“Ark travel” сайёҳлик компанияси раҳбари Инобат Каримова “Ишбилармон аёл” танловининг Бухоро вилоят босқичи ғолиби бўлди

26.07.2019, 16:13

“Ark travel” сайёҳлик компанияси раҳбари Инобат Каримова “Ишбилармон аёл” танловининг Бухоро вилоят босқичи ғолиби бўлди

– Мана, олти йилдирки, Бухорои шарифга ташриф буюрадиган маҳаллий ва чет эллик сайёҳларга компаниямизга қарашли сўнгги русумдаги хорижий автобуслар ёрдамида транспорт хизмати кўрсатиб келмоқдамиз, – дейди фахрли 1-ўринга сазовор бўлган “Ark travel” сайёҳлик компанияси раҳбари Инобат Каримова.

– Кейинги ярим йилда Малайзия, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар билан ўзаро манфаатли шартномалар тузишга эришдик. Бу эса фаолия­тимизни янада такомиллаштириш имконини беради.

Навоий вилоятидаги бир қатор хориж компаниялари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Муборак шаҳридаги ишлаб чиқариш корхоналари... булар – Бухородаги “Эркатой болажон” МЧЖ цехларида чевар тикувчи ва моҳир усталар бежирим қилиб тиккан болалар оёқ кийимлари ва ортопедик маҳсулотларга доимий буюртма берувчилар номлари. Тайёр маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлиги мазкур ишлаб чиқариш субъектининг турдош корхоналар ва оддий харидорлар орасидаги обрў-эътиборини йил сайин оширмоқда. Коллеж битирувчиларидан Дилноза Рустамова, Дилноза Эргашева, шунингдек, ўз касбининг моҳир усталари – Дилбар Қораева, Мавлуда Намозова, Шаҳло Собирова кабиларнинг ғайрат-шижоати туфайли ўтган ярим йилда 480 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 200 жуфт пойабзал, 3 мингта махсус кийим-бош буюртмачи корхоналарга ўз вақтида етказиб берилди. Бугунги кунда 70 киши “Эркатой болажон” цехларида доимий иш билан банд.

Корхона раҳбари, партия фаоли Фотима Зиёдуллаеванинг ташаббускорлиги, жамоада соғлом маънавий муҳитни ярата олгани ишлаб чиқаришда ҳам сезиларли ютуқларни қўлга киритиш имконини беряпти.

Танлов натижаларига биноан Фотима Зиё­дуллаева билан бирга Қоракўл туманидаги “Моҳинур” хусусий корхонасига қарашли кардио­логия даволаш клиникаси раҳбари, олий тоифали провизор Гулнора Комилова ҳам фахрли 2-ўриндан жой олди.

2007 йили атиги 5 киши билан дорихона фао­лиятини йўлга қўйиб, ўз мутахассислиги бўйича иш бошлаган Гулнора Комилова изланишда тинимсиз давом этди. Саккиз йилдан сўнг “Моҳинур” хусусий корхонасида шифо излаб келган беморларга хизмат кўрсатишга ўтди. Унинг фаолияти бардавом бўлишида “Асакабанк”дан ажратилган 350 миллион сўмлик кредит қўл келди. Бугунги кунда бу ерда малакали мутахассислардан 30 кишининг банд­лиги таъминланган. Ушбу корхона тасарруфидаги клиникада ҳозирги пайтда физиотерапия, лаборатория, кардиология, неврология ва бошқа йўналишларда беморларга сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Кам таъминланган оила аъзолари, эхтиёжманд ва якка-ёлғиз кишилар бепул тиббий хизматдан фойдаланишлари мумкин. Шу йилнинг 1 сентябридан бошлаб ишга туширилиши кўзда тутилган янги клиникада эса яна бир қатор тиббиёт мутахассислари, жумладан, эндокринолог, гинеколог, қулоқ, томоқ, бурун, кўз хасталикларини даволовчи шифокорлар ҳам фаолият кўрсата бошлайди.

Ҳайъат аъзолари ушбу партиявий лойиҳа талаблари даражасида иш юритиб келаётган бошқа бир қатор ишбилармон аёлларни ҳам аниқлаб, меҳнати ва ютуқларини муносиб тарзда эътироф этишди.

– Муҳими, фақат ғолиблик эмас, – дейди партия вилоят Кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Робия Салихова. – Кўрик-танлов иштирокчилари ўзаро тажриба алмашиб, бундан кейинги режа ва вазифаларини белгилаб олишди. Бу имконият келгусида уларнинг фаолияти ривожида жуда асқотади.

Таомилга кўра 3-ўрин бир йўла 3 нафар хотин-қизга – Когон шаҳридаги “Малика текстиль” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Асалхон Мамаюсупова, Бухоро шаҳридаги якка тартибдаги тадбиркор Умида Кабилова ҳамда Олот туманидаги “7х7” хусусий корхонаси раҳбари Гулчеҳра Қораевага насиб этди.

Фаол хотин-қизлар бошқа номинациялар бўйича ҳам рағбатлантирилди.

 Асхор ИСТАМОВ,

“XXI asr” мухбири

  • Кўрилди
    1304
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+