Вобкенту Когондаги эшитувлар

24.07.2019, 16:37

Вобкенту Когондаги эшитувлар

натижасида Бухоро вилоятида ўз бизнесини бошлаш арафасида турган аёлларга алоҳида эътибор қаратилаётгани ойдинлашди

Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилишида иқтисодиёт ва ҳудудни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи А.Сафаровнинг истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш,   аҳолининг  эхтиёжини тўлиқ қондириш, жумладан, мақбул нархлар бўйича кенг турдаги  озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан  ҳисоботи тингланди.

Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида эса ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи  ўринбосари А. Ражабов давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 июндаги  “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги  қарорида белгиланган вазифалар  ижросини тизимли равишда ташкил қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида  ахборот берди.

Шаҳардаги тижорат банклари томонидан 2018 йил давомида 54 та тадбиркорлик субъектига жами 13,8 млрд. сўм, жумладан, 2 та тадбиркорга халқаро молия ташкилоти ҳисобидан 404 минг доллар миқдоридаги кредит ажратилганлиги маълум қилинди. Шунингдек, бугунги кунда ишсиз аҳолидан 128 нафарининг бандлигини таъминлаш мақсадида 1 млрд. 212,9 млн. сўм имтиёзли кредит берилган. Бу борада, айниқса, ўз бизнесини бошлаш арафасида турган аёлларга алоҳида  эътибор қаратилмоқда. Имтиёзли  кредитларнинг 51 таси ёки 39,2 фоизи айнан тадбиркор   аёлларга тақдим этилгани фик­римиз далилидир.

Эътиборлиси, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида  жами 7 млрд. 23 млн. сўмлик  305 та кредит ажратилган бўлиб, уларни ўзлаштириш кўрсаткичи ҳозирда 58,5 фоизни  ташкил этаётир. Хусусан, наслли чорва моллари парвариши, қўйчилик, қуёнчилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиш, иссиқхона қуриш учун ажратилган кредитлар шулар жумласидандир.

Халқ депутатлари Когон туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг нав­батдаги йиғилиши “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида кейинги пайтда амалга оширилган ишлар муҳокамасига бағиш­ланди. Кун тартибидаги масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари З.Шариповнинг ҳисоботи эшитилди.

Савол-жавоб тарзидаги мунозараларда халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари О.Ачилдиева, депутатлик гуруҳи аъзоларидан А.Равшанов, О. Азимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Давлат дастури асосида ҳудудда бажарилаётган ишлар янада авж олдирилиши, жумладан, иш билан таъминланмаган ёшлар яшайдиган хонадонлар учун 20 тагача парранда ва қуён, 5 та майда ва 2 та йирик шохли  қорамол сотиб олиш зарурлигини  тилга олиб ўтдилар. Ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бино ва офис техникаси ҳамда бошқа жихозларни ижарага беришда ёрдам кўрсатиш  даркорлиги ҳам йиғилишда бир неча бор айтиб ўтилди.

Асхор  ИСТАМОВ,

XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    947
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+