Банк кредити эвазига 8 та иш ўрни

15.07.2019, 17:44

Банк кредити эвазига 8 та иш ўрни

Бу йил касб-ҳунар коллежини тамомлаган мирзачўллик Гулжаҳон Қаршибоева 25 миллион сўмлик банк кредити эвазига 8 та иш ўрни яратди.

Оиланинг кенжа фарзанди Гулжаҳон дунёга келганда отаси унинг тикувчи бўлишини орзу қилганди. Отасининг нияти кичкиналигидан қулоғига қўрғошиндек қуйилиб қолган қиз бошқа соҳани орзу ҳам қилмади...

Кейинги йилларда мамлакатимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Банкларнинг молиявий кўмаги асосида ўз хонадонида бизнесини бошлаб, ҳам рўзғорини, ҳам маҳалласини обод этаётганлар сафи кенгайиб бормоқда. Ана шулардан бири ёш тадбиркор Гулжаҳон Қаршибоевадир.

У мактабда ўқиб юрган кезларида Анорхол аммасидан озми кўпми тикувчиликни ўрганган бўлса, коллежда ўқиб юрган кезларида бўш вақтларида Гулистон шаҳрига келиб тикувчилар Дилором Бойназова ҳамда Гўзал Гибаевалардан сабоқ олди. Аввал болалар кийим-кечакларини тикиб ички бозорга олиб чиқди. Бошлаган ишининг озми кўпми нафини кўрган Гулжаҳон ўз бизнесини ривожлантиришга аҳд қилди.

Гулжаҳон ўзи яшаётган қишлоқ - “Мирзачўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тикувчиликни йўлга қўйиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида “Агробанк” туман бўлимидан 25 миллион сўм миқдорида кредит олди. У ана шу кредит маблағига 3 та замонавий тикув машинаси, бичув столи, мато, матолар учун шкаф ва керакли асбоб ва анжомларни сотиб олди. 4 нафар ҳамқишлоғини ишли қилди. 4 нафар тикувчиликка қизиққан қизлар  шогирдликка тушишди.

- Бу йил Мирзаобод қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежининг тикув ва тикув трикотаж буюмлари ишлаб чиқиш техник-технологи бўлимини тамомладим, - дейди O`zLiDeP фаоли Гулжаҳон Қаршибоева. - Туманимизнинг вилоят ҳудудидан анча чеккада жойлашганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қишлоғимизда бу соҳани ривожлантириш катта самара беради. Айни дамда қишлоғимиз аҳолисидан тушган якка буюртмаларни бажараяпмиз. Оддий кундалик либослардан тортиб оқшом либослари-ю болалар кийим-кечакларини тикаяпмиз. Буюртмачилар сони кундан кунга кўпайиб бораяпти.

Дарҳақиқат, юртимизда ўз бизнеси орқали оиласи даромадини ошираётганлар кўп. Бири чорвачилик билан шуғулланаётган бўлса, яна бири паррандачилик билан шуғулланиб гўшт ва парҳез гўшт маҳсулотларини етказиб бериб аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳисса қўшаяпти. Бошқаси эса иссиқхона ташкил этган.

Банклар томонидан берилаётган маблағлар ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

        Дилором ЭСОНОВА,

O`zLiDeP Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    368
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+