Самарқанд: қизғин муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ошкора руҳда кечди ва амалий таклифлар билдирилди

26.07.2019, 16:22

Самарқанд: қизғин муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ошкора руҳда кечди ва амалий таклифлар билдирилди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилояти Кенгаши ҳамда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаоллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳалари муҳокама қилинди.
 
– 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Рес­публикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакатда яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши каби қатор омиллар бу галги сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида ўтишидан далолат беради, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Ботиров. – Муҳокамадаги ҳужжатлар лойиҳалари ана шу янгиланиш ва ўзгаришларга мос тарзда ишлаб чиқилган. 
 
Тўғри, партиямизнинг ўн олти йиллик тарихи давомида бир неча бор сайловолди дастурлари тайёрланган, лекин уларнинг ҳеч бири бу сафаргидек сайловдан анча олдин кенг муҳокама этилмаган эди. 
 
Давра суҳбатида беш йўналишдан иборат дастурнинг ҳар бир йўналишида белгиланган вазифа ва мақсадлар атрофлича муҳокама қилиниб, фаол иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
 
Ўзбекистонни 2050 йилгача 50 та ривож­ланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсади устуворлиги, ўз навбатида, ана шу мақсадга етиш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарурлигини тақозо этади. Бунда мамлакат иқтисодиётининг таянчи бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш лозим. Шу билан бирга, ижтимоий соҳа бўйича ҳам муҳим ташаббус ва ғоялар илгари сурилаётгани айни муддаодир.
 
Тадбир қатнашчилари соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал ривожлантириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, аҳоли учун арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича ҳам муҳим таклифларни баён этди.
 
– Ҳеч кимга сир эмаски, шу йилнинг декабрь ойида парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловда муносиб иштирок этиш партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси сектор мудири Акбар Музаффаров. – Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Аввало, сайловчиларни кейинги беш йилга мўлжалланган ғоя ва мақсадларимизга ишонтира олишимиз лозим. Мазкур жараёнга бугунги сайловчининг талаби мутлоқо янгичалиги, яқин ўтмишдагидан анча фарқ қилишини, зеро, эндиги сайловчи янгиланаётган, ўзгараётган Ўзбекистон фуқароси эканини теран англаган ҳолда киришимиз керак бўлади. Бинобарин, сўз ва ахборот эркинлиги ҳуқуқи кенг таъминланаётган, сиёсий қарашлари анча теран, ижтимоий фаоллашган, очиқ ахборот маконидан ҳеч бир монеликсиз фойдаланаётган сайловчиларни ғоя ва мақсадларимизга эргаштириш осон бўлмайди. Бугун одамларнинг дунёқараши, сиёсий қарашлари, ҳуқуқий савияси ўсди. Партия олдида эса ана шундай талаб даражасида фаолият юритиш масаласи турибди. 
 
Демак, партиямиз дастури ва сайлов­олди палтформаси ҳаётга яқин, халқчил вазифаларни ўзида мужассам этиши давр талабидир. Айни шу мақсадда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қарори билан шакллантирилган ишчи гуруҳлар томонидан жойларда фаоллар иштирокида партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳаси кенг муҳокама қилинди. 
 
O‘zLiDeP Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан ҳам мазкур тадбирлар вилоят, туман (шаҳар) даражасида уюшқоқлик билан ташкил этилди. Жонли мулоқот ва баҳс-мунозараларга бой бўлган давра суҳбатлари давомида 80 га яқин маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, БПТ раислари томонидан 200 га яқин фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, Самарқанд вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси,  Халқ депутатлари
 
Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Шоҳрух Жўрақулов хусусий тадбиркорларга кенг имтиёзлар беришнинг ижобий жиҳатлари билан бирга, салбий тарафларини ҳам ҳисобга олиш лозимлигини таъкидлади. 
 
Имтиёзлар боқимандалик кайфиятини келтириб чиқариб, очиқ бозорларда рақобат қилиш суръатини пасайтириши мумкин. Молиявий-иқтисодий имтиёзларни бутунлай бекор қилмаган ҳолда, уларни туркумлаштириш зарур. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида хусусий бандлик ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қурилиш бозорини ривожлантириш, муносабатларни либераллаштириш орқали одамларга муносиб ва ҳамёнбоп маҳсулотлар таклиф қилиш айни муддаодир. 

 
Таъкидлаш керакки, вилоят даражасида бўладими, туман (шаҳар) даражасида бўладими, барча тадбирларда ёшлар жуда фаол бўлишди. Улар кўпчилик учун қизиқарли мулоҳазаларни дадил баён этишди. Бу эса давра суҳбатларини жонли мулоқот тарзида ўтишига хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.
 
Мисол учун, партия “Ёшлар қаноти” фаоли, “Style.uz” МЧЖ раҳбари Садриддин Қаршибоев тажриба алмашув майдонини шакллантириш мақсадида махсус “Интерактив тадбиркорлар мулоқот майдони”ни ташкил этишни таклиф қилди.
 
“Ёшлар қаноти”нинг яна бир фаоли, Абдулазиз Суяров эса таълим муассасалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида инновацион корпоратив ҳамкорлик ўрнатиш бўйича “Буюртмали таълим” механизмини йўлга қўйиш, тадбиркорлар эҳтиёжларига мос равишда кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш лозим, деган таклифни ўртага ташлади ва ўз фикрини аниқ мисоллар ёрдамида асослади. Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан маълум ихтисосликлар бўйича таълим муассасаларига буюртма берилади.
 
Талабанинг шартнома пуллари ҳам тадбиркор томонидан қопланади. Энг асосийси, олий таълим муассасасини тугатган талабанинг иш ўрни кафолатланади. 
 
Стартап ва замонавий бизнесни ривожлантириш мақсадида партиянинг жойлардаги кенгашлари қошида тадбиркорларни ўқитиш марказларини ташкил қилиш ва халқаро тажрибалар асосида мастер-класслар ўтиш, қўлланмалар чоп этиш борасидаги таклиф ҳам йиғилганларни бефарқ қолдирмади. 
 
Яна бир вазифа сифатида дастурга “Партиянинг ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил қилишдаги асосий вазифалари” бандини киритиш таклиф этилди. Шунингдек, O‘zLiDeР Жомбой ва Булунғур туман Кенгаши фаоллари томонидан қизғин муҳокамага бой бўлган йиғилишда партия фаоллари депутатлик назоратини кучайтириш борасида қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, қурилаётган намунавий уй-жойларнинг сифатини кўриб чиқишни депутатлар зиммасига юклаш бўйича таклифлар берилди. О‘zLiDeР Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири  Нодир Тўраев ишламаётган депутатларни чақириб олиш механизмини соддалаштириш фикрини ўртага ташлади.
 
– Бугун мамлакатимиз раҳбари томонидан депутатлар зиммасига масъулиятли вазифалар қўйилмоқда. Аммо айримлар халқ олдидаги вазифаси, масъулиятини унутиб қўйган. Уларни чақириб оламиз десак қайта сайлов ўтказиш керак. Бу эса кўп вақт ва маблағ талаб қилади. Ишламаётган депутатларни чақириб олиш соддалаштирилса, уларни  фидоий масъулиятли маслакдошларга алмаштириш осон кечади ва депутатлар фаолиятида ўзгаришлар бўлади.
 
Яна шундай лойиҳа муҳокамаси, Тойлоқ туманида ташкил этилиб, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, партия фаоли Жаҳонгир Ҳақбердиев миллий кадрлар захирасини яратишда O‘zLiDeР фаол бўлиши керак, деган таклифни илгари сурди. Ҳозирча бундай тизим бирорта партия амалиётида кўзга ташланмади.
 
– Партия ижтимоий-иқтисодий дас­турларни амалга оширишда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштиришга эътибор қаратиши лозим, – дейди Жаҳонгир Ҳақбердиев. – Шундай экан, партия интеллектуал мулк эгалари, ёш кадрларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишини мониторинг қилиши ва рағбатлантириб бориши даркор.
 
Қизғин давом этган муҳокамада Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши депутати  Усмон Хуррамов  кичик чорвачилик хўжаликларига юридик шахс мақомини бериш таклифини илгари сурди. Агар биз буни дастуримизда акс эттира олсак, мамлакатимизда сифатли гўшт етиштириш ва бозорларни арзон маҳсулотлар билан тўлдиришга ҳисса қўшган бўламиз.  
 
Ҳозирги ахборот асрида аксарият сиё­сий партияларнинг веб-сайтида ёшлар билан интерактив алоқа йўлга қўйилмагани ажабланарли. Йигит-қизлар ўзини қизиқтирган саволларга жавоб топа олмайди. Ҳолбуки, сиёсий партиялар истиқболли ёш раҳбарларни тайёрлаш мактаби бўлиши зарур. Навқирон авлод вакиллари сиёсий партиялар, айниқса, уларнинг парламентдаги фракцияларида кўриб чиқилаётган масалалар, янги қонун лойиҳаларидан етарлича хабардор бўлмаяпти. 
 
Яна бир муҳим йўналиш – қонунларни қабул қилишда жамоатчилик, сайловчиларнинг кенг иштироки сезилмаяпти. Қонунлар қабул қилиниши билан халқимизнинг оғири енгил бўлдими, унинг ҳаётидаги муаммолар ҳал бўлдими, деган саволлар билан, афсуски, ҳеч ким қизиқмаяпти. Қизиқса ҳам, лоқайдлик устун келяпти.

 
Самарқанд туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Азиз Рашидовнинг фикрича, мамлакатимизда аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, мазкур муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожланган чет мамлакатлар мутахассислари билан мастер-класслар ташкил этиш лозим. Шунингдек, жойлардаги партия ташкилотларини ахборот-коммуникация технологиялари, сайловларга оид зарур услубий қўлланмалар билан таъминлаш, партия ташкилотларининг ўз биносига эга бўлишини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
 
O‘zLiDePнинг янгиланган дастур ва сайловолди платформаси лойиҳалари Самарқанд вилоятининг бошқа туманларида ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.
  • Кўрилди
    898
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+