Энди сон эмас, сифат муҳим бўлади

07.08.2019, 18:24

Энди сон эмас, сифат муҳим бўлади

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг анжуманлар залига йиғилган ПОЙТАХТдаги маслакдошларнинг давра суҳбати ўз-ўзини танқид билан бошлангани ҳаво ҳарорати одатдагидан юқори бўлган шу кунларда кўпчиликнинг юзига муздек сув сепгандек таассурот қолдирди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаровнинг тадбир ҳолида қолиб кетган “тадбирлар”га аниқ мисоллар келтирганида маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ҳам сергак тортди. Ишчанлик руҳи эса кўплаб таклифларнинг ўртага ташланишига туртки берди.

Масалан, миллий маҳсулотни бренд даражасига кўтаришга уринаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоялаш учун савдо нуқталарида сотувга қўйиладиган импорт моллари умумий миқдорнинг 50 фоизидан ошмаслиги кераклигига оид таклиф баҳс майдонини янада кенгайтирди. Турфа имтиёзларни бекор қилиб, барча тадбиркорларга бир хил шароит яратиш лозимлиги масаласи қўйилганда ҳам шундай жараён кузатилди.

O‘zLiDeP янгиланган дастурида коррупцияга қарши кураш масаласини қамраб олишни мақсад қилган экан, давлат мукофотларига номзодлар рўйхатини шакллантиришда шаффофлик ва холисликни таъминлаш, тендерларни онлайн тарзда ташкил этиш, раҳбарлик лавозимларига (хусусан, вазирлар, давлат қўмиталари ва компаниялар раислари) конкурс эълон қилиш, вилоятлар ҳокимларини сайлаш тартибини жорий этиш бўйича қонунчилик ташаббусини илгари суриш билан боғлиқ ўта залворли таклифлар партиянинг қуйи бўғинидаги фаоллардан чиқаётгани диққатга сазовор, албатта.

Тадбир иштирокчилари дастур лойиҳасида “иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш” деган жумла жуда юзаки ёзилганига эътироз билдиришди. Мутахассислар “яхшилаш”дан олдин кўп жойларда қайта тиклаш ишларини олиб бориш, соҳага камхарж замонавий технологияларни татбиқ этиш, инновацион бошқарувга ўтиш лозимлигини таъкидлашди.

Фаоллар аввал қабул қилинган дастурларни қай даражада бажардик, деган саволни ўртага қўйиб, қилинган (ё бажарилмаган) ишлар таҳлили мисолида муҳокамаларни давом эттиришди. Бу ерда гап партиянинг Тошкент шаҳрида давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2017 йил бўлиб ўтган сайловлардаги иштирокига оид мақсад ва вазифалари акс этган “Жонажон пойтахтимизни биргаликда энг обод шаҳарга айлантирамиз” деб номланган дастур хусусида бораётган эди.

O‘zLiDeP Ҳаракатлар стратегияси устувор йўналишларининг фаол амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган либерал ислоҳотлар йўлини тутгани, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга киришганидан далолат эканини алоҳида таъкидлаши бежиз эмас, албатта.

Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, жамиятнинг барча соҳаларини ривожлантириш борасида амалда бир ёқадан бош чиқариб, фаол иш олиб бораётгани ҳам қувонарли. Партия бу вазифаларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда ўзининг сиёсий масъуллигини тўла ҳис қилган ҳолда, ана шу мақсадлар йўлида вакиллик ва ижро органларидаги барча имкониятларини ишга солишга эътибор қаратади.

Шу маънода Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайловлар давлат ҳокимиятининг демократик асосларини либераллаштириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим воқеа бўлганди. O‘zLiDeP пойтахтимизнинг жаҳондаги ривожланган мегаполислар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ўз олдига бош мақсад-вазифа қилиб қўйиб, Тошкент шаҳрини ривожлантиришнинг узоқ муддатли дастурини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни таклиф қилганди.

Дастур шаҳарни социал-иқтисодий барқарор ривожлантиришни таъминлаш, уни тадбиркорлик, молия ва бизнес бўйича етакчи халқаро марказлардан, жаҳонда тан олинган йирик фан ва маданият, маориф ва маънавият марказларидан бирига айлантириш, шунинг­дек, аҳолиси ҳаётининг юксак сифатини таъминлашга йўналтирилгани барчамизга яхши маълум.

Хўш, ушбу дастурнинг асосий тамойиллар, яъни пойтахтимизда истиқомат қилувчи ҳар бир одамга ғамхўрлик кўрсатиш, барча масалаларни илғор тажрибага асосланган ҳолда самарали ва тежамкорлик билан ҳал қилиш, иқтисодиётнинг муҳим манбаи сифатида хусусий ташаббусларни, бизнесни рағбатлантириш, қарорлар қабул қилиниши ва шаҳарни бошқариш жараёнларига фуқаролик жамияти институтларини имкон қадар кенгроқ жалб этиш, ҳокимият органларининг ҳисобдорлигини ва очиқлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтган икки йилда нималар қилинди?

Навбатдаги сайловга янгиланган дастур билан кириб борар эканмиз, сайловчилар аввалги ваъдаларнинг ижросини сўраши, тузилган режалар қандай бажарилганига баҳо бериш табиий. Мунозараларда сўзга чиққанлар ана шу жиҳатларни ҳам диққат марказидан қочирмадилар.

Умуман олганда, муҳокамалар давомида 20 га яқин жўяли таклифни қоғозга туширишга улгурдик. Улар ичида тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда обдон ўйлаб кўрадиганлари ҳам йўқ эмас. Ихчам хусусий таълим муассасаларини камқувват мактаблар биносининг самарали фойдаланилмаётган қисмида очиш мақсадга мувофиқлиги ҳам ана шундай таклифлар сирасига киради.

Ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, иқтисодиётнинг стратегик сектори бўлган туризм ривожланишида катта аҳамият касб этадиган омиллардан бири бўлмиш транспорт соҳасини янада такомиллаштириш, хориж технологияларини жалб қилишда фақат Хитойга боғланиб қолмасдан, Германия, Франция ва бошқа ривожланган мамлакатлар билан ҳам алоқаларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бундай муҳокамалар пойтахтимизнинг ҳар бир туманида бўлиб ўтди. Уларнинг ҳар қайсисида фалон нафардан, жами фалон минг электорат вакиллари иштирок этди, деган рақамларни келтиришдан тийилдик. Чунки O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Тўрабек Назаров таъкидлаганидек, ҳозирги шиддаткор замонда кўпинча сон эмас, сифат муваффақият омили бўлаётгани барчамизга аён.

  • Кўрилди
    989
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+