Фарғонада фаровонлик асосий мезонга айланяпти

08.08.2019, 16:33

Фарғонада фаровонлик асосий мезонга айланяпти

Водийнинг исталган вилояти ёки шаҳар-қиш­лоқларига йилнинг тўрт фаслида борсангиз ҳам ҳайратга тушасиз. Санъат, ҳунармандчилик, деҳқончилик, зироатчилик бобида дейсизми, тадбиркорлик ё кичик бизнес соҳаси, қўйингки, бу ҳудуд аҳли ўзларининг ғайратли, шижоатли, энг муҳими, ташаббускорлиги билан дунёда довруғ таратган. Айниқса, бу борада фарғоналикларнинг ўзига хос тажриба мактаблари бор. Одамларнинг кўнглига йўл топиш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, бандликни таъминлаш, хуллас, бугунги давр талаб­ларига лаббай деб жавоб бермоққа интилаётган юртдошларимиз сиёсий жараёнларда ҳам фаоллик кўрсатишяпти.

 O‘zLiDeP Фарғона вилоят Кенгашида бўлиб ўтган давра суҳбатида партиянинг янгиланган дастури ҳамда сайловолди платформаси лойиҳасида баён қилинган мақсад ва вазифалар  атрофлича муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклиф-тавсиялари тингланди.

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, республикамизда яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши каби қатор омиллар бу галги сайловлар бутунлай янгича шароитда, кучли партиялараро рақобат, ғоялар  кураши остида ўтишидан далолат беради, – деди партия Фарғона вилоят Кенгаши раиси Раҳматулло Камолов. – Муҳокамадаги ҳужжатлар лойиҳалари ана шу янгиланиш ва ўзгаришларга мос тарзда ишлаб чиқилган. Барчамизга маълумки, партиямизнинг ўн олти йиллик тарихи давомида бир неча марта сайловолди дастурлари ишлаб чиқилган, лекин уларнинг ҳеч бири бу сафаргидек сайловдан анча олдин кенг муҳокама этилмаган эди. 

Партия ҳудудий ташкилоти раиси, шунингдек, янгиланаётган дастурлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг бўлиши ҳамда сиёсий куч юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида янада фаолроқ иштирок этиши зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистонни 2050 йилгача 50 та ривож­ланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсадига эришиш учун барча якдиллик билан ҳаракат қилиши,  бунда мамлакат иқтисодиётининг таянчи бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш лозимлигини алоҳида қайд этди.

 Аҳмадали Тешабоев, партия фаоли:

– Ҳар бир хонадонга партиямиз дастурий ғоялари кириб боришига эришишимиз керак. Одамлар билан юзма-юз учрашувлар чоғида билдирилган талаб-истаклар, таклифлардан келиб чиққан ҳолда олдимизда турган долзарб вазифаларни аниқлаб олишимиз ва уларни дастур лойиҳасига киритишимиз лозим. Аҳоли, электоратимиз вакиллари фикр-мулоҳазаларини ўрганиш натижасида янгиланаётган дастурга ҳудудларда “Тадбиркорлик академия­лари”ни ташкил қилишга оид вазифалар ҳам киритилиши мўлжалланаётгани айни муддаодир. Айниқса, вилоятимизда мазкур академиялар фаолияти ниҳоятда самарали бўлишига ишончим комил. Фарғона деҳқончилик ҳадисини олган, тошдан гул ундира оладиган миришкорлар юртидир.  Шу билан бирга, янги дастурлардан хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш бўйича вазифалар салмоқли ўрин эгаллаши лозим. Хуллас, жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда юқори натижага эришиш учун ҳозирдан ҳаракат қилишимиз керак.

Тадбир қатнашчилари вилоятда туризмни ривожлантириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш, депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида хусусий секторни жадал тараққий эттириш ва бошқа соҳалар бўйича асосли таклифларни ўртага ташладилар.

Қўқон шаҳар Кенгаши депутати Муҳсин Абдураҳимов ўз чиқишида Қўқоннинг туристик салоҳияти ортаётганини қайд этди. Бундан беш-олти йил илгари шаҳарга йилига 3 мингга яқин сайёҳ келган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич қарийб 12 мингга етди. Лекин уларга кўрсатилаётган хизматлар сифати талаб даражасида эмас. Меҳмонхоналар, туроператорлар, шаҳар билан таништириш хизмати, экотуризм, кўнгилочар масканлар ва совға харид қилиш жойлари билан боғлиқ талай масалалар ўз ечимини кутмоқда. Тадбиркорларни бу соҳага фаол жалб қилиш орқалигина  муаммоларни ҳал этиш мумкин. “Туризм билан асосан фалон партия шуғулланади” деган нотўғри қарашдан воз кечиш даркор. Сайловолди дастурига туризмни ривожлантиришга қаратилган вазифаларни ҳам киритиш керак.

– Кейинги йилларда ҳудудий ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар кўп танқид қилиняпти, – деди Бувайда туман Кенгаши депутати Дилноза Қаландарова. –  Хусусан, депутатларнинг сессияларда жўяли фикрлар, аниқ таклифларни илгари сурмаслиги, мансабдор шахслар эшитуви юзасидан муносабат билдирмаслиги бўйича эътирозлар кўп. Дарҳақиқат, шундай – бу танқидларни асоссиз, дея олмаймиз. Бироқ баъзи жиҳатлар фаолиятимизга баҳо берувчиларнинг синчков нигоҳидан четда қоляпти, шекилли. Чунончи, кўпинча депутатлар сессияга бир кун ёки бир неча соат қолганда чақирилади. Сессия кун тартибига киритилган масалалардан эса халқ ноиби йиғилиш бошланганидан ке­йингина хабардор бўлади. Шундай экан, қандай қилиб пухта ўйланган таклифлар, мулоҳазалар ҳақида гап бўлиши мумкин? Ойдинлашяптики, аввало, шаклланиб қолган, эскирган айрим “тартиб”лар, одатлардан халос бўлишимиз зарур.

Вилоят Кенгаши депутати Раъно Бойқўзиева бугунги кунда бандликка кўмаклашиш марказларида реал ишлар таклиф қилинмаётганини куйиниб гапирди.

– Иш сўраб мурожаат қилганларни уларга жўнатсак, жуда олисдаги, устига-устак, маоши жуда кам ишларни таклиф этишмоқда, – деди у. – Ишсиз фуқаролар эҳтиёжини қондиролмаётган бундай ташкилотлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш керак.

Партия вилоят ташкилоти матбуот котиби Шоҳсултон Тўхтаматовнинг фикрича, расмиятчилик учунгина ўтказилувчи, ҳеч қандай наф келтирмайдиган тадбирларга узил-кесил чек қўйилиши зарур. Йиғилиш режаси, дастурига “тадбир самараси” деган пункт киритилиши ва унга тадбирнинг фойдалари хусусидаги ёзувлар битилиши мақсадга мувофиқ. Йиғилиш якунланганидан кейин ҳам унинг самараси баённомага аниқ-равшан қайд этилиши лозим.

Йиғилишда, шунингдек, партия янгиланган дастурининг шарҳини тайёрлаш,  маҳаллий кенгашлардаги депутатлик ўринларини тегишли шаҳар ёки туман аҳолиси сонига мутаносиб тарзда белгилаш, “O‘zLiDeP музейи”ни  ташкил қилиш, хусусий музейлар барпо этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш, ҳар бир туманда тадбиркорлар муаммоларини ўрганувчи махсус ишчи гуруҳлар тузиш, “Адвокатлар мактаби”ни очиш ва бошқа бир қанча таклифлар билдирилди.

Мулоқотда O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъул ходими Юсуфжон Юсупов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров, вилоят Кенгаши депутати, сенатор Комилахон Кавлонова ҳам партиянинг янги қабул қилинаётган дастури ва сайловолди платформаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Иштирокчилар Сайлов кодексининг кучга кириши сайлов тўғрисидаги ҳужжатларни ягона тизимга солишга хизмат қилиши, номзодлар танлашга жиддий ёндашиш, ишончли вакил ва кузатувчиларнинг сиёсий билимларини оширишга эътибор қаратиш каби муҳим вазифалар ҳақида ҳам фикр алмашдилар.

  • Кўрилди
    930
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+