1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтади

12.07.2019, 17:51

1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтади

2019 йил 1 августдан бошлаб ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади. Шунингдек, календарь йили давомида хизматларни реализация қилишдан олган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган телекоммуникациялар операторлари ва (ёки) провайдерларига воситачилик хизматларини кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркорлар хизмат ҳақи суммасидан 25 фоиз ставкада ягона солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Бу ҳақда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасида Президентимизнинг “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатида маълум қилинди.   

Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси,  Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мазкур фармон билан юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган кенг имкониятлар, эришилаётган натижалар атрофлича таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб, бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш станциялари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади. Шу билан бирга, товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъий назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари саналади.

Тадбирда жорий  йилнинг 1 октябридан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар бекор қилиниши таъкидланди. Эндиликда тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун молиявий жазо қўлланилмаслиги қайд этилди. Шу каби буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса ана шундай имкониятга эга бўлиши айтиб ўтилди.  

Шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури, 2018-2020 йиллардаги солиқ ислоҳоти концепцияси, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш – солиқ сиёсатининг энг муҳим устувор йўналиши сифатида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Қайд этилдики, айни пайтда иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганлиги қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номунатосибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда ҚҚСнинг тўлақонли занжирини яратиш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини бермаяпти. Шу боис жорий йилдан бошлаб амалга оширилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Чунки шу орқали иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш ва Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларини ҳаётга тадбиқ этиш бугунги кундаги долзарб вазифадир. Шу ўринда, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”ни тадбиқ этилиши, хўжалик юритувчи субъектларни давлат солиқ хизмати органларида қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида ҳисобга олиш тартиби ва тадбиркорлик субъектларига солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш механизмларини такомиллаштирилиши муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу масалалар ечимини топилиши пировард натижада рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган солиққа тортиш ва божхона-тариф тизимини тартибга солиш самарали тизимини шакллантириш, қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги номунатосибликларга барҳам бериш, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда ҚҚСнинг тўлақонли занжирини яратишга хизмат қилади.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан соҳа мутахассисларига мурожаат этишди. Журналистлар ва иштирокчиларни қизиқтирган энг долзаб савол бу – “Қўшилган қиймат солиғини киритилиши бензин нархининг ошишига таъсир этадими?” деган савол бўлди.

Соҳа мутахассислари саволга жавоб берар экан, бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи нархи давлат томонидан тартибга солинадиган маҳсулотлар таркибига киришини, бу давлат томонидан АИ 80 маркали бензин учун 4000 сўм миқдорида, АИ 90 маркали бензин учун 4500 сўм миқдорида белгиланган ва шу миқдорда сақланиб қолишини маълум қилишди. Шунингдек, мазкур норманинг киритилиши айнан мазкур махсулотларни автомобил ёқилғиларини қўйиш шаҳобчалари сотаётган корхоналар учун кўпроқ фойдали эканини таъкидлашди.

Давра суҳбатида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб берди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1842
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+