Ёшларни жиноят содир этишга нима мажбур қиляпти?

05.07.2019, 17:33

Ёшларни жиноят содир этишга нима мажбур қиляпти?

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят ва Қарши шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда вилоят ИИБ Ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғи Носир Назаровнинг ҳисоботи тингланди.

Н.Назаровнинг айтишича, бугун вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва бу борадаги камчиликларни бартараф этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Огоҳлик-давр талаби” мавзуларида ўтказилаётган қатор тадбирлар натижасида вилоят ҳудудидаги 768 та маҳаллалардан 536 тасида жиноят содир этилмаган.

“Инсон тинч ва хотиржам яшашни хоҳлайди. Тинчлик бўлган жойда барака ва ривожланиш бўлади. Бироқ олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай баъзи ҳудудларда жиноят-қидирув йўналишидаги айрим жиноят турларининг сони ошиб бораётгани ташвишли ҳолдир. Шу боис, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш фаолиятини янада такомиллаштириш, барча тегишли тузилмалар раҳбар ва ходимларининг масъулиятини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб боряпмиз. Амалга оширилаётган тезкор-профилактик тадбирлар эса ўз самарасини бермоқда”, – дейди Н.Назаров.

Йиғилишда сўз олган халқ ноиби Абдусалим Мўминов кейинги пайтда вилоятда жиноятларни камайишида Ички ишлар ходимларининг меҳнатини  алоҳида эътироф этиб, ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 “Тинчлик-осойишталик бўлган жойдагина кексаю-ёш фароғатда яшайди, оилаларда қут-барака бўлади,  – дейди А.Мўминов. – Аммо кейинги пайтда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши амалий ишлар олиб борилса-да, камчиликлардан батамом ҳоли бўла олганимизча йўқ.  Шундай экан, ҳар биримиз бундай ноҳуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган амалий ишларга бирдек қайғуришимиз, ҳаракат қилишимиз даркор”.

Йиғилишда шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларининг ҳам ахбороти эшитилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.

 Тўлқин ТУРДИЕВ,

 O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1120
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+