Партия депутатлари Ромитандаги ҚВПлар фаолиятини ўрганди

19.07.2019, 15:43

Партия депутатлари Ромитандаги ҚВПлар фаолиятини ўрганди

Халқ депутатлари Ромитан туман кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг йиғилишида “Мусича” ҚВП мудири Юлдуз Жалилова ва туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жамшид Тоировларнинг ҳисоботлари тингланиб, соҳада ечимини кутиб қолган айрим муаммолар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Том маънода халқ олдида берилган ҳисоботлар бўйича “миришкор”ликлар ҳам ўз ҳаққоний фикрларини билдирди.  

Ҳисоботда таъкидланишича, Ромитан тумани тиббиёт бирлашмасига  қарашли марказий касалхона, Газли шаҳридаги бир қатор шифохоналар,  кўп тармоқли марказий поликлиника, 10 га яқин қишлоқ врачлик пунктлари,  6 та  оилавий ва 1 та стоматология поликлиникалари, бир қатор тез тиббий ёрдам шохобчаларида аҳоли соғлиғини сақлаш, юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш  борасида тегишли чора–тадбирлар белгиланиб, амалга  оширилмоқда. Айниқса,  аҳолини мақсадли патронаж  билан  қамраб олиш, ҳамюртларимизда тиббий маданиятни шакллантириш, оилалар ва таълим  муассасаларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш доимий эътиборда. Жойлардаги ҚВПлар фаолияти давр талаблари даражасида бўлиши учун муайян ишлар қилинаяпти. Жумладан, Миришкор МФЙ  ҳудудидаги “Мусича” қишлоқ врачлик пункти улардан биридир. Ушбу ҳудудда бугунги кунда 4052 нафар киши истиқомат қилиб келмоқда. ҚВПда умумий амалиёт шифокорларидан ташқари жаррох, стоматолог, педиатр, терапевт, акушер-гинеколог сингари малакали мутахассислар томонидан  аҳолига  тиббий  хизмат кўрсатилаяпти.

- Ўтган давр мобайнида 1160 нафар кишининг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, (уларнинг 526 нафари болалардан иборат)  фуқароларнинг 221 нафарида турли хасталиклар борлиги аниқланган, - дейди ҚВП мудири Ю.Жалилова. - Патронаж  ҳамширалар томонидан 780 та оиладаги  ногирон, кекса ёшдаги ва якка–ёлғиз кишилар, диспансер назоратида турган  беморлар ҳолидан хабар олиб турилибди, уларнинг муолажа ва дори–дармонларга бўлган  эхтиёжлари қондирилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси саъй-ҳаракати  билан  аксарият ҚВПларда бўлганидек “Мусича” қишлоқ врачлик пунктида ҳам давлатимиз раҳбарининг 5 та ташаббуси ижроси юзасидан хайрли ишлар  амалга ошириб келинаяпти. Хусусан, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора–тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда  “Мусича “ ҚВП  ва тумандаги бошқа бир қатор тиббиёт муассаларида бадиий, тарихий, илмий оммабоп мавзулардаги китобларни ўз ичига олган кичик кутубхоналарни ташкил этишга ҳам жиддий эътибор берилмоқда.

Тадбирда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” сингари давлат дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган барча ишлар  халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, кишиларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.

 Йиғилишда тиббиёт муассасалари моддий–техника базасини яхшилаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

O‘zLiDeP Бухоро вилояти Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    1013
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+