Ишонч қозониш машаққати

12.07.2019, 12:01

  Ишонч қозониш машаққати
Партиямиз вакилларининг Андижон вилоятидаги учрашувлари, аҳоли билан очиқ мулоқотлари 1460 та муаммонинг юзага чиқишига 
туртки бўлди. Вилоятнинг барча  туман, шаҳарларидаги 6223 та хонадонда аниқланган  масалаларнинг 524 таси жойида партиявий воситалар орқали ҳал қилинди. 
 
– Масалан, хонадонлардаги суҳбатлар давомида кредит олиш истагидаги андижонликлар 139 нафарни ташкил этиши маълум бўлди, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси масъул ходими Сардор Марипов. – Улар орасида бу борада кимга, кайси ташкилотга мурожаат қилишни билмаётганлар ҳам борлиги ва уларга ишчи гуруҳимиз томонидан берилган тавсия ва кўникмалар, маслаҳатларнинг асқотгани бизнинг ютуғимиз бўлди, айни пайтда партиямизга нисбатан ишонч янада мустаҳкамланди. Шу кунга қадар уларнинг 29 нафари кредит олишга эришиб, тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича фаолият бошладилар. 
Бу йўналишдаги ишларни биргина Қўрғонтепа тумани мисолида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Ишчи гуруҳ ташрифи давомида кредит олиш истагидаги хотин-қизларнинг 13 нафари жами 540 миллион кредит олишга муваффақ бўлгани амалий кўмакнинг ёрқин ифодаси бўлди. Зарнигор Исмоилова ана шундай омадлиларнинг бири. У раҳбарлик қилаётган “Оила равнақ” масъулияти чекланган жамиятида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 
 
– Фаолиятимни бошлаганимга 10 йилга яқин вақт бўлди, – дейди тадбиркор.– Ўтган йиллар давомида, очиғи, бундай имкониятдан фойдаланмаганман. Партия вакилларининг беминнат кўмаги билан эндиликда фаолиятимни кенгайтиришга эришаман. Бизнес лойиҳамда кўрсатилган 64 миллион сўм кредит маблағи ишлаб чиқариш ҳажмининг, сифат кўрсаткичининг ортишига, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. 
 
Шунингдек, хайрли ишлар тумандаги “Khontex Group” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган бизнес-экскурсия сифатида давом этди. Корхонанинг қулайликлари, яратилган имкониятлар бу ердаги бўш ўринларнинг 14 таси банд этилишига сабаб бўлди. 
Ўрганишлар мобайнида вилоятдаги 320 та корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари жорий йилда бажарилиши режалаштирилган инвес­тиция лойиҳаларининг депутатларга бириктирилиши, шу билан бирга улар фаолияти устидан депутатлик назорати ўрнатилиши учун замин яратди. 
 
Вилоятнинг Балиқчи, Избоскан, Пахтаобод ҳамда Шаҳрихон туманларида бўлиб ўтган “Томорқа – даромад манбаи” мавзусидаги тажриба алмашув семинарлари, маҳорат сабоқлари бу йўналишдаги ишларни янада такомиллашитиришга хизмат қилди. Бир парчагина еридан самарали фойдаланаётган, мўл ҳосил олиб оиласига, ички бозорга ва ҳатто ташқи бозорга ҳам манфаат келтираётган хонадон соҳиблари – миришкор деҳқонлар намунаси боқимандалик кайфиятидан чиқиб кетолмаётган айрим хонадон эгаларига ибрат сифатида кўрсатилиб, маънавий ва амалий кўмак берилди. 
 
Якка муаммолар умумий муаммоларни келтириб чиқаради. Дастлаб бир одам кўтарган масала эртага бутун бошли маҳалланинг, ҳудуднинг муаммосига айланиши мумкин. Жалақудуқ туманининг Бойчеки маҳалласи аҳли қоронғи тушиши билан зим-зиё зулмат остида қолгандек ҳис қиладилар ўзларини. Бирор зарурат бўлмаса кеч тушганда кўчага чиқмай қўяверадилар. Негаки, кўчаларни ёритувчи на бир чироқ бор, на бир ёриткич. Қуруқ симёғочлардан нур таралмайди-да! Ишчи гуруҳнинг ташрифидан маҳалла аҳли қувониб кетди. “Сен қил, у қилсин! Унинг иши, бунинг вазифаси!” деган иддаоларга жойида чек қўйилди. Бугун маҳалла аҳли симёғочларга қўйилган ёруғлик манбаларидан хурсанд.
 
Маълумки, чекка ҳудудларга табиий газ тармоқлари тортилмаган. Бу борада муаммолар истаганча топилади. Шаҳрихон туманидаги ўрганишлар натижасида 12 та хонадондаги ана шу масалага ечим топилди. “Андижон газ таъминоти” ХТГБ Шаҳрихон туманлараро 6-участка бўлимига халқ депутатлари Шаҳрихон туман Кенгаши депутати Шавкатбек Отахонов томонидан юборилган депутатлик сўрови муаммони осонгина ҳал қилди. 
 
– Газ баллонларига бўлган эҳтиёжимизни бир неча марта маҳалла фуқаролар йиғинига айтдик, - дейди Мустақиллик маҳалласида яшовчи Шоҳистахон Мамажонова. – Лекин фойдаси бўлмади. Очиғи, моддий имкониятимиз етарли бўлганда, амаллаб топардик. Яхшики, партия ходимлари, депутатлар “муаммоингизни айтинг” деганлари. Уларга раҳмат, газ баллонига бўлган эҳтиёжимиз тез фурсатда қондирилди.
 
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири Муяссархон Умурзақованинг таъкидлашича, ишчи гуруҳнинг келиши, ўтказилган тадбирлар натижасида партия сафига яна 635 нафар аъзо қабул қилинган. Демак, улуснинг партияга ишончи ортаётгани қувонарли.
Теглар
Ишчи гуруҳ
  • Кўрилди
    307
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+