, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Муборак ГҚИЗ, “Шўртангазкимё” мажмуаси, “Шўртаннефтгаз” МЧЖ, Яккабоғ геология физика экспедицияси, Қарши ёғ-экстракция заводи қошидаги бош­ланғич ташкилотларда бўлиб ўтган тадбирлар шулар жумласидандир.

– Вилоят ҳокими билан вилоятимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли хонадонларида бўлиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб боряпмиз, – дейди Шуҳрат Турсунов. – Зафар Рўзиев бир ой давомида юзлаб хонадонларда бўлиб, одамлар билан дилдан суҳбатлашди, ёшларга китоб ва нетбуклар совға қилди. Боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг ҳолидан хабар олиб, оилавий тадбиркорликка йўналтириш мақсадида парранда, чорва моли, уруғлик ва молиявий кўмак беряпмиз. Китоб туманидаги Деновбола, Ботмон, Жовуз, Миришкор туманидаги Чандир, Помуқ, Яккабоғ туманидаги Ажрим, Чуброн қишлоқларида бўлиб, аҳолининг турмуш шароитлари, бандлигини ўргандик. Ўттиздан ортиқ оилага молиявий ёрдам берилди. Ўндан ортиқ ногиронларга аравача ва бошқа тиббий ускуналар олишларида кўмаклашдик. Қишлоқ одамлари юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлардан мамнун. Уларга озгина эътибор қаратилса, молиявий ёрдам ажратилса, ҳаёти фаровонлашиб кетиши аниқ. Ана шундай муҳим вазифаларни бажаришда партиямиз фаоллари, депутатларимиз ташаббус кўрсатишлари керак. Мана бир ярим ойдирки, ўнга яқин тадбир ташкил этдик. Аммо мен билган ва яхши таниган депутатларни ўша анжуманларда кўрмадим. Демакки, бу йилги сайловларда уларнинг ўрнига сиёсий фаол, мамлакатдаги ислоҳотларда ўзини масъул деб биладиган, эл дарди билан яшайдиган жонкуяр инсонларни номзодликка кўрсатишимиз керак экан.

Бугун вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари доирасида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари вилоят Кенгаши, депутатлар назоратида турибди. Улар деярли ҳар кун олиб борилаётган ишлар билан танишиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашмоқдалар. Нишон туманидаги Талимаржон шаҳарчасидаги Обод, Дўстлик, Тинчлик ва Оби ҳаёт маҳаллаларида 2 204 хонадонда 9 минг 506 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бундан ўттиз йил муқаддам қурилган кўп қаватли уйларда аҳолининг яшаши учун шароит йўқ. Канализация тизими деярли ишдан чиққан, автомобиль тураргоҳи ва болалар ўйингоҳлари бунёд этилмаган. 1 минг 759 нафар ўқувчи таҳсил оладиган, деярли харобага айланиб улгурган 4-мактабнинг аҳволига қараб бўлмайди. Уни капитал таъмирлаш ва қўшимча 216 ўринли янги бино қуриш режалаштирилди. 2 та мактабгача таълим муассасалари ҳам қайта таъмирланиши керак.

– Бугун чегара ҳудудида жойлашган, эътибордан четда қолган бу шаҳарча замонавий қиёфа касб этиши учун кенг кўламда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, –дейди Шуҳрат Турсунов. – Ободонлаштириш ишлари ҳақида депутатларимиз ҳар куни кенгашга маълумот бериб туришибди. Шаҳарча аҳолиси билан мулоқотлар ташкил этилиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб, халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашлари сессияларига масала киритиш юзасидан ишлар бошланган. Мутасаддиларга юборилган ўндан ортиқ депутатлик сўровлари шаҳарча аҳолиси турмуш фаровонлиги ва бандлигини оширишга яқиндан ёрдам беришига ишонаман.

Бугун вилоятда ташаббускор партия фаоллари сони кун сайин ортмоқда. Уларнинг ибратли ишлари партия электорати ва аҳоли ўртасида оммалаштирилмоқда. Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги раиси Иброҳим Холиёров аҳоли бандлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаоллардан. У вилоятда илк бор туяқуш боқишни йўлга қўйди. Эндиликда унинг ташаббусини бутун вилоятга ёйиш, туяқушларни кўпайтириб, бутун вилоятдаги фермер хўжаликларига тарқатиш борасида амалий ишлар бошланди. Партиянинг Китоб туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Ғулом Узоқов аҳоли ўртасида томорқа хўжалигини ривожлантириш борасидаги тарғибот ишларида фаол қатнашиб келяпти. Ўзининг икки сотихли иссиқхонасида БПТ етакчилари ва ёшлар ўртасида амалий мулоқотлар ўтказиб, тўпланганларга илғор тажрибаси ҳақида сўзлаб беради.

Косон туман Кенгаши аппарат раҳбари ўз ҳисобидан мактаб кутубхонасига 500 минг сўмлик китоб совға қилди.

Бугун чинакамига изланиб, янгиликларни фаолиятига жорий этиб борган сиёсий кучгина эл назаридан қолмайди, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватловчилар сони кун сайин ортиб бораверади.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    257
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+