“Депутатлар қоғозда эмас, халқ олдида ҳисобот берсин”

22.07.2019, 17:12

“Депутатлар қоғозда эмас, халқ олдида ҳисобот берсин”

Навоийда O‘zLiDeP вилоят Кенгаши вакиллари ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш партиянинг янгиланган Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари муҳокамасига бағишланди. 

Тадбирда сўз олган партия вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, маҳаллий кенгаш депутатлари кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди.

Масалан, халқ вакили С.Бозорова ҳафтанинг маълум бир кунини депутатларга бириктирилган ҳудудларни ўрганиш куни сифатида расман белгилаш таклифини ўртага ташлади.

Унинг таклифини Фуқаролик жамиятини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий вилояти бўлими бошлиғи М.Ҳамидов қўллаб-қувватлаб, қуйидагиларни маълум қилди.  

“Кўпчилик депутатлар сессиялардагина иштирок этади, холос. Бошқа пайтда уларни излаб ҳам топиб бўлмайди. Шунинг учун депутатлик гуруҳлари  зиммаларига юкланган ишлар бўйича ҳисоботларни партия ташкилоти ва халқ муҳокамасига қўйиш керак. Депутатлар қоғозда эмас, халқ олдида ҳисобот берсин. Сайловолди Дастурга мана шу масала бўйича бир банд киритиш лозим”, – дейди у.

Йиғилишда вилоят тадбиркор аёллари номидан сўз олган Г.Бердиева ҳар бир туманда тадбиркорлар муаммоларини ўрганадиган бўлимлар ташкил этиш, бу бўлимлар фақат тадбиркорлар муаммоси билан шуғулланиши кераклигини билдирди. Унинг таклифини иштирокчилар ҳам қўллаб-қувватлашди.

“Бу орқали фақат тадбиркорнинг муаммоси эмас, балки тадбиркор орқали юзага келаётган муаммолар ҳам назорат қилиниши керак. Чунки бугун айрим тадбиркорлар хорижга экспорт қилаётган маҳсулотларининг устки қисмига сифатли, тагига эса истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни жойлаб юбормоқда. Бундай нохуш ҳолатлар давлатимизнинг бошқа давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлигига зарар етказади. Шу боис, хорижга экспорт қилинаётган маҳсулотларимиз устидан давлат стандартини ўрнатиш керак”, – деди  халқ ноиби А.Мирзаев.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда партия тузилмаларидаги ҳар бир ходим, ҳар бир депутат ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги таъкидланди.

O‘zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

 матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1250
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+