Наманган: энди натижадорлик керак

08.08.2019, 16:34

Наманган: энди натижадорлик керак

O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгашида ташкил қилинган йиғилишда яқинлашаётган сайловга замон талабларидан келиб чиқиб, янгича ва инновацион ёндашувлар асосида тайёргарлик кўриш,  депутатликка муносиб номзодларни саралаш, партия кузатувчилари ва ишонч­ли вакилларини танлаб олиш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий билимини ошириш, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда сайлов жараёнларида  замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби долзарб мавзулар иштирокчилар диққат марказида бўлди.

– Ҳозирги сайловчи беш-ўн йил аввалги сайловчидан анча фарқ қилади, унинг савияси ўсган, дунёқараши кенгайган, у ўзи овоз бераётган номзодларга катта талаблар қўймоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иброҳим Ҳожиев. – Назаримда, партиямиз электорати манфаатини тўла-тўкис, ҳар томонлама ифодалай олмаяпмиз, шунингдек, сиёсий куч фаолияти барча оғриқли нуқталарни, даврнинг ўткир масалаларини қамраб ололмаяпти. O‘zLiDePнинг янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳаси тайёрланди, лекин улар мукаммалликдан йироқ, талай камчиликлар  кўзга ташланяпти. Масалан, дастурда оммавий ахборот воситалари билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмаган. Ёшлар ва аёллар йўналишларига ҳам бугунги кун эҳтиёжларидан келиб чиқиб ёндашилмаган.  Депутатлик корпуси вакиллари билан ишлаш, партиянинг социал лифт вазифасини бажариши билан боғлиқ масалалар ҳам очиқ қолганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, аниқ ва асосли таклифларни илгари суриб, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга уйғун бўлган дастурлар ишлаб чиқилишига ҳаммамиз сезиларли ҳисса қўшишимиз керак.

Йиғилишда партия дастурий ҳужжатлари такомиллашувига хизмат қилувчи, кўпчиликда қизиқиш уйғотиб, баҳс-мунозараларга сабаб бўлган 30 дан зиёд таклиф ўртага ташланди. 

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси, партия вилоят ташкилоти раиси ўринбосари Собитхон Нўъмонов таъминотчи билан истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномалар мазмунини ўзгартириш,  намунавий лойиҳалар асосида тикланган  уй-жойлар сифати юзасидан келиб чиқаётган низоларга фақат банк эмас, балки ҳокимлик ва қурувчи ташкилот ҳам бирдай жавобгар бўлиши зарурлигини таъкидлади.

“Valley fruits” ишлаб чиқариш кооперативи директори Зуҳриддин Ҳошимовнинг фикрига кўра,  экспорт қилиш тартиб-таомилларини янада либераллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари манфаатларига хизмат қилувчи кооперативлар сонини кўпайтириш лозим. Боғлар, токзорлар барпо қилаётган фермерлар, деҳқон хўжаликлари вакилларига имтиёзли ёки фоизсиз, узоқ муддатли кредитлар ажратилиши мақсадга мувофиқ.

– Банк кредитлари ажратилиши соҳаси тўла шаффоф бўлиши ҳамда чет эл капитали асосидаги банкларни кўпайтириш, улар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим, – дейди Наманган шаҳрида фаолият юритувчи тадбиркор, O‘zLiDeP аъзоси Ҳакима Тошматова. – Тижорат банкларини кўпайтириш орқали берилаётган сармоялар миқдорини ошириш ҳамда кредит фоизларини камайтиришга эришишимиз керак.

Чуст туман Кенгаши депутати Ҳамида Эргашева вилоятдаги кичик саноат зоналарида тадбиркорлар дуч келаётган қийинчиликларга тўхталиб, ўз таклифларини билдирди. Кичик саноат зонаси тавсиясига асосан тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш имкони яратилса, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги кескин ошган бўларди. Саноат зоналаридан ажратилаётган ерларда тадбиркорларга ўзи истаган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳуқуқи берилса, уларнинг фаолияти жонланиб, ёшлар учун янги-янги иш ўринлари пайдо бўларди. Чунки тадбиркор маҳсулот ишлаб чиқаришда бозор талабидан келиб чиқади.

Янгиқўрғонлик ишбилармон Зафаржон Жўрабоев эса таълим муассасалари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида инновацион корпоратив ҳамкорлик ўрнатиш, бошқача айтганда, “Буюртмали таълим” механизмини йўлга қўйиш, тадбиркорлар эҳтиёжларига мос равишда кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш лозим, деган мулоҳазани ўртага ташлади. Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан маълум ихтисосликлар бўйича таълим муассасаларига буюртма берилади.

 Қатнашчилар томонидан яна бир қанча таклифлар айтилди. Туманларда “Механизаторлар ўқув марказлари”ни ташкил қилиш, партия вилоят кенгашлари қошида хусусий сектор вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини бепул ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “юридик клиника”лар очиш, амалдаги тегишли норматив ҳужжатларга “ёш тадбиркор” атамасини киритиш ва ёш ишбилармонларга муайян имтиёзлар жорий қилиш, иқтисодий соҳадаги илмий изланишларни рағбатлантиришга эътиборни кучайтириш шулар жумласидандир. Йиғилишда илгари сурилган таклифларни амалга татбиқ қилиш йўллари хусусида ҳам сўз юритилгани эътиборга молик.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтган ана шундай тадбирлар очиқ-ошкора руҳда кечгани, мунозараларга бойлиги билан иштирокчиларда катта тааассурот қолдирди.

  • Кўрилди
    756
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+