Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояга олинади

07.08.2019, 16:45

Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ҳимояга олинади

Шу йилнинг 2 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида яна бир бор хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари батафсил муҳокама қилинди. 2019 йил 23 июлдаги видеоселектор йиғилишининг мантиқий давоми ўлароқ, танқидий руҳда ўтган тадбирда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда “Обод марказ” дастурлари доирасида мамлакатимизнинг вилоят, туман ва шаҳарларини обод этиш борасида қурилиш ва қайта қурилиш жараёнларида йўл қўйилаётган камчиликлар, салбий ҳолатлар алоҳида кўриб чиқилди.

Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятларида олиб борилаётган қайта қуриш ишлари жараёнида кўчмас мулкни ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонунлар бўла туриб, тадбиркорларга тегишли кўчмас мулкни бузиш ҳолатлари кўпгина норозиликларга олиб келгани, тадбиркорлар ҳокимият органларининг бу борадаги ишларига салбий баҳо бераётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан бу вилоятларни бошқариб келаётган ҳокимлар фаолияти қаттиқ танқид остига олинди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг нафақат қишлоқ, туман, шаҳар ва вилоятини, ҳаттоки, ҳар бир кўчасини обод этиш, фуқароларимизнинг фаровон ҳаёт кечириш учун зарур шароитларни яратиш борасида мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф буюрмасин, ўша ҳудудда қайта қурилиш ишлари амалга оширилар экан, биринчи ўринда одамлар, тадбиркорларнинг розилигини олиб, кейин қайта қуриш ишларини бошлаш лозимлиги тўғрисида айтиб келади. Табиийки, бундай кенг қўламли ишлар олиб борилар экан, албатта, қонун ҳужжатларига таянган ҳолда, аввало, тадбиркорларга хусусий мулк сифатида тегишли бўлган кўчмас мулкларни компенсация миқдорини тўлиқ тўлаш масаласи ҳал бўлгандагина кўчмас мулкни бузиш мумкин. Лекин амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳали-бери ишга эскича ёндашиш, фуқароларнинг фикрларини инобатга олмасдан, лозим бўлса, куч ишлатиб, давлат сиёсатини амалга ошириб келаётган ҳокимликлар мутасаддилари ҳам бор.

Бу борада бизнинг партиямиз четда туриб кузатувчи сифатида эмас, балки бу жараёнларни қонунлар доирасида ҳал этишнинг тарафдори ўлароқ намоён бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, партиямиз ва унинг жойлардаги вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари билан биргаликда, биринчи ўринда бинолари бартараф этилаётган тадбиркорларга ушбу жараён билан боғлиқ қонун ҳужжатлари талабларини тўғри тушунтириб беришимиз лозим.

Бундан ташқари, тадбиркорлардан келиб тушаётган мазкур масала билан боғлиқ мурожаатларни батафсил ўрганиб, тегишли маслаҳатларни бериб бориш билан чегараланмасдан, мурожаатларнинг ижросини назоратга олиб, ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли чораларни кўриши лозим.

Ўз навбатида, O‘zLiDePдан маҳаллий Кенгашларга ҳамда Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар ўз округларида бу борада олиб борилаётган ишлардан хабардор бўлиши, номига келиб тушган шикоятларни зудлик билан ўрганиши, керак бўлса, жойига чиқиб ўрганса, тадбиркорларнинг партиямизга ишончи янада кучаяди, деб ҳисоблаймиз.

O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясида Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, улардан келиб чиқувчи вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Фракциянинг бу борада олдида турган вазифалар белгилаб олинди. Зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Биноси бартараф этилаётган тадбиркорларга уларнинг ҳуқуқлари қай даражада тўғри тушунтирилгани, компенсация тўлови қачон ва қай миқдорда тўғри тўлангани ёки тўланмаганини ўрганиб, лозим бўлса, ушбу масала юзасидан давлат органларига депутатлик сўрови юбориб, ҳал этилишига эриш ҳозирги кунда партиямиз ва фракциямиз олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланмоқда. 

Шуҳрат БАФАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    249
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+