Яна бир янги қонун кучга кирди

12.07.2019, 11:51

Яна бир янги қонун  кучга кирди

ёхуд давлат-хусусий шериклик муносабатларининг ҳуқуқий асослари хусусида

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, қулай инвестицион муҳит яратиш, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар фаол ишбилармонлар синфини шакллантиришга кўмаклашмоқда. Бунда мутлақо янги ва самарали, шиддатли давр талабларига тўлиқ жавоб берадиган институционал асосларни амалиётга тадбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.

 Ана шундай замонавий институтлардан бири сифатида давлат-хусусий шериклик муносабатларини келтириш мумкин. Мазкур тамойил бугунги кунда кўплаб ривожланган давлатларда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг қўлланилиб, ижобий самара бермоқда. Давлат-хусусий шериклик муносабатлари давлат монополияси сақланиб қолган коммунал тизим, шаҳарсозлик ва ободонлаштириш, йўл хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳаларда фойдаланилиши мумкин. Айрим мамлакатлар қонунчилигида бу тартиб ҳатто жазони ижро этиш муассасаларига ҳам татбиқ этилиши белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик муносабатлари инвестициялар кўпайишига, тадбиркорлик фаолияти кўлами кенгайишига, илғор бошқарув тажрибаси жорий қилинишига ва замонавий инфратузилма яратилишига хизмат қилади. Бу эса жамиятдаги кўплаб муаммоларни ўзаро манфаатли шароитларда тезкорлик билан самарали ҳал этиш баробарида бюджет харажатларининг тежалишида муҳим ўрин тутади.

Ҳозирга қадар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари бўйича давлат-хусусий шериклик муносабатларини тартибга солишга оид 10 га яқин ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шу маънода, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Уни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлайдиган нормалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди.  Ҳужжатни маромига етказишда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг бу борадаги энг илғор тажрибалари инобатга олинди. Қонун 2019 йил 11 июндан кучга кирди.

Қонунга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари давлат органлари билан ўзаро тенглик, давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги, хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик, камситиш ва коррупцияга йўл қўймаслик каби принциплар асосида фаолиятини амалга оширишлари мумкин бўлади. Қонунда Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва улардан эркин фойдаланишни кенгайтириш белгиланиб, давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шартлари ва тартиби келтирилган. Жумладан, қонунга мувофиқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати 49 йилни ташкил этади.

Қонунда хусусий шерик тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар асосида саралаб олиниши назарда тутилган. Бунда бир босқичли ва икки босқичли тендер ўтказиш тартиби мавжуд. Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича бир босқичли, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича эса икки босқичли тендер ўтказилади.

Қонунда, шунингдек, ер участкасини ажратишда соддалаштирилган тартиблар қўлланилиши назарда тутилган. Жумладан, давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланадиган муддатга берилади. Бунда ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун шартнома асосида танлов ўтказмасдан берилади.

Хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш мақсадида қонунда агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида хусусий шерикка нисбатан битимни тузиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилиши белгиланди.

Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси янги қонун ҳужжатларининг давлат-хусусий шериклик объектига инвестиция киритиш шартларини яхшилайдиган қоидаларини ўз хоҳишига кўра қўллаш ҳуқуқига эга бўлди.

Қонунни қабул қилиш билан бирга унинг ижросини назорат қилиш, амалиётга тўғри тадбиқ этилишини таъминлаш муҳим жараён ҳисобланади, албатта. Шу мақсадда мазкур қонуннинг ишлаб чиқилиши ва мониторинги учун масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида фаолият кўрсатаётган депутатлар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда республиканинг барча вилоятларида семинарлар ўтказилиб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Тадбирларда тадбиркорлик субъектларига янги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бирга уларнинг давлат-хусусий шериклик муносабатлари соҳасидаги мулоҳазалари ҳам ўрганилди. Кўтарилган масалаларнинг аксарияти ваколатли давлат органлари томонидан лойиҳалар муддатида кўриб чиқилмаётганлиги, имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлаш кечиктирилаётганлиги, гаров таъминоти етишмаётганлиги, ер участкалари ажратиш ва бошқаларни ташкил қилади.

Бегзод АРТИКОВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    760
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+