Ҳарбий хизматни ташкил этишдаги янгиликлар фуқароларга имконият ва қулайликлар яратади

11.07.2019, 10:30

Ҳарбий хизматни ташкил этишдаги янгиликлар фуқароларга имконият ва қулайликлар яратади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 28 ноябрда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни давр талаби даражасида ташкил этиш вазифалари белгилаб берилган эди. Ушбу вазифалар ва Президентимизнинг бу борадаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасига киритилди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олишга доир сарф-харажатларни камайтириш, фуқароларга имконият ва қулайликлар яратиш, чақирув комиссиялари томонидан қабул қилинадиган қўшимча қарорларни қабул қилиш каби ўзгартиш ва қўшимчалар қонунда ўз аксини топган. Хусусан, муддатли ҳарбий хизматни оддий аскарлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар, шу жумладан, олий маълумотли шахслар учун муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун – ўн икки ой қилиб белгиланмоқда. Мазкур ўзгартиш билан олий маълумотга эга бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш натижасида лавозимларни уч ой давомида бўш (вакант) бўлиб қолиши ҳолатларига барҳам берилади. Бунинг натижасида қўшинларнинг жанговар шайлиги янада ошади, Қуролли Кучлар резервидаги ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий тайёргарлик даражаси юқори бўлишига эришилади.

Шу билан бирга, муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун ўн икки ой қилиб белгиланиши, уларнинг касбий тайёргарлигини янада юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади ҳамда Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг ягона муддати ўрнатилишини таъминлайди.

Президентимизнинг “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш ишлари эндиликда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида эмас, балки мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларида амалга оширилади. Мазкур вазифа ижроси юзасидан қонунга чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги марказларда тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ўзгартишлар киритилмоқда.

Амалдаги қонунда фуқароларни чақирув участкаларида қайд этиш муддати апрель-июнь ойларида ўтказилиши белгиланган. Таклиф этилган ўзгартиш муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш тадбирларининг февраль-март ойларидан март-апрель ойларига кўчирилиши сабабли, ўсмирларни чақирув участкаларида қайд этиш муддатини ҳам апрель-май ойларида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, фуқаролар таълим муассасаларининг битирувчи синфида чақирув участкасида қайд этилган тақдирда, улар 18 ёшга тўлиш арафасида бўлиб, тиббий кўрик натижалари бўйича келгусидаги режаларини (муддатли ҳарбий хизматга бориш, СЧР хизматга ўтиш, олий ўқув юртларида ўқиш) белгилаб олишига имконият яратилади.

Бундан ташқари, фуқароларнинг тиббий хулосалари янги бўлгани сабабли Қуролли Кучлар тузилмалари (МВ, ИИВ, ФВВ, ДХХ, МГ) режимли қисмларига номзодларни саралаб олиш даврида дастлабки тиббий кўрикни ўтказишга ҳожат қолмайди.

Яна бир масала чақирув тадбирлари билан боғлиқ бўлиб, бу тадбирларнинг қиш даврида ўтказилиши чақирув ва йиғин пунктлари хоналарида белгиланган иссиқлик ҳароратини таъминлашда қатор қийинчиликларнинг юзага келиши ҳамда сарф-харажатларнинг ортишига олиб келар эди. Тиббий кўрикка келган чақирилувчиларнинг чўмилиши учун иссиқ сув билан таъминлаш чақирув пунктларидаги асосий муаммо бўлиб, бу борадаги камчиликлар йилдан-йилга такрорланиб келарди. Аксарият ҳолатларда ноқулай об-ҳаво шароити узоқ ҳудудларда яшовчи чақирилувчиларни ўз вақтида чақирув ва йиғин пунктларига етиб келишларига қийинчилик яратиб, қиш мавсумида эса, узоқ ҳудудларда яшовчи чақирилувчиларнинг чақирув тадбирларида тўлиқ иштирок этишини қийинлаштирар эди.

Чақирув даврининг қиш мавсумидан баҳор мавсумига март-апрель ойида ўтказилиши натижасида чақирув ва йиғин пунктлари хоналарини иситишга сарфланадиган сарф-харажатлар тежалади, хоналарни иситиш, чўмилиш учун иссиқ сув билан таъминлаш каби муаммолар бартараф этилади, қўшинларга юборилаётган фуқаролар учун қулай шароитлар ҳамда узоқ (тоғли) ҳудудларда яшовчиларнинг чақирув ва йиғин пунктларига ўз вақтида тўлиқ етиб келиш имконияти яратилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият 
ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунининг 20-моддасида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақириш давомида чақирув комиссиялари томонидан 27 ёшга тўлган фуқароларни Қуролли Кучлар захирасига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши кўзда тутилмаган бўлиб, амалда чақирув комиссиялари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишига зарурат мавжуд эди. Қонунга таклиф этилган ўзгартиш натижасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борадаги амалиёт билан мувофиқлаштирилмоқда.

Халқ тилида 1 ойлик хизмат деб айтиладиган сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ташкил этишда ҳам аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қонуннинг 21-моддасига ўзгартиш киритилмоқда. Бунда олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида таҳсил олаётган талабалар ўз розиликлари билан сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиниши мумкинлиги, бундай талабалар ойлик ҳарбий йиғинларни ўташга йилнинг июль-август ойларида, яъни ўқув таътиллари давомида жалб этилиши кўзда тутилган.

Қонунга киритилаётган ушбу ўзгартиш олий таълим муассасалари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган чақирув ёшидаги фуқаролар 
ва уларнинг ота-оналаридан бўлаётган кўплаб шу мазмундаги мурожаатларни ижобий ҳал этади. Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка асосан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига 27 ёшгача бўлган фуқароларнинг олиниши белгилаб қўйилгани, кўрсатилган тоифадаги фуқаролар олий таълим муассасасини тамомлагунига қадар 27 ёшга тўлиб қолиши инобатга олинган ҳолда, улар учун ҳарбий хизматни ўташда қўшимча имконият, Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташига шароит яратади.

Хулоса қилиб айтганда, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунга киритилиши таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Қуролли Кучларимизнинг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни давр талаби даражасида ташкил этиш имконини беради.

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    1324
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+