Сурхондарёнинг ишбилармон аёллари кимлар?

05.07.2019, 17:32

Сурхондарёнинг ишбилармон аёллари кимлар?

Ишбилармон аёл. Бу атамани эшитишимиз биланоқ кўз олдимизга ғайратли, шижоатли, иродаси мустаҳкам, тадбирлилиги билан  жамиятнинг фаол иштирокчисига айланган замонавий аёл қиёфаси келади. Қувонарлиси, бугун хотин-қизларимизга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар натижасида уларнинг сафи кенгаймоқда.

“Ишбилармон аёл-2019” кўрик-танловининг Сурхондарё вилояти босқичида воҳа ишбилармон аёлларининг янги қиёфаларини кашф этдик.

Унда кўрик-танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар тадбиркор аёллар иштирок этди. Дастлаб, иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ҳакамлар ҳайъати уларнинг  хотин-қизлар учун қўшимча иш ўрни яратилгани, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида татбиқ этиб келинаётган янги инновацион ғояларини алоҳида эътиборга олиб, адолатли баҳолашди.

- Корхонамиз асосан, ташқи реклама билан шуғулланади, — дейди “Офсет Сурхон” масъулияти чекланган жамиятининг ёш раҳбари Мафтуна Ҳамидбоева. — Қолаверса, ёнувчи чироқлар, баннерлар, пештоқ ёзувлари, арка, бўртма ҳарфлар, реклама шитлари каби маҳсулотларни ҳам ишлаб чиқарамиз ва буюртма асосида мижозларимизга етказамиз. Яқинда футболка, кепкалар ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз.  15 нафар ўзим каби ёшни иш билан таъминлаганман.  Бундан ташқари, буюртмалар кўпайганда 60-70 тагача ёлланма ишчи кучидан ҳам фойдаланаман.

Эндигина 24 ёшни қаршилаган Мафтуна Ҳамидбоеванинг шаҳар архитектурасига доир қатор лойиҳалари ҳам бор. Улар орқали ёш тадбиркор танловларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.

- Асли касбим ўқитувчи, аммо мана 6 йилдирки тадбиркорлик билан шуғулланаман, — дейди “Денов Хазина” оилавий корхонаси раҳбари Муяссар Алимардонова. — Аммо тадбиркор бўлишим ҳам осон бўлмаган. Дастлаб, тикувчиликни қунт билан ўргандим. Кейин ички кийимлар тикишни бошладим. Бир йилгача маҳсулотларимни сота олмай қийналганман. Шунга қарамай, ортга чекинмадим.  Мана, ҳозирда мен ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг харидори кўп. Аста-секинлик билан тикувчилик цехини ҳам кенгайтириб, замонавий ва миллий либослар, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, дастурхонлар ҳам тикишни йўлга қўйдим. Бугун корхонамизда 30 киши меҳнат қилади.

Муяссар Алимардонова бундан ташқари, уйда гулчилик, паррандачилик ва чорвачилик билан ҳам шуғулланишади. Зеро, меҳнатни севган кишининг рўзғорида барака бўлишини, бундай оилада фарзандлар ҳам меҳнатсевар бўлиб улғайишини у киши яхши англайди.

Кўрик-танловда ана шундай ишнинг ўзини эмас, кўзини билган аёлларимизни кўриб, биз ҳам қувондик. Чиндан ҳам инсоннинг имконияти, иқтидори чегараланмаганлигига, агар у истаса, ҳамма нарсани уддалашига амин бўлдик.

Кўрик-танловда ҳар бир иштирокчи 10 балли баҳолаш мезонига асосан баҳоланди.  Натижаларга кўра, 1-ўрин Термиз шаҳридан Мафтуна Ҳамидбоевага, 2-ўрин деновлик Муяссар Алимарддоновага, 3-ўрин эса Маҳлиё Турдимуродовага насиб этди. Ғолиблар партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.  Шунингдек, яна 5 нафар иштирокчи турли номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.

- Айтиш керакки, бугун O’zLiDePнинг саъй-ҳаракати билан тадбиркор аёллар қўллаб қувватланиб, уларнинг муаммоларига ечим топишда яқиндан кўмак берилмоқда, — дейди  O’zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши Аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Матлуба Жўраева. — Жойларда хонадонларга кирганимизда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида юрганларга уларнинг тажрибаларини ўрнак қилиб кўрсатаяпмиз. Қолаверса, “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг юқори савияда ўтишига, унда партиянинг фаол тадбиркор, фермер ва ҳунарманд аёллари ўзаро тажриба алмашишларига ҳам имкон яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Бу эса  Сурхон воҳасида мамлакат иқтисодиётига  ўз улушини қўшаётган хотин-қизларимиз сафи ортишига хизмат қилишига ишонамиз.

O’zLiDeP Сурхондарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1073
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+