Қизғин муҳокама, таклиф, баҳс-мунозаралар давом этмоқда

02.08.2019, 15:43

Қизғин муҳокама, таклиф, баҳс-мунозаралар давом этмоқда

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Хоразм вилоятларида O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ҳамда сайловолди платформаси лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан аниқ фикр-мулоҳазаларни жамлашга қаратилган очиқ мулоқотлар ўтказилди

Жойлардаги тадбирлар ва уларда эришилган натижаларни таҳлил қилар эканмиз, қоғоздан амалиётга, умумийликдан аниқликка, мавҳумликдан реалликка тамойиллари устуворлик касб этаётганига гувоҳ бўлдик. Фикрлар ранг-баранглиги ҳам эътиборни тортди. “Мен ҳамкасбимнинг (ёхуд партиядошимнинг) юқоридаги мулоҳазаларига қўшилмайман”, дегувчилар эса муҳокамаларни мунозараларга айлантиришга кўмаклашди. Партия электоратининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ишбилармон доиралар вакилларининг ушбу мулоқотларда бевосита қатнашиши мақсадга элтувчи йўлларнинг энг яқинини танлаш имконини беряпти.

Бугунги сайловчи эртага ўйлаб овоз беради

Қорақалпоғистон Республикасидаги мулоқотларда бевосита қатнашган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Гулжан Халмуратованинг маълум қилишича, мамлакатимиз шимолидаги партиядошларимиз ҳам янгиланган дастур лойиҳасини янада такомиллаштиришга астойдил ҳаракат қилишмоқда. Буни эмин-эркин билдирилаётган ва бошқаларни баҳсга чорлаётган мулоҳазалардан ҳам пайқаш мумкин.

 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Муқаддас Бекназаровага кўра, аҳолини тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш мақсадида партия ташаббуси билан қисқа муддатли курс­ларни очиш вақти келди. Шунингдек, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари учун “Тадбиркорлик сабоқлари” деб номланган алоҳида дарсликлар яратиш фойдадан холи бўлмайди.

O‘zLiDeP Мўйноқ туман Кенгаши аппарат раҳбари Абдижаббар Тилеўов энг чекка овуллардаги ёшлар ва хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиш учун нуфузли даволаниш муассасаларига бепул йўлланмалар бериш тизимини жорий этиш, тадбиркор ва фермерлар, интеллектуал мулк эгаларидан иборат хусусий сектор вакилларининг фаолиятини ОАВ орқали мунтазам ёритиб бориш ниятида “Biznes TV” телеканалини очиш тарафдори.

Мулоқот иштирокчиларини партия дастурига киритиш таклиф этилаётган янгиликлар билан O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шарапат Ўтемисов таништирди. Унинг мулоҳазаларига кўра, сўз эркинлиги ҳуқуқи таъминланган, очиқ ахборот маконидан монеликсиз фойдаланадиган сайловчининг талаби даражасида фаолият юритиш осон эмас. Шу боис ҳам шаклан, ҳам мазмунан ўзгартириш режалаштирилмоқда.

Амалдаги дастур еттита бўлимдан иборат бўлса, таклиф этилаётган лойиҳа Ҳаракатлар стратегияси тузилиши каби беш бўлимни ўз ичига олган. Сайловолди платформаси бўлимларининг номланиши ва кетма-кетлиги ҳам стратегияга мослаштирилган. Уларни тайёрлаш жараёнида 2016 йилдан кейин қабул қилинган Президент фармонлари ва қарорлари талаблари, ижтимоий-иқтисодий давлат дастурлари, миллий қонунчилик ва халқаро тажриба атрофлича кўриб чиқилган.

O‘zLiDeP партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди дастури лойиҳасига бағиш­ланган йиғилишлар чекка туманларда давом этмоқда. Хусусан, Қораўзак, Амударё, Тўрткўл, Кегайли, Хўжайли, Чимбой, Тахиатош ва Элликқалъа туманларида электорат вакилларини қўллаб-қувватлашга доир кўп­лаб таклифлар билдирилди. Муҳокамаларда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, электорат вакиллари ва партия фаоллари иштирок этишди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зафар Ханиязов O‘zLiDePнинг янгиланган дастури лойиҳасига бағишланган муҳокамаларда фаол қатнашиб, бугунги сайловчининг талаби яқин ўтмишдаги сайловчи талабидан анча фарқ қилиши, электоратнинг сиёсий қарашлари теранлашганига урғу берди. Партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди платформасини ана шу талаблардан келиб чиқиб такомиллаштириш лозимлигини қайд этди.

Муҳокама жараёнида Элликқалъа туманидан якка тадбиркор Н.Мамбетов кредитни тўғридан-тўғри тадбиркорларнинг ҳисоб-рақамига ўтказиш, учинчи шахс билан шартнома тузмасдан кредитни тадбиркорнинг пластик картасига тушириб бериш кераклигини, ҳунарманд Б.Аминбаев “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури доирасида кам фоизли кредитлар борлиги, лекин қолган бошқа йўналишдаги кредитларнинг фоизи юқорилиги, уларни пасайтириш чораларини кўриш бўйича ўз таклифларини билдирди.

Амударё туманидаги “Тамара-Феруза” хусусий корхонаси раҳбари Т.Юсупова ёшларга давлатимиз томонидан қулай шароитлар яратилганини тилга олди. Аммо иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, инновацион лойиҳаларини саралаш орқали рағбатлантириш мақсадида ҳар бир вилоят, лозим топилса ҳар бир ҳудудда иқтидорли ёшлар учун танлов асосида грантлар жорий этиш таклифини айтди.

Қораўзаклик фермер Лейла опа Мунтаева ҳам қишлоқ мулкдорларини сафимизга янада кенгроқ жалб этиш, уларнинг партияга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “O‘zLiDePнинг фидойи фермери” каби кўрик-танловини ташкил этиш кераклигини таъкидлади.

Партиянинг Чимбой туман кенгаши аппарат раҳбари Б.Ганиев маҳаллий кенгаш депутатларининг фаолиятини баҳолаб бориш бўйича рейтинг тизимини ишлаб чиқиш, қониқарсиз ишлаган депутатларнинг мақомини бекор қилиш бўйича қонунчиликка тузатиш киритиш таклифини илгари сурди. Хуллас, мунозаранинг мағзини партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди платформасининг лойиҳалари ташкил қилди. Мутасаддиларнинг изоҳича, навбатдаги сайловларда электоратга мамлакатни яқин ва узоқ муддатларда ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини таклиф қила олган партиягина ғалаба қозониши шубҳасиз.

Энди сон эмас, сифат муҳим бўлади

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг анжуманлар залига йиғилган ПОЙТАХТдаги маслакдошларнинг давра суҳбати ўз-ўзини танқид билан бошлангани ҳаво ҳарорати одатдагидан юқори бўлган шу кунларда кўпчиликнинг юзига муздек сув сепгандек таассурот қолдирди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаровнинг тадбир ҳолида қолиб кетган “тадбирлар”га аниқ мисоллар келтирганида маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳам сергак тортди. Ишчанлик руҳи эса кўплаб таклифларнинг ўртага ташланишига туртки берди.

Масалан, миллий маҳсулотни бренд даражасига кўтаришга уринаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоялаш учун савдо нуқталарида сотувга қўйиладиган импорт моллари умумий миқдорнинг 50 фоизидан ошмаслиги кераклигига оид таклиф баҳс майдонини янада кенгайтирди. Турфа имтиёзларни бекор қилиб, барча тадбиркорларга бир хил шароит яратиш лозимлиги масаласи қўйилганда ҳам шундай жараён кузатилди.

O‘zLiDeP янгиланган дастурида коррупцияга қарши кураш масаласини қамраб олишни мақсад қилган экан, давлат мукофотларига номзодлар рўйхатини шакллантиришда шаффофлик ва холисликни таъминлаш, тендерларни онлайн тарзда ташкил этиш, раҳбарлик лавозимларига (хусусан, вазирлар, давлат қўмиталари ва компаниялар раислари) конкурс эълон қилиш, вилоятлар ҳокимларини сайлаш тартибини жорий этиш бўйича қонунчилик ташаббусини илгари суриш билан боғлиқ ўта залворли таклифлар партиянинг қуйи бўғинидаги фаоллардан чиқаётгани диққатга сазовор, албатта.

Тадбир иштирокчилари дастур лойиҳасида “иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш” деган жумла жуда юзаки ёзилганига эътироз билдиришди. Мутахассислар “яхшилаш”дан олдин кўп жойларда қайта тиклаш ишларини олиб бориш, соҳага камхарж замонавий технологияларни татбиқ этиш, инновацион бошқарувга ўтиш лозимлигини таъкидлашди.

Фаоллар аввал қабул қилинган дастурларни қай даражада бажардик, деган саволни ўртага қўйиб, қилинган (ё бажарилмаган) ишлар таҳлили мисолида муҳокамаларни давом эттиришди. Бу ерда гап партиянинг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2017 йил бўлиб ўтган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари акс этган “Жонажон пойтахтимизни биргаликда энг обод шаҳарга айлантирамиз” деб номланган дастур хусусида бораётган эди.

O‘zLiDeP Ҳаракатлар стратегияси устувор йўналишларининг фаол амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган либерал ислоҳотлар йўлини тутгани, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга киришганидан далолат эканини алоҳида таъкидлаши бежиз эмас, албатта.

Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, жамиятнинг барча соҳаларини ривожлантириш борасида амалда бир ёқадан бош чиқариб, фаол иш олиб бораётгани ҳам қувонарли. Партия бу вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда ўзининг сиёсий масъуллигини тўла ҳис қилган ҳолда, ана шу мақсадлар йўлида вакиллик ва ижро органларидаги барча имкониятларини ишга солишга эътибор қаратади.

Шу маънода Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайловлар давлат ҳокимиятининг демократик асосларини либераллаштириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим воқеа бўлганди. O‘zLiDeP пойтахтимизнинг жаҳондаги ривожланган мегаполислар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ўз олдига бош мақсад-вазифа қилиб қўйиб, Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастурини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни таклиф қилганди.

Дастур шаҳарни социал-иқтисодий барқарор ривожлантиришни таъминлаш, уни тадбиркорлик, молия ва бизнес бўйича етакчи халқаро марказлардан, жаҳонда тан олинган йирик фан ва маданият, маориф ва маънавият марказларидан бирига айлантириш, шунинг­дек, аҳолиси ҳаётининг юксак сифатини таъминлашга йўналтирилгани барчамизга яхши маълум.

Хўш, ушбу дастурнинг асосий тамойиллар, яъни пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир одамга ғамхўрлик кўрсатиш, барча масалаларни илғор тажрибага асосланган ҳолда самарали ва тежамкорлик билан ҳал қилиш, иқтисодиётнинг муҳим манбаи сифатида хусусий ташаббусларни, бизнесни рағбатлантириш, қарорлар қабул қилиниши ва шаҳарни бошқариш жараёнларига фуқаролик жамияти институтларини имкон қадар кенгроқ жалб этиш, ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтган икки йилда нималар қилинди?

Навбатдаги сайловга янгиланган дастур билан кириб борар эканмиз, сайловчилар аввалги ваъдаларнинг ижросини сўраши, тузилган режалар қандай бажарилганига баҳо бериш табиий. Мунозараларда сўзга чиққанлар ана шу жиҳатларни ҳам диққат марказидан қочирмадилар.

Умуман олганда, муҳокамалар давомида 20 га яқин жўяли таклифни қоғозга туширишга улгурдик. Улар ичида тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда обдон ўйлаб кўрадиганлари ҳам йўқ эмас. Ихчам хусусий таълим муассасаларини камқувват мактаблар биносининг самарали фойдаланилмаётган қисмида очиш мақсадга мувофиқлиги ҳам ана шундай таклифлар сирасига киради.

Ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, иқтисодиётнинг стратегик сектори бўлган туризм ривожланишида катта аҳамият касб этадиган омиллардан бири бўлмиш транспорт соҳасини янада такомиллаштириш, хориж технологияларини жалб қилишда фақат Хитойга боғланиб қолмасдан, Германия, Франция ва бошқа ривожланган мамлакатлар билан ҳам алоқаларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бундай муҳокамалар пойтахтимизнинг ҳар бир туманида бўлиб ўтди. Уларнинг ҳар қайсисида фалон нафардан, жами фалон минг электорат вакиллари иштирок этди, деган рақамларни келтиришдан тийилдик. Чунки O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров таъкидлаганидек, ҳозирги шиддаткор замонда кўпинча сон эмас, сифат муваффақият омили бўлаётгани барчамизга аён.

 Сиёсий майдонда ортга йўл йўқ

OzLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг кенгайтирилган қўшма мажлиси “Металлург” маданият саройида бўлиб ўтди.

– Мақсад мамлакатимизни иқтисодий тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига эришишдир, – дейди O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши раиси в.б. Тўлқин Файзиев. – Иқтисодиёт ривожини эса тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати, мулкдорлар қатламисиз тасаввур этиш қи­йин. Демак, O‘zLiDePнинг асосий дастури ҳам, сайловолди платформаси ҳам Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиши керак.

Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Ангрен ленд” хусусий корхонаси раҳбари Абдуқодир Бегматовнинг фикрига кўра, партия дастурида аҳамияти жиҳатдан ниҳоятда залворли, таъсир доираси жиҳатдан кўламли масалалар жой олгани маъқул. Дейлик, сайловолди платформамиз эртанги куннинг пойдевори – тараққиёт дастури сифатида намоён бўлиши учун “Тўртинчи саноат инқилоби” концепциясининг мазмун-моҳиятига алоҳида ўрин ажратишимиз даркор. Бунинг учун эса бу концепциянинг нима эканини, энг аввало, ўзимиз тушуниб олишимиз муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш, инновацияларни амалиётга жорий этиш борасида 2017 йилдан бошлаб мутлақо янгича тартибда иш олиб борилмоқда. 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши, унинг доирасида амалга оширилган давлат дастури мамлакат иқтисодиётининг етакчи соҳаларига илғор технологияларни татбиқ этиш, жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларига ҳам янгиликлар киритиш борасида муҳим қадам бўлди. Мамлакат раҳбарининг фармон ва қарорлари билан тегишли соҳаларни модернизациялаш бўйича муҳим вазифалар бегилаб берилди. Айниқса, Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкил этилиши бу йўналишдаги ишларни тизимли асосга қўйишга туртки бўлди.

Ўзбекистон дунёнинг 50 та энг ривожланган давлати қаторига қўшилишини астойдил мақсад қилган экан, мамлакатни Тўртинчи саноат инқилоби талабларига мослаштириш тақозо этилади. Бунинг учун эса ҳали истиқболда кўплаб вазифаларни амалга ошириш лозим бўлади.

2018 йилги давлат дастурида инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлашнинг айнан фаол тадбиркорлик билан боғланган ҳолда илгари сурилгани бежиз эмас. Рақамли иқтисодиёт айнан кучли бизнес мавжуд жойда ривожланиши мумкинлиги бугун барчага аён. Демак, ҳам марказда, ҳам ҳудудларда бизнес муҳитини яхшилаб бориш, айниқса, инновацион технологияларни жорий этаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу борада муҳим натижаларга эришишга имкон беради.

Албатта, сайловолди палласида партиялар халқнинг эътиборини қозониш мақсадида айни дамда одамларни ўйлантираётган масалаларга кўпроқ эътибор қаратиши, популистик йўллар билан бўлса-да кўпроқ овоз тўплаш йўлини тутиши керакдек туюлади. Лекин O‘zLiDeP сиёсий майдонга кирганидан буён Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг истиқболи учун масъулиятни зиммасига олган партия сифатида бугун давлатимиз олдига давр кўндаланг қўяётган муҳим масалаларга эътиборсиз бўлиши мумкин эмас. Ватанимиз равнақига, эртанги кунига дахлдор ушбу муаммоларни халққа тушунарли бўлган шаклда, аниқ таклифлар билан жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш лозим. Бу Президентимизнинг партия VIII съездида илгари сурган сайловолди дастури ҳамда 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегиясига таянган ҳолда O‘zLiDeP томонидан илгари сурилган ривож­ланиш дастури бўлган бўларди.

Бунинг айнан O‘zLiDeP томонидан илгари сурилишига яна бир муҳим асос партиянинг либерал-демократик платформада ишлаётганидир. Бугун дунё қиёфасини ўзгартираётган янги технологиялар аслида либерал-демократик йўлдан илдамлаётган АҚШ ва Европада дунёга келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айнан шу сиёсий платформа ўзи учун устувор деб биладиган очиқлик, тенг имкониятлар, инсон омилига бирламчи эътибор каби жиҳатлар етакчи давлатларнинг тараққиёт чўққиларига эришишига сабаб бўлди. Демак, шу асосда қўйилаётган янги технологик давр талабларини тушуниш, уларга мос ривожланиш дастурини таклиф қилиш бизнинг партия учун имконият даражасидаги ишдир. Қолаверса, бугунги технологик тараққиётга бутун дунёда O‘zLiDeP ўзининг ижтимоий асоси деб билган тадбиркорлар, бизнес вакиллари етакчилик қилаётгани ҳам сир эмас.

Тадбир иштирокчилари “Ақлли, энергия тежамкор уйлар” концепциясини ҳаётга тат­биқ этиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлигини юксалтиришда партиянинг ролини ошириш каби масалаларда ўнлаб таклифларни илгари сурдилар. Жумладан, O‘zLiDeP Тошкент тумани кенгаши аппарат раҳбари Нуриддин Маҳкамов “XXI asr” газетасининг ҳафтада икки маротаба чиқишини йўлга қўйиш, “Туман ва шаҳар кенгаши депутатлари” рукнини очиш ҳамда ҳар бир сонида қуйи тизимдаги маслакдош­лар мақолаларини бериб бориш лозимлигини гапирди.

Мухтасар хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, марказда ва жойларда ўтказилган муҳокамаларнинг барчасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни жадал давом эттириш лозимлиги тилга олинди. Бу борада таклиф этилаётган ўзгартишларни нафақат партия электорати, балки аҳолининг кенг қатламлари ёқлаб чиқишди. Натижа шу бўляптики, ҳали O‘zLiDePнинг янгиланган дастури расман қабул қилинмасдан, истиқболли йўналишлар бўйича тегишли идоралар томонидан амалий ишлаб бошлаб юборилди. Хусусан, norma.uz хабарига кўра, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга тузатишлар лойиҳаси ишлаб чиқилгани фик­римиз далилидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эса “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси жойлаштирилди. Буни ҳам амалиётдаги муҳим қадам деса бўлади. Зотан, партия фаоллари анчадан бери нотариусларга хизмат кўрсатувчи хусусий субъект сифатида қараш кераклиги хусусида фикр билдириб келади.

Фармон лойиҳасида қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан нотариат соҳасини тартибга солиш мақсадида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилган. Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг 2020 йил 1 январдан давлат нотариал идораларини босқичма-босқич нодавлат нотариал идоралари этиб қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши кутилаётгани ҳам O‘zLiDeP ғояларининг ҳаётийлигидан далолатдир. Белгиланишича, давлат нотариал идораларини нодавлат нотариал идоралари этиб қайта ташкил этиш адлия органларида нодавлат нотариал идораларни рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, фаолият юритаётган нотариусларга уларнинг аризаларига асосан нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш орқали амалга оширилади. Тегишли нотариал округда қонун ҳужжатларига мувофиқ етарли миқдордаги нодавлат нотариал идоралари ташкил этилгунига қадар давлат нотариал идоралари ўз фаолиятини давом эттиради.

Эътирофга яраша ЭЪтирозлар ҳам бор

OzLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги OzLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуратова ҳам фаол қатнашди.

 Давра суҳбати давомида дастурга киритилиши кутилаётган қўшимча ва ўзгартириш­лар, сайловолди платформаси лойиҳаларининг ҳар бир банди ва йўналиши бўйича маҳаллий кенгашлар депутатлари, тадбиркорлар томонидан ўнлаб таклифлар ва айрим эътирозлар билдирилди.

– Янги таҳрирдаги ҳужжатлар лойиҳаларида партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган долзарб ўзгартиш­лар талайгина экан, – дейди Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Ҳамкорбанк”нинг Урганчдаги халқаро бизнес маркази раҳбари Эгамберган Бобожонов. – Аммо сайловолди дастурининг бирор жойида фермерларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган бандни кўрмадим. Таклифим шуки, платформада қишлоқ мулкдорларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган партиявий вазифалар алоҳида кўрсатиб ўтилиши шарт.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари, иқтисод фанлари доктори, профессор Илёс Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистонда тармоқли маркетингни ривожлантириш бўйича қонун қабул қилиш зарур. Давлатимиз раҳбари бир неча маротаба тадбиркорлик фаолиятига тўхталиб, жойларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин, лекин тайёр маҳсулотга харидор топиш мушкуллигини алоҳида таъкидлаганди. Бу борадаги масалаларни ечиш мақсадида чет элларда тармоқли маркетинг тизими жорий этилган. У бизга ҳам кириб келган, бироқ тарқоқ ва ҳеч қандай солиқ тўламасдан фаолият юритмоқда.

– Партия дастури ва сайловолди платформасидаги йўналиш ва вазифаларни бир хиллаштириш лозим, – дейди O‘zLiDeP Қўшкўпир туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Русланбек Раҳимов. – Мисол учун, дастурнинг иккинчи йўналиши “Партиянинг қонун устуворлигини таъминлаш, суд ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш борасидаги вазифалар” деб белгиланган бўлса, сайловолди платформасининг иккинчи йўналишида ижтимоий-сиёсий соҳадаги устувор вазифалар ўз аксини топган.

O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, “Кока-кола ичимлиги” Ўзбекис­тон LTD қўшма корхонаси Шимолий региони бош менежери Баҳодир Қаландаровнинг фикрича, депутатликка ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлган фуқаролар сайлов округидаги ҳолатни олдиндан яхши билиши керак. Ўша жойнинг турмуш шароити, муаммоларини ўрганса ва ўз сайловолди дастурида айнан шу округ муаммоларини ҳал қилиш юзасидан аниқ чораларни кўрсатса, албатта, ушбу ҳудуд аҳолиси бошқа партияларга эмас, айнан O‘zLiDeP вакилига ишонч билдиради.

Халқ депутатлари Урганч туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, “Элита чорва насл” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулла Рўзметов банклар 30 фоизлик кредит ажрата бошлаганига эътибор қаратди. Биргина мисол, тадбиркор 1 миллиард сўм миқдорида айланма маблағ олса, ундан 200 миллионини солиққа, 300 миллионини банкга тўлайдиган бўлса, янги иш бошлаган тадбиркорга 500 миллион сўмлик рентабелли иш қаерда бор? Мени эътирозим ҳам, таклифим ҳам шуки, тадбиркорлар учун чет эл валютасида бўладими ёки сўмдами имтиёзли кредитларни айланма маблағ сифатида беришни жорий қилишимиз зарур. Шундагина жойларда тадбиркорлик биз кутгандек ривожланади.

O‘zLiDeP Хива туман Кенгаши раиси ўринбосари Отабой Исмоилов партия қонун ҳужжатларида инновацион илмий фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, шу жумладан, бундай лойиҳаларни фоизсиз кредитлаш учун тижорат банкларига давлат кафолатларини беришни белгилаб қўйиш тарафдори эканини айтди.

Қўшсаҳифа материалларини

O‘zLiDeP матбуот хизмати ва вилоят

мухбирлари хабарлари асосида

Озод РАЖАБОВ тайёрлади

  • Кўрилди
    876
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+