“Асосий дастуримиз бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас”

22.07.2019, 18:26

 “Асосий дастуримиз бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас”

Пойтахтимизда O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида партия Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаларининг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда сўз олган партия Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров йиғилганларни амалий таклифлар билан фаол иштирок этишга чақирди.

Т.Назаровнинг айтишича, ўтаётган ҳар бир кун бизни муҳим сиёсий жараён – парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга яқинлаштирмоқда. Табиийки, мазкур сайловларга муносиб қатнашиш етакчи партия сифатида катта тайёргарлик ва масъулиятни талаб қилади.

“Асосий дастуримиз бугунги ислоҳотларга ҳамоҳанг эмас. Бу етакчи партиянинг бугунги мавқеига тўғри келмайди. Шунинг учун ҳар иккала дастур устида яна ишлашимиз керак. Бугунги йиғилиш ҳам фаолларимиздан дастур юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар олиш мақсадида ташкил этилди. Шу боис, тадбирга фаол иштирок этиб, ўз таклифларингизни билдиришингиз мумкин”, – деди Т.Назаров.

Ушбу чақириқдан сўнг иштирокчилар, депутатлар дастур лойиҳасини шакллантириш борасида ўз таклифларини ўртага ташлашди.

“Дастурда коррупция масаласига алоҳида тўхталишимиз керак. Чунки бу мавзу ҳамон долзарблигини йўқотгани йўқ. Нега десангиз жамият ривожига тўсиқ бўлаётган энг катта иллат – бу коррупциядир. Коррупцияга қарши кураш жараёнида эса нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан сиёсий партияларнинг фаоллиги сезилмаяпти. Шу боис, партия дастури ва Сайловолди дастуридан бу масалалар ҳам ўрин олади, деган умиддамиз”, – дейди партия фаоли Бахтиёр Эргашов.

Тадбирда жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин тайёргарлик кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Муроджон ЎРИНОВ,

 O‘zLiDeP Тошкент шаҳар

  Кенгаши матбуот котиби

  • Кўрилди
    1337
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+