Андижонликлар алдашни билмайди

08.08.2019, 16:11

Андижонликлар алдашни билмайди

Бу ҳазил тариқасида айтилган гап десангиз янглишасиз. Тўғри, ҳамма жойда хўроз бир хил қичқиргани билан одамларнинг феъл-атвори, муҳит, ишчанлик кайфияти... ва яна минг хил омиллар ҳар бир ташкилотда ўзига хос барометр вазифасини ўтайди. Шу маънода O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашидаги фаолларнинг кейинги пайтда қўли қўлига тегмай қолди. Сабаблар кўп, албатта.

Бўлиб ўтган давра суҳбатида партиянинг янгиланган дастури ҳамда сайловолди платформаси лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди, кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тоҳиржон ТОЛИПОВ, O‘zLiDeP  Андижон вилоят Кенгаши раиси:

 – Мамлакатда содир бўлаётган жараёнларни кузатиб шундай хулосага келиш мумкинки, энди лоқайдлик, ўзибўларчилик ва томошабин бўлиб ўтириш бизга ярашмайди. Президентимиз томонидан парламентга йўлланган Мурожаатларни эслайлик, партиялар номига билдирилган ҳақли эътирозлар, ошкора айтилган камчиликларни бугун биз ўз фаолиятимиз давомида қай даражада тузата олдик? Бу ниҳоятда жиддий масалалар эди. Демак, сиёсий партиялар, жумладан, бизнинг O‘zLiDeP ҳам юртимизда амалга оширилаётган катта-кичик ислоҳотларда камарбасталик қилиши ҳаёт тақозосидир. Яъни ўрнимиз кабинет ё мажлисларда эмас, аксинча, кўпроқ одамлар орасида бўлиши шарт эканлигини чуқур англадик. Шу боис баъзида бизни иш жойимиздан тополмаётганлар тағин нолиб юришмасин, дейманда. Астойдил, чин кўнгилдан ишлайман деганга баҳонадан кўра ҳозир иш кўп...

Жорий йилнинг декабр ойида бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайловлар партиямиз аъзолари, фаолларимиз, хайрихоҳларимиз зиммасига масъулиятли вазифалар юклаяпти. Буни  теран англаётган сафдошларимиз яқинлашаётган сиёсий имтиҳонга жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Партия ҳудудий кенгашлари ва O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларининг жойларда бўлиб ўтган қўшма йиғилишларини ана шу тайёргарлик жараёнининг узвий, ажралмас бир қисми, десак янглишмаймиз. Мазкур мулоқотлар баҳс-мунозараларга бойлиги билан диққатга сазовор. Хусусан, партия Андижон вилоят ташкилотида ташкил қилинган ана шундай йиғилишда партиямиз дастурига киритилаётган қўшимча ва ўзгартишлар ҳамда сайловолди платформаси лойиҳаси қизғин муҳокамалар марказида бўлди.

– Очиғи, йиғилишда бунчалик кўп ва асосли таклифлар илгари сурилишини кутмагандик, – дейди O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Абдурауф Абдуллаев. – Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, ҳали бажарилиши зарур  ишлар, ечимини топиш керак бўлган муаммолар талайгина. Демак, мудраётган депутатларни уйғотиш, фаолияти талабга жавоб бермаётган ноибларни эса алмаштириш вақти келди. Масалани ёзиб олиш билан иш битмайди, аксинча, бошланади. Уни ҳал қилиш учун бор имкониятни, ваколатларни ишга солиш керак. Одамларга амалий иш, амалий кўмак зарур. Шуни ҳис қилган ҳолда аҳоли ичига янада чуқурроқ кириб боришимиз керак.

Билдирилаётган таклифлар нечоғлик асосли? Мисоллар, келтирилаётган фактлар нимадан далолат беряпти?

 Партия ҳудудий Кенгаши аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими мудири Умида Исаева таъкидлаганидек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларни доимий ишга жойлаштириш масаласи кўпинча эътибордан четда қолаётгани сир эмас. Уларни кафолатланган иш билан таъминлашнинг мукаммал механизмини ишлаб чиқиш даркор. Хусусан, бу борада “Бандликка кўмаклашиш портали”ни ташкил этиш ижобий натижалар беради. Яна бир масалага тўхталиб ўтиш жоиз. Сайловолди дастурида аёллар бандлигини таъминлашда тадбиркорлик ва фермерликнинг аҳамиятига  алоҳида урғу берилган, аммо ҳунармандлик борасида мутлақо сўз юритилмаган. Ваҳоланки, бугунги кунда юртимизда яратилаётган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини жаҳонга олиб чиқаётган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил қилади. Соҳани янада юқори босқичга кўтариш, ривожлантириш ва ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида вазифалар белгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Баҳодир Аҳмедовнинг қайд этишича, айрим ҳолларда партиямиз вакиллари қишлоқ мулкдорлари манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилолмаяптилар. Масалан, фермер хўжаликлари  контрактация шартномаларини ўз вақтида бажариб, давлатга сотилган маҳсулотлардан ҳақдор бўлиб, бироқ давлатга тўланадиган ер солиғидан қарздорлик ҳолатлари бор. Давлатга сотилган маҳсулотларнинг пули фермер хўжалик ҳисоб рақамига келиб тушгач, солиқ бўйича қарзлар тўланади. Аммо ҳисоб рақамига пул тушиш бироз кечикиб, фермер белгиланган қарздорликни бартараф қилишга улгурмай қолса, дарров солиқ инспекциялари томонидан судга даъво аризалари келиб тушади. Энди шўрлик фермернинг югуришини кўринг...

Муҳокама этилаётган дастур лойиҳасида бу борада ҳам аниқ вазифалар белгиланиши ер эгалари учун айни муддао­дир. Яна бир таклиф: фермер хўжаликларида ер бонитет баллари таҳлилини ҳар беш йилда эмас, ҳар икки йилда ўтказиш соҳада самарадорлик ва унумдорликнинг янада ошишига хизмат қилган бўларди.

– Дастур лойиҳаси тасдиқлангач, партия ҳудудий ташкилотининг “Ёшлар қаноти”га ҳам анчагина вазифалар юкланиши табиий, – деди партия вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Элёрбек Алулов. – Жумладан, фаоллар саъй-ҳаракати билан барча таълим муассасаларида хусусий бизнесни йўлга қўйиш, тадбиркорлик кўникмалари бўйича ўқув курслари ташкил этилиши керак. Шунда кўзланган мақсадга янада яқинроқ борилади, натижага тезроқ эришилади. Яна бир масалани тилга олиб ўтиш зарур. Андижон давлат университетида айни вақтда ҳуқуқшунослик йўналиши тугатилган. Лекин ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда бу фан жуда муҳим. Демак, олий таълим муассасасида ушбу йўналишни қайта тиклаш зарур. Шунинг баробарида умумтаълим мактабларида сиёсий партиялар тўғрисидаги дарс соатлари ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ. Шунда “Ёшлар қаноти” фаоллари, етакчилар сафи ортишига, уларда сиёсий билимлар шаклланишига эришилади.

Олтинкўл туман Кенгаши депутати Бегали Азимовнинг фикрича, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига партия фаолларини бириктириш, уларга штат бирликлари ажратиш керак. Сафдошларимиз фуқаролар шикоятларига қонуний ва тез фурсатда ечим топишга кўмаклашадилар.

– Вилоятда 300 дан зиёд туристик объект бор, – деди Марҳамат туман Кенгаши депутати Шаҳло Ҳусанова. – Уларнинг 80 фоиздан кўпроғи қаровсиз, таъмирталаб аҳволда. Бошқача айтганда, сайёҳлик масканлари, иншоотларининг давлат тасарруфида бўлиши ўзини оқламади. Бундай объектларни имкон қадар тезроқ хусусийлаштириш, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар ихтиёрига бериш лозим. 

Сўзга чиққанлар партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳаси Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мос равишда ишлаб чиқилганини алоҳида қайд этдилар. 

Ўртага ташланган барча таклиф, мулоҳаза ва ғояларни бирма-бир баён қилишнинг имкони йўқ. Лекин шуни эътироф этиш зарурки, билдирилган ҳамма таклифлар замирида аҳоли, электоратимиз манфаатлари, истак-эҳтиёжлари мужассам. Шу ўринда талай фикрлар фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқилган ҳолда айтилганини таъкидлаш жоиз.  Илгари сурилган ғояларнинг партия дастурларида акс этиши, уларнинг изчиллик билан амалга татбиқ қилиниши партияга ишончнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳалари Андижон вилоятининг бошқа туманларида ҳам қизғин муҳокама қилинди.

  • Кўрилди
    782
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

бобур 2019-08-12 10:13:36

Мошина олмокчиман


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+