O‘zLiDeP фракциясининг 2019 йил олти ойи давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди

05.07.2019, 17:37

O‘zLiDeP фракциясининг 2019 йил олти ойи давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди

2019 йил 5 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси томонидан журналистлар учун брифинг ўтказилди. Унда фракциянинг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти юзасидан ахборот берилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ролини оширишга доир ваколатларни кенгайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Унга мувофиқ, фракция аъзолари иш режасини такомиллаштириш билан бирга, депутатлар ўртасида ҳамда жойлардаги вакиллик органларида мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиш, амалий чоралар дастурини ишлаб чиқишга катта эътибор қаратилди.

Шунингдек, партиянинг депутатлик корпуси олдида турган энг муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг 2019 – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлари «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифаларнинг ижроси таъминлаб борилмоқда.

Ўтган даврда O‘zLiDeP фракцияси қонун ижодкорлиги жараёнига алоҳида эътибор қаратди, 10 та қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилди. «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ҳукумат аъзоларининг парламент олдидаги масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг ўтган даврида бир қатор вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари фракцияга бириктирилган қўмиталар ҳамда фракция йиғилишларида мунтазам равишда парламент назорати доирасида эшитилди. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Молия, Инвестиция ва ташқи савдо, Халқ таълими вазирликлари, бир қатор давлат қўмиталари, Марказий банк, Қишлоқ қурилиш инвест компанияси ва бошқа ташкилотлар мутасаддилари ахборот берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида «Ҳукумат соати» ўтказилиб, давлат идоралари раҳбарлари ва вазирларнинг ахборотларини эшитиб бориш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Хусусан, O‘zLiDeP фракциясининг ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни доирасида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида бизнес субъектларини жойлаштириш, уларга имтиёз ва преференциялар беришни ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ҳақидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг ахбороти эшитилди.

O‘zLiDeP фракцияси аъзолари ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайловчилар билан учрашувларни ташкил этиш амалиётидан самарали фойдаланмоқдалар. Аҳоли блан ўтказилаётган тизимли мулоқотлар натижасида ҳудудларда олиб борилаётган ишларнинг ҳақиқий ҳолатини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

Фракция аъзолари томонидан бу даврда ҳудудларда аҳоли билан 1267 та учрашув ўтказилди, уларда 50 мингдан зиёд сайловчи қатнашди. Учрашувлар жараёнида 5828 нафар тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Депутатлар 4496 та объектга ташриф буюрди, улардан 2753 та хонадон, 910 та ижтимоий объектлар ва 833 та маҳалла фуқаролар йиғинлари сирасига киради, фуқаролар қабулхоналарида 4599 нафар фуқаро қабул қилинди.

Аҳолидан келиб тушган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли соҳаларига тааллуқли жами 3756 та мурожаатнинг 1607 таси (42,7 фоизи) жойида ҳал этилган бўлса, 1791 та мурожаат депутатлар томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 385 таси бўйича республиканинг тегишли идораларига ёзма равишда тақдим этилди.

Бунинг натижасида эса, жорий йилнинг ўтган даврида O‘zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан турли вазирлик, идора ва ташкилот раҳбарларига жами 163 та депутат сўрови юборилди. Бу 2017 йилга нисбатан 2, ўтган йилга нисбатан эса, 3 баробар кўп.

Ҳисобот даврида юборилган депутат сўровларининг 139 тасига (85,2 фоиз), ўтган йилнинг шу даврида юборилган 55 та депутат сўровларининг 30 таси (54,5 фоиз)га ҳамда 2017 йилнинг мос даврида юборилган 88 та депутат сўровларининг 62 таси (70,4 фоиз)га тегишли тартибда жавоблар олинди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида O‘zLiDeP фракцияси қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслардан жами 100 га мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми Қонунчилик палатасининг ваколат доирасига кирмайдиган масалалар бўлгани сабабли тааллуқлиги бўйича тегишли давлат органларига юборилган ва ижроси назоратга олинган.

Шунингдек, фракцияси аъзолари томонидан Қонунчилик палатасининг жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш хонаси (фуқаролар қабулхонаси)да 450 дан зиёд фуқаро қабул қилинди. Бу жараёнда фуқаролардан суд қарорлари ва суд ҳукмидан норозилиги, тадбиркорлик ва фермер хўжалиги фаолиятини олиб боришда юзага келган муаммолар ва шу каби бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди, шунингдек, уларга хусусий тадбиркорлик ва фермерлик соҳасидаги фаолият бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.

Брифингда давомида фракция фаолиятини ОАВда ёритилиши ҳақида сўз юритилиб, амалга оширилаётган ишларни, хусусан қабул қилинаётган қонунлар мазмун-моҳияти, уларнинг жойлардаги ижросини халқимизга тўғри ва ҳаққоний тарзда етказишда ОАВ вакиллари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг ўтган даврдаги фаолиятига бағишланган ахборот маълумот учун қабул қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар белгилаб олиниб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    260
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+