Янгиланаётган Шарғун

25.07.2019, 16:09

Янгиланаётган Шарғун

O‘zLiDeP шаҳарча аҳолиси ва ҳашарчилар билан учрашди

Сурхон воҳасининг тоғли ҳудудлари билан туташ Шарғун шаҳарчаси бугун кўркам ва замонавий кўриниш олаётган, катта қурилиш майдонига айланган масканлардан. Қурилиш майдонларида оддий қурувчилар қатори тегишли вазирлик ва идоралар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари ҳамнафас, ҳамжиҳат иш олиб бораётир. O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши фаоллари ҳам бу ободонлаштиришда фаол меҳнат қилаётган ҳашарчилар билан учрашишди. Улар билан самимий мулоқот олиб борилиб, 60 нафардан ортиқ меҳнаткашларга партиянинг совғалари улашилди.

— Бу ерга ташриф буюриб, янги уй-жойларни барпо этиш, эски уйларни таъмирлаш, турли ижтимоий соҳа объектларини қуриш, йўлларни тартибга келтириш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини яратиш, томорқа ва тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилашга қаратилган кенг қамровли қурилиш ишларига гувоҳ бўлиб, чиндан-да Шарғунга янгича ҳаёт шукуҳи кириб келаётганига гувоҳ бўлдик, — дейди O‘zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Алишер Рўзиев. — Шаҳарчада мавжуд 4 та маҳаллада 15 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Бугун уларга қараб, одамларнинг ислоҳотлар билан уйғун ва мамнун кайфиятини ҳис қилдик.

Дарвоқе, Пезидентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва шаҳарчани обод гўшага айлантириш бўйича қатор вазифалар белгиланганди. Аввало айтиш керакки, Шарғун тоғидаги кўмир захираси 39993 минг тонна эканлиги аниқланди ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Хитой давлатининг Эксим банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига конда 2021 йилгача кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бажарилиб, йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. Шу ҳисобда 600 нафар киши учун иш ўринлари яратилади. Шунингдек, 150 нафар кишига мўлжалланган иш ўринлари очилиб, 2019-2020 йилларда йилига 500 минг тонна брикет ишлаб чиқариш ташкил этилади.

Шарғун тоғлари ва тепаликлари остида геология-қидирув ишларини олиб борган мутахассислар 5, 128 миллион тонна оҳактош захираси мавжудлигини аниқлашган. Бу ер ости бойлигидан унумли фойдаланиш мақсадида 2019-2020 йиллар орасида салоҳиятли хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар маблағини жалб қилган ҳолда йилига 100 минг тонна қурилиш учун зарур оҳак ишлаб чиқаришни ташкил этиш белгиланган. Бундан ташқари, кўмир конига туташ тепаликларда 17,148 миллион тонна гипс ва ангидрит захираси борлиги аниқланган. Шу ҳисобда йилига 50 минг тонна қурилиш гипси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Бундан ўн-ўн беш йил муқаддам Сариосиё тумани деҳқонлари ғўза, ғалла етиштириладиган майдонларига фосфорит ўғитини солиб, мўл ҳосил етиштиришганда, бошқа туманларнинг деҳқонлари ҳавас қилиш билан бирга Сариосиё тоғларида фосфорит конлари борлигига шубҳа билан қарашганди. Бугунги кунга келиб Шарғун тоғларида 9,2 миллион тонна фосфорит захираси мавжудлиги мутахассислар томонидан исботланди. Жорий йилда “FOSFORITE CHEMIKAL” МЧЖнинг 6 миллион АҚШ долларли маблағи ҳисобидан 30 нафар кишини иш билан таъминлайдиган корхона очилиб, йилига 80 минг тонна фосфорит минерал ўғитини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

 Дарҳақиқат, заминимиз остида кўплаб бойликлар мавжудлиги кишини қувонтиради. Мутахассислар кўмир конларига туташ жойларда кумуш хомашё захираси 357,5 тоннадан кўпроқ эканлигини аниқлашган. Энди бу бойликни қазиб олиб, халқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш зарур. Ҳозирда йилига 10 тонна кумуш хомашёсини қазиб олиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

 Албатта, ер ости бойликларини қазиб олиш, улардан халқ хўжалигига зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фаол қатнашадиган ишчи — хизматчиларнинг иш унуми юқори бўлиши учун биринчи галда улар яшайдиган шаҳарчадаги уй-жойлар, хизмат кўрсатиш шахобчаларида ҳар томонлама қулайликлар яратиш талаб этилади. Шу мақсадда Шарғун шаҳри “Обод маҳалла” дастурига киритилиб, бир неча ойдан буён шаҳар ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилаяпти.

Шарғунда яшайдиган аҳоли фарзандлари спорт билан мунтазам шуғулланиши учун “Шахтёрлар” ўйингоҳи қайта қурилди. Ўйингоҳ базасида янги ва замонавий БЎСМ барпо этилди. Айни пайтда бу жойда ташкил қилинган тўгаракларда ёшлар ўзлари қизиққан футбол, бокс, стол тенниси, волейбол, баскетбол, гимнастика билан шуғулланишаяпти.

Шунингдек, 150 ўринли туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохона қайта қурилиб, замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан таъминланди. Эндиликда бу жойда 80 ўринли перинатал маркази барпо этилмоқда. Шунингдек, шахтёрларга тиббий хизмат кўрсатадиган поликлиника ва хусусий клиника, диагностика марказлари қурилмоқдаки, келажакда Шарғун шаҳри аҳолиси туман маркази ва бошқа жойлардаги тиббиёт муассасаларига сарсон бўлиб юришмайди.

Учрашувда ана шу янгиланишлар алоҳида таъкидланди. Тадбирда йиғилганлар учун ташкил этилган концерт дастури барчага кўтаринкилик бағишлади.

O‘zLiDeP Сурхондарё

вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    1089
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+