Қашқадарёда очиқ ва самимий мулоқот

26.07.2019, 16:21

Қашқадарёда очиқ ва самимий мулоқот
Янги давр  янгича ёндашув, ўзига хос талаб ва истакларни ўртага қўймоқда
 
Қарши шаҳрида O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ниҳоятда очиқ ва ошкора руҳда ўтганлиги билан кўпчиликда катта таассурот қолдирди. 
 
Тадбирда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ва ёшлар иштирок этдилар. Давра суҳбатини O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Турсунов олиб борди. 
 
– Бугунги кунда барча сафдошларимиз олдида турган долзарб вазифа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари сайловларига пухта ҳозирлик кўрган ҳолда, муваффақиятли иштирок этишдир, – деди у ўз маърузасида. – Президентимиз амалга оширилаётган ислоҳотларда сиёсий партиялар етакчи куч бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидламоқда. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичидаги янги вазифалар фаолиятимизни танқидий таҳлил асосида қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. 
 
– Парламент қарорларининг юридик кучи чегарасини аниқ белгилаш керак, – деди вилоят Кенгаши депутати Мустафхон Султонов. – Парламент назорати қарорларига “Маълумот учун қабул қилинсин”, “Етарлича даражада эмас, деб топилсин” деган тавсия­вий характер бериш билан амалий натижага эришиб бўлмайди. “Партиямиз ҳокимлар мақомлари тўғрисида”ги, “маҳаллий кенгашлар фаолияти
тўғрисида”ги ва” регламент тўғрисида”ги бир қанча қонун лойиҳалари устида ишлаши лозим.
 
 
Панжи Жалилов, O‘zLiDeP Муборак туман Кенгаши раиси, иқтисод фанлари номзоди, доцент:
 
– Шиддаткор замондан орқада қолиб кетмаслик учун ҳар бир соҳага инновацияларни татбиқ қилиш зарур. Юртимизда ер ости ва ер усти бойликлари бисёр. Агар хориж инвестициясини жалб этиб, маҳаллий ишлаб чиқаришни замонавийлаштирсак, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтира оламиз. Ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. АКТни ривожлантириш, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчи технопарк тизимини йўлга қўйиш мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширибгина қолмасдан, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Солиқ тўлашда барчага тенг имтиёз берилса, соғлом рақобат кучайиб, адолат тамойили ўрнатилади. Экспорт қилувчи корхоналарга давлат тарафидан узоқ муддатли кредитлар ажратилиши керак. Юқори технологик ишлаб чиқариш жараёни жуда узунлигини ҳисобга олиб, кредитлар муддати 5 йилдан 10 йилга узайтирилиши шарт. Давлат мулки объектлари ва бўш турган ер участкаларини тадбиркорларга сотиш тартибини соддалаштириш мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга  кўмак беради. Корхона белгиланган инвестицияни ортиғи билан бажарган бўлса, у фаолият кўрсатаётган ерни 5 йил тўлмаса ҳам хусусийлаштириб бериш мақсадга мувофиқ.
– Халқ депутатлари ҳудудий кенгашларини ҳокимлар бошқариши амалиётидан воз кечиш ташаббуси биз депутатларнинг олдимизда улкан ишлар, масъулиятли вазифа турганини англатади, – деди сўзга чиққан халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Абдусалим Мўминов. 
 
– Аммо тажрибадан маълумки, сенаторлар сайловида биз депутатларни бир жойга тўплаб, вилоят ҳокимлиги масъуллари номзодлар исм-фамилияларини ярим соат ичида танлаб, ўқиб эшиттириб, сўнгра қўл кўтариб уларга овоз беришимизни сўрашади. Аммо бўлғуси сенатор ким, қандай тажрибага эга, сиё­сий, иқтисодий-ҳуқуқий саводхонлиги қанақа, яратилаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини ўрганиб, ўз фикрини билдиришга қодирми-йўқми, биз бехабар бўлганмиз. Агар халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раислари ҳам ҳокимлар томонидан танланиб,  сўнгра депутатлар томонидан шунчаки сайланса, ижобий  ўзгариш ва янгиликлар бўлишига ишонмайман.  
 
Шоира Ҳайдарова, партия фаоли:
 
 – Хусусий тиббий хизматни кенг йўлга қўйиш орқалигина аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш мумкин. Дастурда хусусий тиббиёт муассасалари қуриш учун тадбиркорларга ер ажратиш тартибини соддалаштиришни назарда тутиш лозим. Ҳозирда Қарши шаҳрида кўпгина хусусий тиббиёт муассасалари ижарада фаолият олиб боради. Ижара ҳақи ойига 20 миллион сўм. Газ, электр, ичимлик сув тўловларисиз. Натижада пуллик тиббий хизмат нархи ҳам анчагина юқори. Агар тадбиркорга бино қуриш учун ер ажратилса, тиббий хизмат учун олинадиган ҳақ анчагина пасайиши турган гап.   
 
– Фермерга етиштирган маҳсулотларини сотиш ҳуқуқини тўла бериш керак, – деди Касби туман “Юрт ризқи” МЧЖ раиси Насрулло Худойбердиев. – Деҳқоннинг ҳосили пишгач, эга кўпайиб қолади. Далада ишласанг-у, уйингга буғдой тўколмасанг, бу қандай гап? Дон, пахта, пилла етиштириш бўйича шартнома давлат билан тузилиши, маблағи давлат томонидан тўланиши керак. Бугунги кунда қурилиш ташкилотлари зарур материалларни марказлашган ҳолда Тошкентдан олиб келишга мажбур бўлмоқда. Монополиянинг бундай кўриниши қурувчиларнинг норозилигини келтириб чиқаряпти. 
 
Муродилла Турсунов, оилавий тадбиркор, Қарши тумани:
 
 – Очиғини айтиш керак, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларидаги томорқа билан шуғулланувчи мутахассислар ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаяпти. Улар қишлоқ ва маҳаллаларга ойдаям бир келишмайди. Шунинг учун маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинида томорқа ер эгалари билан фаолият олиб борувчи штат бирликлари ажратиш керак. Бугунги кунда рес­публикамизда гўшт маҳсулотларининг нархи кескин кўтарилиб кетди. Бунинг сабаби чорва моллари боқиш учун ем-озуқани заводлардан олиш жуда қийин. Эркин савдони ташкил этиб, ёғ-экстракция заводлари ихтиёридан олиб, дўконларда сотиш керак. Чорва билан шуғулланувчи фермерларга ем маҳсулотларини имтиёзли нархларда бериш керак. Ҳозир эса улар устига “шапка” бериб, ем сотиб оляптилар. 
 
– Бугун мамлакатимизда битирувчи ёшларнинг атиги 15 фоизи олий таълим муассасаларида таълим оляпти, – дейди ёш тадбиркор Наргиза Саломова. – Ҳолбуки, ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 70-80 фоизни ташкил этади. Кўпчилик тадбиркорлар ўрта маълумотли бўлгани боис иқтисодни, сиёсатни яхши тушунишмайди. Институтларга қабул квоталарини кўпайтириш орқали шартнома пулларини камайтириш мумкин. Ана шунда 60-70 фоиз ёшлар олий маълумот олиш бахтига муяссар бўлишади.
 
Раҳмиддин Боражабов, “Капитал инвест” МЧЖ раҳбари, Косон тумани:
 
– Вилоятдаги кичик саноат зоналарида фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг иши унчалик ҳам юришаётгани йўқ. Банклардан кредит олишда қатор қийинчиликларга дуч келишяпти. Агар кичик саноат зонаси тавсиясига асосан имтиёзли кредит олиш имкони яратилса, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги кескин ошган бўларди. Кичик саноат зоналаридан ажратилаётган ерларда тадбиркорларга ўзи истаган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳуқуқи берилса, уларнинг фаолияти жонланиб, ёшлар учун янги-янги иш ўринлари пайдо бўларди. Чунки тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқаришни бозорга қараб танлайди. Ҳокимият талаби билан тайёрланаётган маҳсулотларни ҳеч ким харид қилмайди. Чунки ҳамма шу маҳсулотни ишлаб чиқаради-да. 
Жаббор Қодиров,
Халқ депутатлари Миришкор туман Кенгаши депутати:
 
– Янгиланган дастурда илмий ишланмаларни рағбатлантиришга, иқтидорли ёш олимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга кўпроқ эътибор қаратиш зарур. Халқимиз ёшлардан янги кашфиётлар кутмоқда, бу эса қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда жуда муҳим. Бугун воҳа далаларига экиладиган ғўза навлари 150 кунда пишиб етилади, чигит ва тола чиқиши ҳам талабга жавоб бермайди. Бу муддат жуда кўп бўлиб, йиғим-терим ишларини ёғин-сочинли кунларгача давом эттиришга мажбур бўласиз. Агар олимлар тезда пишиб етиладиган янги нав яратишса, ундан 50 фоиз тола ва 50 фоиз чигит олинса, фермер хўжаликларининг иқтисодий қуввати ортган бўларди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер ости сув захираларини иқтисод қилиш мақсадида сув тежаш технологияларини ўрнатиш, ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, қишлоқ хўжалигига салоҳиятли корхоналар ва инвесторларни жалб этиш давр талабидир. Фермерга ерга тўлақонли эгалик ҳуқуқи берилса, манфаатдорлиги ортиб, янада баракалироқ ишлашга, ердан мўл ҳосил олишга иштиёқи кучаяди. Маълумки, бугун қишлоқ хўжалигимиз маъмурий бошқарувга асосланган. Бу далада ишлаётганларнинг меҳнатига яраша ҳақ тўланиши ва эркин фаолият олиб боришига монелик қилмоқда. Шартномавий муносабатларга тўлиқ ўтиш бундай номақбул ҳолатларга чек қўяди. Фермер ёки деҳқон хўжалиги раҳбари шартномани бажаргач, ортган ҳосилни хўжалиги ихтиёрига қолдиришга тўла ҳақли бўлади. Шундай замонавий комбайнлар яратиш керакки, териш жараёнида пахтани тола билан чигитни ажратиб олсин. Ана шунда фермер чигит ва толасини алоҳида нархларда сотиш имконига эга бўлади.  
 
– Дастуримиздан ўрин оладиган “Тадбиркорлар куни”ни қонун асосида белгилаш борасидаги таклиф мени қувонтириб юборди, – деди Касби туманидан келган ёш фермер Акмал Оромов. – Бугунги ёшларни тадбиркорликка йўналтириш бироз оғир кечаётгани бор гап. Йигит-қизлар ишбилармонликни ўрганиш учун икки йил муддатлик қимматли вақтларини сарфламоқда. Агар биз мактабларда 5-синф­дан бошлаб тадбиркорлик дарсларини йўлга қўя олсак, ёшлар мактабни битиргунларига қадар ўз саъй-ҳаракатларини жамлаб, маҳоратларини шакллантира олардилар. Бундай сабоқларни тадбиркорлик субъектлари ва хонадонларда ҳам ташкил этса бўлади. Мен тез-тез мактабларда бўлиб “Тадбиркорлик сабоқлари”ни ўтганимда ёшларимизда ишбилармонликка иштиёқ юқори эканига амин бўламан. 

 
Сарвар Бекмуродов, партия вилоят Кенгаши ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири:
 
– Партиямизнинг янгиланган дастурида ҳар бир туман Кенгаши ўз биносига эга бўлиши алоҳида қайд этилиши керак деб ҳисоб­лайман. Чунки кўпгина туман кенгашлари ижарада фаолият олиб бормоқда. Ҳаттоки вилоят Кенгаши ишлаётган бино ҳам партия имижига мос эмас. Ҳар бир Кенгашни тарғибот воситалари билан таъминлаш учун тушумларнинг бир қисмини қолдириш, фаолларни мунтазам рағбатлантириш учун маблағ ажратиш ҳам ғоявий-сиёсий, ташкилий партиявий ишларни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
– Китоб тумани мева-сабзавот ва боғдорчиликка ихтисослашган, – деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тадбиркор Алишер Бойқораев. – Аммо фермер ва тадбиркорлар тайёр маҳсулотларини хорижга чиқаришда қатор қийинчиликларга дуч келмоқда. Чунки маҳсулот тайёр бўлгач, вагонларга жойлаш учун кўп вақт кетади. Натижада сифат йўқолади. Агар тадбиркор ва фермерлар маҳсулотларни 5-10 тонналик юк машиналарига юклаб, хорижга экспорт қилса, юқори сифатда харидорга етиб боради. Ишлаб чиқарувчи ҳам яхшигина даромад кўради. Узумчиликни индивидуал ташкил этиш мумкин эмас. Шунинг учун узум етиштирадиган агрофирмаларни қайта очиш керак. Узумзорлар билган-билмаган кишиларга бўлиб берилгач, ҳосил кескин камайиб кетди. Чунки ҳар ким ҳар хил парвариш қилади. Узум эса ёппасига ишлов ва озуқа беришни талаб этади. Бу ҳақда ҳам жиддий ўйлашимиз керак. 
– Яқинлашиб келаётган сайловлар олдимизда турган жиддий синовдир, – деди тадбиркор Нарзулла Намозов. – Бу жараён шаффоф, адолатли ва қонунчилик принциплари асосида ташкил этилса, сайловчилар кўтаринкилик билан сайловда иштирок этиб, ўз танлаган номзодлари учун овоз берадилар. Аммо эскича қарашлардан воз кечолмаётган айрим ҳокимлар сайловларда ўзлари истаган номзодларни қолдириб, ёқмаганларини чизиб ташлашади. Номзодларни рўйхатга олиш жараёнида ташкилий назорат гуруҳи рўйхатни ҳокимга олиб киради. У рухсат берган номзодларгина матбуотда эълон қилинади. Биринчи текширувдан ўтсангиз ҳам, ҳокимнинг буйруғи билан сайловда етарли овоз олишингизга халақит қилишади, ҳар хил ўйинлар билан сизни барибир сайлашмайди. Ўтган сайловда бизнинг Қарши туманимизда ана шундай нохолисликлар содир бўлди, оқибатда одамлар сайловларни адолатли ўтишига шубҳа билдирдилар.  
  
Очиғини айтганда, кутилмаган, айниқса, кейинги йилларда илк марта қизғин баҳс-мунозаралар, танқидий-таҳлил асосида ўтган давра суҳбатида Сайлов кодексининг кучга кириши сайлов тўғрисидаги ҳужжатларни ягона тизимга солишга хизмат қилиши, сайловларни кучли партиялараро рақобат, ғоя­лар ва дастурлар кураши остида ўтишига эришиш, номзодлар танлашга жиддий ёндашиш, ишончли вакил ва кузатувчиларнинг сиёсий билимларини оширишга эътибор қаратиш каби муҳим вазифалар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
 
Сайфулла ИКРОМОВ,
 
“ХХI asr” мухбири
  • Кўрилди
    933
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+