Тадбиркорлик - фаровон турмуш асоси

05.07.2019, 10:02

Тадбиркорлик - фаровон турмуш асоси

O`zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши томонидан “Гулистон Мед техника” МЧЖ ҚКга “Тадбиркорлик – фаровон турмуш асоси” мавзусида ёшлар саёҳати уюштирилди. Гулистон шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, партия фаоллари, тадбиркорлар, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган йигит-қизлар иштирок этган тадбирда қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳоли бандлигининг таъминланишига хизмат қилмоқда.

- O`zLiDeP партиявий лойиҳалар, семинарлар, мастер класслар, давра суҳбатлари, саёҳатлар ва бошқа турли хил тадбирларни ўтказиш орқали ишбилармонликнинг янада кенг қулоч ёйишига, аҳоли бандлигини таъминлашга муайян ҳисса қўшиб келаяпти,-дейди Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Акмал Убайдуллаев.- Бугун қўшма корхонага ёшлар саёҳатини уюштиришдан  мақсад ва муддаомиз ҳам ёшларни меҳнат орқали даромад топишга қизиқишларини кескин оширишга қаратилган.

Иштирокчилар катта мамнуният билан танишиб чиқишган “Гулистон Мед техника” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада асосан бир маротабалик тиббий буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Йиллик қуввати  216 миллион донани ташкил қилувчи корхонада асосан 3 хил – инфузион системалар, шприц ва пешоб қопчалари ишлаб чиқарилади.

Лойиҳа қиймати 7,3 миллион долларни ташкил қиладиган корхонада
 167 нафар ишчи-ходим бандлиги таъминланган. Корхонанинг йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил қилиб, ишлаб чиқарилган маҳсулот қўшни Қозоғистон давлатига экспорт қилинади.

Айни пайтда корхонада ишлаб чиқариш ҳажмини янада кенгайтириш ва ишчилар сонини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йилнинг охирига қадар Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида 5 миллион доллар миқдоридаги асбоб-ускуналар олиб келиниши режалаштирилган.

2020 йилнинг учинчи чорагига бориб янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга туширилиши муносабати билан  бир маротабалик тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ҳажми 450 миллион донага етказилади.

Тадбир сўнггида йигит–қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Давра суҳбати қизиқарли, мазмунли, савол-жавобларга бой ўтди.

 Лола КЕНЖАЕВА,

O`zLiDeP Гулистон шаҳар Кенгаши

Аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    1068
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+