Мустақиллик — буюк ва бебаҳо неъмат

11.07.2019, 17:38

Мустақиллик — буюк ва бебаҳо неъмат

Мана йигирма саккиз йилдирки, мустақил юртимизда ушбу қутлуғ кунни катта қувонч ва тантана билан кутиб олиш эзгу қадриятга айланган. Бунда давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан қабул қиладиган қарорлари муҳим дастуриламалдир.

Бинобарин, яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилинди. Унда муқаддас байрамимизни муносиб кутиб олиш учун ҳамда “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган эзгу ғоя ўзида мужассам этган кенг кўламли тайёргарлик ишлари, устувор вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу қарор мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигини нишонлашда аниқ вазифалардан келиб чиққан ҳолда муносиб тайёргарлик кўришимизда, гўзал, кўркам шаҳар ва қишлоқларимизда байрамни бутун халқимиз билан муносиб кутиб олишимизга дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ҳар биримизнинг эришган ютуқларимиздан ғурурланиш билан бирга, мамлакатимиз келажаги учун масъулиятимизни оширишга, ҳар бир инсоннинг юрт келажаги ва гуллаб-яшнаши учун бефарқ бўлмасликка ундайди.

Ўтган даврга назар соладиган бўлсак, юртимиз мустақилликка эришганидан кейинги давр мобайнида юртимизда улкан ишлар амалга оширилди. Шу давр мобайнида янги авлод камолга етди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик, шунингдек, масъулият туйғуси сезиларли равишда ўсди. Бугун биз эришган юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар эса юртимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.

Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб истиқлолимизнинг 28 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали нишонлаш йўлида кенг тайёрганлик ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир юртдошларимиз қалбида юртимизнинг улуғ байрамига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга қаратилган эзгу ҳаракат бор десак, муболаға бўлмайди. Чунки бизнинг олдимизга қўйган мақсадларимиз аниқ, у ҳам бўлса юртимизда халқимиз учун порлоқ келажак яратиш, халқаро майдонда мавқеимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни, халқимизнинг осуда ҳаётини, гўзал ва бетакрор Ватанимизни, чегараларимизнинг дахлсизлигини кўз қорачиғидек асраб -авайлашимиз зарур. Зеро, юртимиздаги тинчлик, хотиржамликни қадрига етиш ҳар биримизнинг ўз ишимизга масъулиятни янада оширишни, фаолиятимизда бунёдкорлик сари интилишни  тақазо этади.

 Эркин Холбўтаев,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги O'zLiDeP

фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    2604
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+