Сайлов кодекси – ёшлар нигоҳида

25.07.2019, 18:20

Сайлов кодекси – ёшлар нигоҳида

Мирзаобод туманида сайловолди дастурига бағишланган давра суҳбати савол-жавобларга ҳамда таклифларга бой бўлди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Мирзаобод туман Кенгаши “Ёшлар қаноти” гуруҳи ташаббуси билан “Сайлов кодекси – ёшлар нигоҳида” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Депутатлар, партия фаоллари, Баркамол авлод болалар маркази аъзолари ҳамда ёшлар иштирок этди.

- Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар том маънода ҳар бир сиёсий партия учун ўзига хос синов вазифасини ўтайди, - деди туман Кенгаши аппарат раҳбари Ҳабибулла. - Сафдошларимиз олдида турган вазифа муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари сайловларига пухта ҳозирлик кўрган ҳолда муваффақиятли иштирок этишдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар янги қабул қилинаётган сайловолди дастури ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва бу жараёнда ёш йигит-қизларнинг фаоллиги нечоғлик муҳимлигига алоҳида урғу берди.

Таъкидланганидек, янги сайловчилик қонунларига асосан Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг электрон рўйхати амал қилиши тартиби қонунчилик даражасида тартибга солинмоқда. Яъни – “битта сайловчи – битта овоз” принципи бўйича фақат битта сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби татбиқ этилишини таъминлайди. Ягона ҳужжатни жорий қилиш қоидалари орқали “Сайлов варақаси” деган тушунча ҳам бекор қилиниб, муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз беришда асосий ҳужжат сифатида фойдаланилади.

Сайлов кодексига кўра фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича таклифлар киритиш тартиби белгиланиб, номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилади ва округ сайлов коммиссиясига тасдиқлаш учун тавсия қилинади. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мазкур сайлов кодексида йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга эга, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида тажрибага эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар сайлов комиссияларининг аъзолари бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Сайлов Кодексининг кучга кириши  очиқлик, ошкоралик тамойиллари, ғоялар ва дастурлар кураши остида ўтишига эришиш, номзодлар танлашга жиддий ёндошиш, ишончли вакил ва кузатувчиларнинг сиёсий билимларини оширишга эътибор қаратиш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Сайлов тизимини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш йўлидаги саъйи ҳаракатлар сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар борасида ҳам бир қатор мисоллар келтириб ўтилди.

Ёш тадбиркор Гулжаҳон Қаршибоева энди оёққа туриб келаётган, ўз бизнесини ривожлантираётган тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рекламасида маълум бир чегирмалар бўлиши ва бу масала партия томонидан қўллаб- қувватланишини дастурга киритишни таклиф этди.

Тадбир якунида  ёшлар миллий сайлов қонунчилиги бўйича  ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

 Рустам ҚЎШБОҚОВ,

Халқ депутатлари Мирзаобод тумани

Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик

гуруҳининг ижрочи котиби

  • Кўрилди
    1151
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+