O‘zLiDeP аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини қандай ҳал қилмоқчи? (+фотогалерея)

13.07.2019, 16:39

O‘zLiDeP аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини қандай ҳал қилмоқчи? (+фотогалерея)

Жорий йилнинг 13 июль куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлиси бўлиб ўтди. 

Йиғилиш партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамаси, жорий йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида самарали иштирокини таъминлаш масалаларига бағишланди.  

Тадбирни O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси А.Хаитов очиб берди. Таъкидландики, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакат ижтимоий майдонида яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат беради.

Бу эса, ўз навбатида, O‘zLiDePнинг барча тузилмалари, депутатлик корпуси олдига партиянинг ушбу сайловларда муносиб ва самарали иштирокини таъминлаш борасида қатор вазифалар қўяди. Ушбу вазифалар турли даражадаги вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни, партия кузатувчилари, ишончли вакилларини танлаб олиш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини, ҳуқуқий онгини ошириш масалаларидан тортиб, то партиянинг ўз электорати, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади. 

А.Хаитов: “Партия дастури ва Сайловолди дастури Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиши керак”

Йиғилишда O‘zLiDeP раҳбари А.Хаитов партиянинг охирги икки йилдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий ўрганиш, бўлажак сайловларга тайёргарлик борасидаги ишларни замон талабларидан келиб чиқиб, мутлақо бошқатдан, янгича ва инновацион ёндошувлар асосида қайтатдан қуриш лозимлигидан далолат бераётганлигини кўрсатиб ўтди. Ҳусусан, сўнгги уч йил ичида партия дастурий ҳужжатларига сезиларли ўзгартириш киритилмаганлиги, унинг Дастури ва Сайловолди дастури Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиши кераклиги таъкидланди. Зеро, у Президентимизнинг сайловолди дастурларига асосланган бўлиб, O‘zLiDePнинг президент сайловлари оралиғидаги дастурий ҳужжатидир ва бу партияга алоҳида масъулият юклайди.

Танқидий-таҳлилий ва қизғин муҳокама, мунозаралар руҳида ўтган йиғилишда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори билан 5 та йўналиш бўйича ишчи гуруҳлари шакллангани, улар турли тортишувлар ва мунозаралар асосида партиянинг дастури ва Сайловолди платформаси лойиҳаларини ишлаб чиқгани, айтиб ўтилди.

Ушбу ҳужжатлар муҳокамаси ўта қизғин тарзда кечди. Унда мамлакатимизда парламент ва бошқа вакиллик органларининг роли ва мавқеини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш, ривожланган мамлакатлар “тўртинчи саноат революцияси” остонасида турган бир пайтда, мамлакатимизни инновацион ривожланиш йўлидан жадал одимлашини, “рақамли ва билим иқтисодиёт”ига ўтишни таъминлаш, “ақлли, энергиятежамкор уйлар” концепцияларини ҳаётга татбиқ этиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудларнинг барқарор ривожланиши, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини юксалтиришда партиянинг ролини ошириш каби масалаларга бағишланган юздан зиёд аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.    

Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш,  тадбиркорлик ва фермерликни, кичик бизнесни ривожлантириш масалалари ҳам йиғилиш иштирокчилари диққат марказида бўлди.

Мажлисда тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айлангани эътироф этилди. Шу боис, 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида халқ билан очиқ мулоқот қилиш ва аҳоли муаммоларига ечим топиш мақсадида партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори билан ишчи гуруҳлар тузилган эди. Ишчи гуруҳлар жойларда “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борди. Биргина шу йилнинг июнь ойида ишчи гуруҳлар жойларга навбатдаги чиқишларни амалга оширди ва ҳар бир туман кесимида 400 тадан хонадонга ташриф буюрди.

Хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг касаначилик, томорқа, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик йўналишларида микробизнесни йўлга қўйиш ва уни юритишдаги муаммолар билан бир қаторда Президентимиз томонидан жуда жиддий эътибор қаратилаётган ҳудудлардаги инвестиция йўналишида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар олдида турган муаммолар, сунъий тўсиқ ва ғовлар жойида ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Лекин бу борадаги ишлар самараси ҳали етарли даражада эмаслиги, бу борадаги партиявий тузилмалар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Мажлисда шунингдек, мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятимиз ривожида “билим жамияти”, “билим иқтисодиёти” каби тушунчалар негизида кадрлар малакасини ошириш,  ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш, уларнинг моддий-техник баъзасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳудудий партия ташкилотларини ахборот-коммуникацион технологиялар, сайловларга оид зарур услубий қўлланмалар билан таъминлаш, партия ташкилотларининг ўз биносига эга бўлишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Мажлисда партия фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. 

O‘zLiDeP матбуот хизмати

ФОТОГАЛЕРЕЯ

  • Кўрилди
    2122
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Комилжон2020-02-22 08:17:40

"илимлий" сўзини "илмли" деб ёзиш керак эмасми?


Умидахон Исаева. Андижон вилоят кенгаши Аёллар қаноти бўлим мудири2019-07-15 17:32:40

Шундай билимли ва илимлий депутатларимиз борлигидан фахрланаман.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+