O‘zLiDeP Сайловолди дастурига аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди

19.07.2019, 16:20

O‘zLiDeP Сайловолди дастурига аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳи фаоллари иштирокидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда O‘zLiDeP дастурига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар, шунингдек, Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Тадбирни O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Фахриддин Абдусатторов очиб берди.

-Ўтаётган ҳар бир кунимиз бизни муҳим сиёсий жараён – парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тобора якинлаштирмоқда, - деди Фахриддин Абдусатторов. - Кутилаётган сайловларда партиямизнинг муносиб ва фаол иштирокини таъминлаш биздан катта масъулият ва сиёсий тайёргарликни талаб қилади. Биз ҳар куни бўлғуси сайловларга қандай ғоя ва қандай ташаббуслар қадам қўйяпмиз, дея ўзимизга ўзимиз ҳисоб беришимиз лозим.

Йиғилишда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комилжон Эрназаров, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Самидулла Маҳмудов, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдуқаҳҳор Ибодуллаевлар бўлажак сайловларга тайёргарлик борасидаги ишларни замон талабларидан келиб чиқиб, янгича ва инновацион ёндошувлар асосида ташкил қилиш лозимлигига эътиборни қаратишди.

Тадбирда сўзга чиққан Гулистон давлат университети ректори, вилоят Кенгаши депутати Муксин Ходжиевнинг таъкидлашича, жамиятимизнинг асосий қисмини, яъни 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Уларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида Гулистон давлат университети қошида 5-муҳим ташаббус бўйича “Бизнес марказ” фаолиятини йўлга қўйиш, 3-6 ойлик ўқув-курсларини ташкил қилиш, тадбиркорликка ўқитиш таклифини берди.

Жумладан, Боёвут туман Кенгаши депутати Манзура Дадаева Дастур қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши, “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси Гулистон шаҳар филиали раҳбари Зафар Тўлқинов номзодларнинг сифат даражасига эътибор қаратиш лозимлигини қайд этиб ўтишди.

Бундан ташқари вилоят перенатал маркази раҳбари, Гулистон шаҳар депутати Ханифа Садикова вилоятда бир ёшгача бўлган чақалоқлар ўлими кўпайганлигини таъкидлаб ўтди ва унинг олдини олиш юзасидан партия дастурига ўз таклифларини билдирди.

 -Вилоятимизда 85 нафар гинекологлар фаолият  юритаётган бўлса, уларнинг 70 фоизи пенсионерлардир, - деди Ханифа Садикова. - Шу сабабдан малакали, ёш кадрларни кўпайтириб, давлат шерикчилиги асосида қишлоқларда болалар поликлиникаларини қайта ташкил этиб, болалар патронаж ҳамшираларини кўпайтириш лозим. Шунда тажрибасиз ёш оналарнинг бир ёшгача бўлган чақалоқларининг тўғри овқатланиши  ва соғлиқларини назорат қилиш орқали соғлом фарзандларни тарбиялашларига амалий ёрдам қилган, ҳамда болалар ўлимини кескин камайтириш имконияти туғиларди.

Танқидий-таҳлилий ва қизғин муҳокама, мунозаралар руҳида ўтган йиғилишда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди ва ҳужжатлар муҳокамаси ўта қизғин тарзда кечди.

Йиғилиш якунида жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

 Дилором ЭСОНОВА,

O‘zLiDeP Cирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1054
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+