Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ислоҳотларнинг яна бир ҳуқуқий асоси

16.07.2019, 17:48

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ислоҳотларнинг яна бир ҳуқуқий асоси

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра Ер ва сув халқнинг энг асосий ва бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини таъминлашда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эхтиёжини тўлароқ қондиришда қишлоқ хўжалигининг бундан кейинги тараққиёти, тупроқдан унумли ва оқилона фойдаланишга боғлиқ.

Республикамиз шароитида суғориладиган майдонлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили ва сифатини ошириш – ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқ жараён ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармони ҳам айни соҳа ривожидаги ислоҳотларнинг давоми бўлди.

Мазкур ҳужжатда, қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланиш оқибатида тупроқ унумдорлигининг ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши, қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфининг ўта юқорилиги, ирригация ва мелиорация тадбирлари учун тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш масаласига эътибор қаратилмаётганлиги, ҳудудларнинг ресурс ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан нооқилона фойдаланиш каби ҳолатларнинг сабаблари ва салбий таъсири атрофлича таҳлил қилиб берилган.

Уларни бартараф этиш бўйича 5 та асосий йўналишни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳамда сув ва гидроиншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва сотиш, логистика ва маркетинг тизимларини ривожлантириш ҳамда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда илм-фан ва амалиёт интеграциясини жадаллаштириш назарда тутилмоқда.

Республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма- босқич кайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармокларини реконструкция килиш оркали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш максадида Фармонда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” белгиланди.

Концепцияни амалга ошириш доирасида ирригация-мелиорация тармоқларини тиклаш, реконструкция қилиш, сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда сувсизликка чидамли экинларни экиш оркали фойдаланишга киритиш учун инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида 50 йилгача бўлган муддатга қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чикиб кетган суғориладиган ерлар, шунингдек, лалми ва ўрмон фонди ерлари - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва кишлок хужалиги корхоналарига, яйлов, бўз, куп йиллик дарахтзорлар ва бошқа ерлар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, кишлок хужалиги корхоналарига, шунингдек Узбекистон Республикаси резиденти бўлган инвесторларга берилиши белгиланган.

Шуниндек Фармонда Концепцияни амалга ошириш доирасида ер майдонларини фойдаланишга киритишда, ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш, ерга ишлов бермасдан экин экиш ва ерларни иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилмоқда. Ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилиши. Ушбу ер майдонларида барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) жойлаштиришга рухсат берилади.

Фармонда қайд этилганидек,  Инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар бир гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади.

Шунингдек Фармон билан, қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланиш учун олиб қўйиладиган суғориладиган ерлар учун компенсация тўлови, олиб қўйилаётган ер майдонлари жойлашган жойларни ҳисобга олувчи коэффициентлар қўлланилмаган ҳолда, худди шундай янги ерларни ўзлаштириш учун талаб этиладиган маблағнинг 10 баробари, лалми ерлар ва суғорилмайдиган кўп йиллик дарахтзорлар эгаллаган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш билан боғлиқ харажатларнинг 20 баробари миқдорида ҳисобланади.

Фармон билан 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланиб, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни босқичма-босқич фойдаланишга киритиш, ер ости суви ва бошқа сув манбаларидан фойдаланиш, лалми, яйлов ва бошқа ерларга сув талаб қилмайдиган экин турларини жойлаштириш ҳамда ўрмон ерларини фойдаланишга киритиш ҳисобига республика бўйича жами 1 млн. 112 минг гектарга яқин ер майдонлар қайта тикланиб фойдаланишга киритилади.

Маълумки, бугунги кунда нафақат бир мамлакатда балки, ер юзида аҳолини сифатли ва экологик соф қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун эса энг аввало, ердан унумли фойдаланиш, суғориш иншоотларини янгилаш, мева-сабзавод етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш каби жиҳатларга жиддий эътибор қаратиш лозим. Энг муҳими, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юртимиздаги қайта ишлаш корхоналарини хом ашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ҳамда полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириб бориш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатаётган фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, маркетинг ҳамда бошқа инфратузилма ташкилотларини рағбатлантириш баробарида, экспорт бўйича соҳада мавжуд имкониятларни янада юксалтиради.

Фармон белгиланган вазифаларни ҳамда қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш Концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши мамлакатимизда соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида соҳани янада барқарор суръатлар билан юксалишига, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Ушбу Фармонда амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар партиянинг сайлов олди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширилиши учун янада қулайлик туғдирди. Зеро, ЎзЛиДеП ҳам қишлоқ хўжалигини диверсификация қилишни, ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, экин майдонлари таркибини янада юқори даромад келтирадиган озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш ҳисобидан такомиллаштириш, ҳосилдорлиги паст, рентабелликни таъминламайдиган ерларда пахта экинларини босқичма-босқич камайтириб бориш тарафдоридир.

Шу ўринда партия парламентдаги ва ҳудудлардаги ўз депутатлик корпуслари орқали электоратимиз манфаатлари учун хизмат қилувчи ушбу Фармонни марказ ва жойлардаги ижроси юзасидан назоратни кучайтиради.

Исломжон ЗОКИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    2205
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+