Янгиланган тараққиётнинг янги вазифалари

19.07.2019, 16:12

Янгиланган тараққиётнинг янги вазифалари

Қарши шаҳрида O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар. Давра суҳбатини O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов олиб борди.

-Бугунги кунда барча сафдошларимиз олдида турган долзарб вазифа - яқинлашиб келаётган муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари сайловларига пухта ҳозирлик кўрган ҳолда муваффақиятли иштирок этишдир, - деди у ўз маърузасида. - Биз амалга оширилаётган ишларнинг тарғиботчиси бўлиб, одамлар орасида тадбирлар ўтказиш билан чекланмасдан, ислоҳотларнинг муҳим иштирокчиларига айлансаккина, юрт равнақига кўпроқ ҳисса қўшиб, одамларни фаровонлик сари бошлай оламиз. Давлатимиз раҳбарининг “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар-келажагимиз”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларини ўрганиш, улардаги вазифаларни амалга ошириш кундалик фаолиятимизнинг асосий мезонига айланиши лозим. Тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш орқали сайловчиларнинг яшаш шароитлари, бандлиги, қизиқиш ва кайфиятларини  ўрганиб, аниқланган камчиликларни чуқур таҳлил этиб, мавжуд муаммоларнинг мақбул ечимларини топишга ҳаракат қилаяпмиз. Шу каби муҳим масалалар партиямизнинг янги дастури ва сайловолди платформаси (дастури)да ўз аксини топиши керак.

Шундан сўнг O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Рустам Пошшаев сўзга чиқиб, партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури ҳақида батафсил маълумот берди.

O‘zLiDeP Муборак туман кенгаши раиси, иқтисод  фанлари номзоди, доцент Панжи Жалиловнинг фикрича, бугунги шиддаткор замондан орқада қолиб кетмаслик учун ҳар бир соҳага инновацияларни жалб этиш керак.  Юртимизда ер ости ва ер усти бойликлари бисёр. Агар хориж инвестициясини жалб этиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштирсак, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтира оламиз. Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. АКТни ривожлантириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчи технопарк тизимини йўлга қўйиш мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширибгина қолмасдан, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Давлат тарафидан экспорт қилувчи корхоналарга узоқ муддатли кредитлар ажратилиши керак. Юқори технологик ишлаб чиқариш жараёни жуда узунлигини ҳисобга олиб, кредитлар муддатини 5 йилдан 10 йилга узайтирилиши шарт. Тайёр маҳсулотларга 5 фоиздан 10 фоизгача бўлган божхона пошлинасини сақлаб қолиши зарур. Ана шунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ўз салоҳиятини намоён этиб, иқтисодий қудратини ошириб, юқори технологик ускуналарни олиб кириб, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқара олади. Давлат мулки объектлари ва бўш турган ер участкаларини тадбиркорларга сотиш тартибини соддалаштириш мамлакат инвестицион жозибадорлигини оширишга кўмак беради. Корхона белгиланган инвестицияни ортиғи билан бажарган бўлса, у фаолият кўрсатаётган ерни 5 йил тўламаса ҳам хусусийлаштириб бериш керак.  Кичик саноат зоналарида фаолият олиб бораётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида саноат зонаси тавсияси билан имтиёзли кредит бериш мақсадга мувофиқдир.

 - Эндиликда депутатлик корпуси ва партиялараро фаолиятнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали депутатларнинг жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларга таъсирини кескин ошириш мақсадида халқ депутатлари ҳудудий кенгашларини ҳокимлар бошқариши амалиётидан воз кечилиб, алоҳида институт сифатида ташкил этиш ташаббуси киритилганлиги биз депутатларинг олдимизда улкан ишлар, масъулиятли вазифа турганлигини англатади, - дейди халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати Абдусалим Мўминов. – шундан келиб чиққан ҳолда Кенгашлар раислари ва сенаторлар сайлови ҳам очиқ, ошкора, адолатли қилиб ўтказилиши керак. Уларнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотлар бир ой олдин муҳокамага қўйилиши мақсадга мувофиқдир.  

Партиямиз дастурида хусусий тиббиёт муассасалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш борасида нормалар киритилиши лозим. Ўша асосда биз уларга бино қуриш учун ер участкалари берилишини назорат қила оламиз. Бугунги кунда Қарши шаҳри ва туман, шаҳар марказларида ўттизга яқин хусусий тиббиёт муассасалари ижарада фаолият олиб бормоқдалар. Ижара ҳақи ойига 20 млн. сўм. Газ, электр, ичимлик сув тўловларисиз. Натижада пуллик тиббий хизмат нархи ҳам анчагина юқори. Аҳолининг кам таъминланган қатлами вакиллари бу даргоҳларга даволаниш учун бора олмайдилар. Чунки ҳаражатлар кўп.  Агар тадбиркорга бино қуриш учун ер ажратилса, тиббий хизмат учун олинадиган ҳақ анчагина пасайиши турган гап.   

Халқ депутатлари Миришкор туман кенгаши  депутати Жаббор Қодиров янгиланган дастурдан илмий ишланмаларни рағбатлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш, ёш, иқтидорли олимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш зарурлигини айтаркан, улардан халқимиз янги кашфиётлар кутаётганликларини, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда бу жуда муҳим эканлигини билдирди. Унинг таъкидлашича, воҳа далаларига экиладиган чигит уруғлари 150 кунда пишиб етилади. Чигит ва тола чиқиши ҳам талабга жавоб бермайди. Бу муддат жуда кўп бўлиб, йиғим-терим ишларини ёғин-сочин кунларгача давом эттиришга мажбур бўласиз. Агар олимлар томонидан 120 кунда тайёр бўладиган янги нав яратилиб,  ундан 50 фоиз тола ва 50 фоиз чигит олинса, фермер хўжаликларининг иқтисодий қуввати ортган бўларди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер ости сув заҳираларини иқтисод қилиш мақсадида сув тежаш технологияларини ўрнатиш, ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, қишлоқ хўжалигига салоҳиятли корхоналар ва инвесторларни жалб этиш давр талабидир. Фермерга ерга тўлақонли эгалик ҳуқуқи берилса, манфаатдорлиги ортиб, янада баракалироқ ишлашга, ердан мўл ҳосил олишга иштиёқи кучаяди.

- Дастуримиздан ўрин оладиган “Тадбиркорлар куни”ни қонун асосида белгилаш борасидаги таклиф мени қувонтириб юборди, - дейди Касби туманидан келган ёш фермер Акмал Оромов. – Бугунги ёшларни тадбиркорликка йўналтириш бироз оғир кечаётгани бор гап. Йигит-қизлар ишбилармонликни ўрганиш учун 2 йил муддатлик  қимматли вақтларини сарфламоқдалар. Агар биз мактабларда 5 синфдан бошлаб тадбиркорлик дарсларини йўлга қўя олсак, ёшлар мактабни битиргунларига қадар ўз саъй-ҳаракатларини жамлаб, маҳоратларини шакллантира олардилар. Бундай сабоқларни тадбиркорлик субъектлари ва хонадонларда ҳам ташкил этса бўлади. Мен тез-тез мактабларда бўлиб, “Тадбиркорлик сабоқлари” ўтганимда, ёшларимизда тадбиркорликка бўлган иштиёқ юқори эканлигига амин бўламан.

Қизғин баҳслар,мунозаралар, танқидий-таҳлил асосида ўтган давра суҳбатида Сайлов Кодексининг кучга кириши сайлов тўғрисидаги ҳужжатларни ягона тизимга солишга хизмат қилиши, сайловларни адолатли, очиқлик, ошкоралик тамойиллари, кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида ўтишига эришиш, номзодлар танлашга жиддий ёндошиш, ишончли вакил ва кузатувчиларни сиёсий билимларини оширишга эътибор қаратиш, сайлов жараёнларини онлайн кузатиш имкониятини яратиш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида амалий таклифлар ишлаб чиқилди.   

Сайфулла ИКРОМОВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё

вилоят кенгаши аъзоси

  • Кўрилди
    1002
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+