Одамларни рози қилиш осон эмас

12.07.2019, 11:58

Одамларни рози қилиш осон эмас
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партия Фарғона вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари етакчиларидан ташкил топган ишчи гуруҳлар томонидан ҳудуддаги 6708 та хонадонда ўрганишлар олиб борилиб, турли йўналишлардаги 2532 та муаммо аниқланди. Уларнинг 1610 таси тегишли ташкилотлар ва депутатлар ёрдамида ўша ернинг ўзида ҳал этилди.
 
Партиямиз вакиллари саъй-ҳаракатлари туфайли “Миллий банк”нинг Фарғона шаҳар филиали билан шартнома тузилиб, Зоҳиджон Ҳакимов раҳбарлигидаги “Қувончбек Зоҳиджон фермаси” МЧЖ томонидан Фарғона шаҳри “Бешбола” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи етти оилага “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида қўй парваришини йўлга қўйишларига кўмаклашилди. 
 
– Бир ой муқаддам O‘zLiDeP Фарғона шаҳар Кенгаши ходимлари маҳалламизда семинар ўтказишганди, – дейди Қумариқ кўчасидаги 9-уйда истиқомат қилувчи Хадича Камолова. – Мулоқот чоғида фаолларга ҳовлимда қўй боқиш ниятим борлигини айтиб, бу борада улардан кўмак сўрагандим.  Очиғи, истагим бу қадар тез амалга ошишини кутмагандим. Маҳалламиздаги яна олти оиланинг қувончи чексиз. 
 
Шу маҳаллада яшовчи Зайнабхон Собированинг оиласи 6 кишидан иборат. Сафдошларимиз ушбу хонадонда бўлишганида “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган нақл бежиз айтилмаганига яна бир бор ишонч ҳосил қилишди. Ҳар бири 4 сотихдан иборат 2 та иссиқхонада булғор қалампири етиштирилиб, бозорга чиқариляпти. Миришкорларга “O‘zLiDeP кутубхонаси” рукни остида чоп этилган, иссиқхоналарда турли сабзавотлар парваришлашга доир йўл-йўриқлар баён қилинган қўлланмалар топширилди. 
Ишчи гуруҳлар ташаббуси билан тажрибали деҳқонлар иштирокида 19 та маҳорат дарси ташкил қилиниб, унда 804 нафар томорқачи иштирок этгани ҳам эътиборга молик. Шунингдек, томорқадан фойдаланиш бўйича 20 мингга яқин буклет тарқатилди.
Партиямизнинг барча бўғинлари фаолияти дастурий мақсадларимиз ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилаётган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ қилишга қаратилган. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи мазкур вазифалар ижросини наинки партия фаоллари, балки кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Шу нуқтаи назардан ёндашилганда, бугун халқ ичига янада фаолроқ кириб бориш, одамларга олдимиздаги мақсадлар, уларни амалга ошириш йўллари ва кутилаётган пировард натижани муфассалроқ тушунтириш, шу орқали хайрихоҳларимиз, ҳаммаслакларимиз сафини янада кенгайтириш ҳозирги босқичда партия тузилмалари олдидаги энг муҳим вазифага айланган. Унинг нечоғли муваффақиятли амалга оширилиши эса омма орасида, одамлар билан юзма-юз иш олиб борувчи таянч бўғинларга ҳам боғлиқ. Зеро, ҳар бир қуйи ташкилот партия электорати вакилларини бирлаштирувчи ўзига хос майдондир. У сайловчилар билан партия ўртасидаги кўприк, ижтимоий-сиёсий фаолият ўзагидир. Бинобарин, O‘zLiDeP қуйи бўғинларни янада кўпайтиришга, улар фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратяпти.  Ишчи гуруҳлар партия бошланғич ташкилотлари тузилмаган фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари, кластерлар, уюшмалар, ассоциацияларга кириб борди. Турли-туман ташкилотларда сиёсий куч дастурий ғоялари тарғиб қилиниб,  партия таянч нуқталарини ташкил қилиш бўйича тизимли иш олиб борилди.  9 та хусусий корхона, 4 та фермер хўжалиги, республика фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 3 та бўлими ва бошқа 14 та ташкилотда бошланғич партия ташкилотлари иш бошлагани саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаганини англатади.
 
Фарғона вилоятида 1037 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. 481 нафар МФЙ раиси ва 403 нафар котиб O‘zLiDeP аъзоларидир. Олиб борилган таъсирчан тарғибот ишлари натижасида ўзини ўзи бошқариш органларининг 100 дан зиёд ходими партия сафига ўтиш истагини билдирди.
 
Олтиариқ туманидаги “Юлдуз” болалар оромгоҳида “Бизнинг энг катта таянчимиз ва суянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз – ёшлар!” шиори остида ёшлар форуми кўтаринки руҳда ўтказилди. Форумда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, Олтиариқ тумани ҳокимлиги, корхона, ташкилотлар вакиллари, депутатлар ва ёшлар иштирок этдилар. Форум доирасида ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, тасвирий санъат, мусиқа ва бошқа йўналишлар бўйича беллашувлар ўтказилди.
 
– Президентимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурилган бешта муҳим ташаббус барчамиз учун дастуриламал вазифасини бажармоқда, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати раҳбари Жамолиддин Мелибоев. – Мазкур ташаббуслар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ишчи гуруҳлар зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири ва биз уни астойдил бажаришга интиляпмиз. 
 
Ёшлар форуми доирасида бешинчи ташаббус – хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича Олтиариқ туманидаги “Фромода текстиль” ва “Олтиариқ” хусусий корхоналари томонидан ўнлаб хотин-қизлар ишга жойлаштирилиб, уларга меҳнат дафтарчалари берилди. Шунингдек, ўнлаб ёшларга партия сафига қабул қилинганлиги тўғрисида гувоҳномалар тантанали равишда топширилди. 
 Сиёсий қарашларимни O‘zLiDeP орқали ифодалашга қарор қилдим. Чунки мен мамлакат қудрати, халқ фаровонлиги тадбиркорлар, фермерларнинг нечоғли самарали фаолият юритиши билан чамбарчас боғлиқ, деган қатъий фикрдаман. Партия дастурий мақсадлари амалга ошишига қўлимдан келганча ҳисса қўшаман, – дейди Фарғона политехника институти магистранти, “Ҳумо” ўқув маркази раҳбари Исмоилжон Обичаев. 
 
Ишчи гуруҳ томонидан инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши билан боғлиқ ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда 79 та лойиҳа ишга туширилган, 562 таси эса шу йилнинг охирига қадар ҳаётга татбиқ қилиниши белгиланган. Мазкур лойиҳаларга вилоят Кенгашидаги депутатлардан 19 нафари ҳамда  туман ва шаҳар Кенгашидаги депутатлардан 213 нафари бириктирилган бўлиб, бугунги кунгача улар ижросини таъминлаш юзасидан назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилиб, мансабдор шахсларнинг эшитувлари ўтказилди.
Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    1162
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+