O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси БАЁНОТИ

06.08.2019, 10:58

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси БАЁНОТИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг туман-шаҳар, қишлоқ-маҳаллаларида давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби эзгу ва хайрли бунёдкорлик лойиҳалари том маънода юртдошларимизни ҳаётдан рози қилмоқда, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда. Ушбу дастур ва лойиҳалар жуда  катта меҳнат ҳамда маблағлар эвазига рўёбга чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Лекин айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорларнинг уй-жойлари, иншоотлари ёки бошқа кўчмас мулкларининг бузилишлари билан боғлиқ ҳолатлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга ва ҳақли эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Ҳужжатда ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишларининг уч босқичли тартиби жорий этилмоқда.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг мулкдорлар синфи вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, мулк ва мулкий муносабатларни қонуний тартибга солиш мақсадида БАЁНОТ қабул қилди.

Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласида ҳар бир раҳбар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга сўзсиз риоя этиши ҳамда унга оғишмай амал қилиши шарт. Аввало, Бош қомусимиз – Конституциямизнинг 53-моддасига мувофиқ барча мулк шаклларининг тенглиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза  этилиши ҳамда кафолатланишини унутмаслик керак.

Одамларни эртага эмас, бугун рози қилишдек ҳаётий тамойил ҳар бир мутасадди ташкилот ва раҳбар иш фаолиятининг асосий дастуриламалига айланмоғи зарур.

Кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиши лозимлиги талабларига риоя этилиши қатъий депутатлик назорати остига олинади.

Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан ишлаб чиқилиши белгиланган қонун лойиҳасининг муҳокамасида  партиянинг барча даражадаги депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари орқали тадбиркорлик субъектлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки таъминланиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари умумлаштирилган ҳолда аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.

Жойларда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг ҳар қандай кўринишдаги бузилиш ҳолатлари юзасидан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатларимиз томонидан эшитув ва депутатлик сўровларининг натижа ва самарадорлигини ошириш чоралари кўрилади.

  Ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркибида партиянинг барча даражадаги депутатлари фаол иштирок этиши таъминланади.

Партиянинг ҳудудий Кенгашлари, туман ва шаҳар Кенгашларида фуқароларнинг ер участкалари, тадбиркорларнинг бино-иншоотлари, мулкларининг ноқонуний олиб қўйилиши, бузиб ташланиши ҳолатлари бўйича партиянинг ишонч телефонлари  ташкил этилади.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ муаммолар партиянинг расмий веб-сайти uzlidep.uz ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетасида мунтазам ёритиб борилади.  

Бу каби долзарб вазифаларни рўёбга чиқариш учун ҳар бир раҳбарни ўз зиммасидаги масъулият ва жавобгарликни чуқур ҳис этишга, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишдек ҳаётий тамойилга қатъий амал қилишга чақирамиз.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ва

партиянинг Олий Мажлис

Қонунчилик палатасидаги фракцияси

  • Кўрилди
    880
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+