Фермер фаолиятига маҳаллий ҳокимият органларининг аралашуви уларнинг эркин ҳаракат қилишига имкон бермаяпти?

25.07.2019, 15:11

Фермер фаолиятига маҳаллий ҳокимият органларининг аралашуви уларнинг эркин ҳаракат қилишига имкон бермаяпти?
Сурхондарёда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари иштирокида ўтказилаётган давра суҳбатларида партиянинг янгиланган Дастури ва Cайлов олди дастури лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда.
 
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этаётган тадбирларда жорий йил 13 июндаги партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма мажлисида OʻzLiDePнинг сўнгги икки йилдаги фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, шу йил декабрь ойида ўтказиладиган сайловда фаол иштирок этиши бўйича устувор вазифалар белгилаб олингани алоҳида таъкидланмоқда.
 
OʻzLiDePнинг Сурхондарё вилоят кенгаши муҳим сиёсий жараён — Парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этишга пухта ҳозирлик кўрмоқда. Шунга асосан ўтган беш йилда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинаётир.
 
– Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида бизнинг фаолиятимизга тааллуқли қатор долзарб масалаларни илгари сурди, — дейди OʻzLiDeP вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А. Рўзиев. — Жумладан, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил ва танқид қилинди. Бунга партиянинг “Аёллар қаноти” бўлими фаолиятидаги оқсоқликлар яққол мисол бўлади. Шунингдек, тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш учун қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларни аҳолига етказиш, кичик бизнес вакиллари ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари эътибордан бироз четда қолгани ҳам кузатилмоқда. Бундай нуқсонларга барҳам бериш учун партиянинг туман, шаҳар кенгашлари, “Ёшлар қаноти” ҳамда бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини янада оширишимиз керак. Партиянинг янгиланган Дастури ва сайловолди дастури лойиҳаси Ҳаракатлар стратегиясига ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган. Бунда партия ўз олдига қатор вазифаларни қўймоқда. Албатта бу ўзгаришларнинг барчаси партиянинг маҳаллий кенгашларида муҳокама этилиб, билдирилаётган таклиф ва мулоҳазалар тингланаётгани аҳамиятлидир.
 
Партиянинг вилоят кенгашида ташкил этилган давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари жойларда дуч келинаётган айрим муаммоларга эътибор қаратди.
 
– Фермерларимизнинг фаолиятига маҳаллий ҳокимият органларининг аралашуви уларнинг эркин ҳаракат қилишига имкон бермаяпти, — дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилоят бўлинмаси раҳбари, вилоят кенгаши депутати А. Норқобилов. — Уларга зироатни қандай экиш, агротехник тадбирларни олиб бориш бўйича эркинлик бериш керак. Фермер ўзига ажратилган ер майдонининг иссиқ-совуғини бошқалардан кўра яхшироқ билади. Экин-тикиннинг тилини яхшироқ тушунади. Демакки, ўз қоидалари, тажрибаларига асосан иш юритсагина, ҳосил мўл бўлади. Бу биринчи таклифим. Иккинчиси, бугун юрагида ўти бор ёшларимиз кўп. Улар ҳозирги сиёсий жараёнларга нисбатан ўз фикрини очиқ баён эта олади. Фақат уларни тинглаш зарур. Бунинг учун йигит-қизларга мустақил сўз айта оладиган майдон яратиш керак.
 
Айни кунларда OʻzLiDePнинг шаҳар ва туман кенгашларида ўтказилаётган давра суҳбатлари ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлмоқда.
 
– Мамлакатимизда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган уюшма ташкил этиш лозим, – дейди OʻzLiDeP Денов туман Кенгаши раисининг мафкуравий, тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари О. Обиджонов.– Шунингдек, тижорат банкларидан ташқари тадбиркорларга кредитлар ажратишда кўмак берадиган инвестицион фондлар ташкил этиб, бу йўналишда ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш керак. Партия тадбиркорларга фақат бошланғич кўмакни бериш билангина чекланмай, унинг кейинги фаолиятида учраётган тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиши зарур, деб ўйлайман.
 
Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга берилаётган уй-жойларнинг бошланғич тўлови миқдорини камайтириш, оилавий ажримларга сабабчи бўлаётган учинчи шахс аралашувини қонун йўли билан чеклаш ва уларга нисбатан жарималар белгилаш каби таклифлар берилди.
 
— Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилаётган уй- жойларнинг бошланғич тўлови миқдорини камайтириш масаласини илгари суриш керак, – дейди Қўмқўрғон туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, партия фаоли З.Хидирова. — Бундан ташқари оилавий ажримлар билан боғлиқ масалаларнинг аксарият қисми учинчи шахс аралашуви натижасида юзага келаётганига кўп дуч бўлаяпмиз. Баъзан эса ёш оила вакиллари қолиб, уларнинг ота-оналарига ҳеч нимани тушунтириб, уқтириб бўлмайди. Оқибатда, кексалар қистови билан ёш оила вакиллари ажралишга мажбур бўлмоқда. Бунинг олдини олиш, эр-хотиннинг яқин қариндошлари оилавий ҳаётига аралашгани, вазиятни оғирлаштиргани учун қонуний жазо тайинланиши зарур, деб ҳисоблайман. Балки уларга маъмурий жарима қўллаш керакдир. Бошпанасиз, фарзанди билан ёлғиз қийин аҳволга тушиб қолаётган аёлларни шу тартибда ҳимоя қилиш вақти келмадимикан?
 
Партиянинг Узун, Сариосиё, Ангор, Музработ каби туман кенгашларида бўлиб ўтган давра суҳбатларида ҳам OʻzLiDePнинг сайловолди дастури лойиҳасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
 
Вилоятда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг янгиланган Дастури ва Cайлов олди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.
 
ЎзА
  • Кўрилди
    153
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+