Навоийлик фермерлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экиб, қўшимча даромад олмоқда

11.07.2019, 18:52

Навоийлик фермерлар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экиб, қўшимча даромад олмоқда

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, бир қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи Навоий вилоятида ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш ишларини ўрганди.

Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг барча туманларида бўлгани каби Кармана туманида ҳам ғалладан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва фермерлар ҳамда аҳоли томонидан такрорий экин экиш жараёнлари билан танишди.

Маълумотларга кўра, жорий йилда туманда 7371 гектар майдонда ғалла ҳосили ўриб-йиғиб олиниб, шундан 4740 гектар майдонга такрорий экин экиш режалаштирилган. Айни пайтда бошоқли дон ҳосили ўриб-йиғиб олинган ерларни сомондан тозалаш, пешма-пеш шудгорлаш ва экин экиш учун тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозиргача белгиланган ер майдоннинг 72 фоизига такрорий экин экиш ишлари бажарилди. Хусусан, 2460 гектарга сабзавот, 1102 гектарга дуккакли, 1064 гектарига тариқ, қолган ерларга полиз, кунгабоқар, шоли ва озуқа экилиши мақсад қилинган.

– Бу йил 40 гектар майдонда ғалла етиштириб, 65 центнердан ҳосил олдик, – дейди Кармана туманидаги “Ахмад Санжар” фермер хўжалиги бошлиғи М. Хаитов. – Ҳозирда ғалладан бўшаган 15 гектар ерга сабзи, 5 гектарига қизил лавлаги, 2 гектарига шолғом, 1 гектарига тарвуз экдик. Такрорий экин экиш биз фермерларга яратиб берилган катта имконият бўли, қўшимча даромад манбаига айланди. Бу йилги такрорий экиндан 50-60 миллион сўм қўшимча даромад олишни мақсад қилганмиз.

Ишчи гуруҳ ушбу тумандаги “Севолтепа Раззоқи” фермер хўжалигини кўздан кечирганда ғалладан бўшаган ер майдонига пешма-пеш такрорий экин экилаётган жараёни гувоҳи бўлишди.

- Фермер хўжалигимизга тегишли 130 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 32 гектарига ғалла эккан эдик, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Абдураззоқ Ризаев. – Жорий йилги ғалладан 71 центнердан ҳосил олдик. Кўриб турганиздек сомондан тозаланган ерга сабзи, лавлаги, шолғом маҳсулотлари экиляпти. Ерни шудгорлаш, экин экишга мўлжалланган техникаларимиз бор. Такрорий экин экиб, даромадимиз йилдан йилга ошиб боряпти. Ўтган йили ҳам турли сабзавот маҳсулотлари етиштириб, олинган даромадимизга маҳсулотларни сақлаш учун 100 тонналик музлатгич, омборхона қурдик.

Ушбу ҳудудда фаолият кўрсатиб келаётган “Кармана туман томорқа хизмати” МЧЖ аҳоли томорқалари ва фермерларга кўчат ва уруғлар етказиб беришга яқиндан кўмакчи бўлмоқда.

- Томорқа хизматимиз 2018 йил август ойида фаолияти йўлга қўйилган эди, - дейди МЧЖ раҳбари Самар Ахмедов. – Фермерларга такрорий экин экиш учун сабзавот ва дуккакли экинлар экиш учун уруғини етказиб беряпмиз.  Бундан ташқари фермерларга ҳосилни йиғиштириб олиш, экин экиш учун техникаларимиз хизмат кўрсатиб келади. Бу йилги ҳосил учун фермерлар билан 600 миллион сўмлик шартномалар имзоладик. Маҳсулотларни сақлайдиган музлатгич ва омборхоналаримиз ҳам мавжуд.

Ишчи гуруҳ Навбаҳор туманида ҳам такрорий экинлар экиш ишлари яхши ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Бугунги кунда тумандаги 8682 гектар ердаги бошоқли дон йиғиштириб олиниб, сомондан тозалаш ва шудгорлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу майдонларнинг 5442 гектарига сабзовот ва дуккакли экинлар экишга ҳозирланиб, ерга уруғ қадашга киришилган.

– Ғалладан бўшаган ерларнинг 7743 гектарига такрорий экин экиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Навбаҳор тумани кенгаши раиси Жўрабек Худойбердиев. – Жумладан, бу майдонларнинг катта қисмига яъни 2556 гектарига тариқ ва кунжут, 1256 гектарига сабзавот, 1506 гектарига мош, 2045 гектарига озуқа экинлар экиш режалаштирилган ва бу ишлар ҳозирда давом этмоқда. Такрорий экинларни экиш учун керакли миқдорда уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш материаллари захираси яратилган.

Ушбу тумандаги “Салимчўли” фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш ишларини жадаллик билан бошлаб юборган.

- 51,9 гектар ер майдонига экилган ғалла ҳосилини йиғиб олдик, - дейди фермер хўжалиги раҳбари Салим Чўлиев. – Ушбу бўшаган ерга такрорий экин учун шудгорлаш, экин экиш ишлари олиб бориляпти. 10 гектарига мош, 8 гектарига тариқ, 1 гектарига тарвуз, 1 гектарига сабзи экдик. Ишчиларимизнинг 15 нафарига 1 гектардан, кам таъминланган оилаларнинг 7 нафарига 0,5 гектардан ер ажратиб бердик. Ерни шудгорлаб беришдан тортиб экин экишгача кўмаклашяпмиз. Мақсадимиз уларнинг ҳам оиласи фаровонлигини таъминлаш, даромадини ошириш.

Ўрганишлар жараёнида ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам борлиги кўзга ташланди. Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва секторлар раҳбарларига кўрсатма хатлар юборилди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом этади.

  • Кўрилди
    2094
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+