Хўжакўрсинга ишлайдиганлар даври ўтди

08.08.2019, 16:35

Хўжакўрсинга ишлайдиганлар даври ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда ҳудудий ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида партиямиз янгиланган дастури ва сайловолди платформаси лойиҳалари  атрофлича  муҳокама қилинди. 

Йиғилишда таъкидланганидек, ўтаётган ҳар бир кун ҳаммамизни муҳим сиёсий жараён – парламент қуйи палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тобора яқинлаштирмоқда. Кутилаётган сайловда партиямизнинг муносиб ва фаол иштирокини таъминлаш биздан катта масъулият ва сиёсий тайёргарликни талаб қилади. Биз ҳар куни бўлажак сиёсий имтиҳонга қандай ташаббуслар, қандай амалий ишлар билан қадам қўйяпмиз, дея ўзимизга ўзимиз ҳисоб беришимиз лозим.

– Сайловолди жараёнлари бўладими ёки бошқа муҳим вазифаларни адо этишми, барибир, энди хўжакўрсинга ишлайдиган партия ходимига эшикни кўрсатиб қўйишимиз керак, – деди ўз сўзида O‘zLiDeP  вилоят Кенгаши раиси Улуғбек Сотиболдиев. – Ягона сайлов стандартлари ва тартиб-таомилларини ўз ичига олган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳамда сайлов жараёнига ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилиши сингари ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида электоратимиз вакиллари, аҳоли  орасида  тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ниҳоятда муҳим вазифамиздир. Депутатликка муносиб номзодларни танлаш, сайлов жараёнининг ошкоралик, очиқлик руҳида ўтказилишини таъминлаш, сайловларга тайёргарлик жараёнларини янада кучайтиришда фаолликни қўлдан бермаслигимиз лозим. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар, Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакатда яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, кучли партиялараро рақобат, ғоя­лар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат бермоқда.

Гулжаҳон Қаршибоева Мирзаобод туманидаги энг ёш тадбиркорлардан бири. 25 миллион сўм банк кредити эвазига ўз бизнесини йўлга қўйиб, 8 та иш ўрни яратган ёш тадбиркор ҳам сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташлади.

– Энди оёққа туриб келаётган, бизнесини ривожлантиришга бел боғлаган ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг реклама қилинишида муайян имтиёзлар белгиланиши, бу масалага партия алоҳида эътибор қаратиши керак, – деди ишбилармон. – Реклама борасида енгилликлар берилиши ёш тадбиркорлар учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Вилоят перинатал маркази раҳбари, Гулистон шаҳар кенгаши депутати Ханифа Зокирова ҳудудда  бир ёшгача бўлган чақалоқлар ўлими кўпайганини таъкид­лади ва мазкур салбий ҳолатга барҳам бериш, гўдаклар нобуд бўлишининг  олдини олиш юзасидан сайловолди дастурига  таклифларини билдирди.

– Вилоятимизда 85 нафар гинеколог фаолият юрит­япти.  Уларнинг 70 фоизи пенсионерлардан иборат, – деди депутат. – Ўз-ўзидан аёнки,  малакали ёш шифокорлар сафини кўпайтириш, қишлоқларда болалар поликлиникаларини давлат-хусусий шерикчилиги асосида қайта ташкил этиш лозим. Айни пайтда болалар патронаж ҳамшираларини  кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Шунда тажрибасиз оналарнинг бир ёшгача бўлган болалари тўғри овқатланиши ва соғлиғини назорат қилиш имкони туғилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комилжон Эрназаров, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Самидулла Маҳмудов, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши аппарати раҳбари Абдуқаҳҳор Ибодуллаев ҳам мулоқотда сўзга чиқиб, яқинлашаётган сайловга ҳозирлик борасидаги ишларни замон талабларидан келиб чиқиб, янгича ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил қилиш лозимлигига эътибор қаратдилар.

– Шу йилнинг декабрь ойида парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда муносиб иштирок этиш партиямиз олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир, – деди А.Ибодуллаев. – Бу ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Аввало, сайловчиларни кейинги беш йилга мўлжалланган ғоя ва мақсадларимизга ишонтира олишимиз лозим. Мазкур жараёнга бугунги сайловчининг талаби мутлақо янгичалиги, яқин ўтмишдагидан анча фарқ қилишини, зеро, эндиги сайловчи янгиланаётган, ўзгараётган Ўзбекистон фуқароси эканини теран англаган ҳолда киришишимиз керак бўлади. Бинобарин, сўз ва ахборот эркинлиги ҳуқуқи кенг таъминланаётган, сиёсий қарашлари анча теран, ижтимоий фаоллашган, очиқ ахборот маконидан ҳеч бир монеликсиз фойдаланаётган сайловчиларни ғоя ва мақсадларимизга эргаштириш осон бўлмайди. Бугун одамларнинг дунёқараши, сиёсий қарашлари, ҳуқуқий савияси ўсди. Партия олдида эса ана шундай талаб даражасида фаолият юритиш масаласи турибди. Бинобарин, партиямиз дас­тури ва сайловолди платформаси ҳаётга яқин, халқчил вазифаларни ўзида мужассам этиши давр талабидир.

 Гулистон давлат университети ректори, вилоят Кенгаши депутати Муксин Ходжиев қайд этганидек, мамлакатимиз аҳолисининг катта қисмини – 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусдан келиб чиқиб, сафдошларимиз муайян ишларни амалга оширмоқдалар. Ана шу аснода, депутатнинг фикрича, партия билан ҳамкорликда навқирон авлод вакилларини  тадбиркорликка жалб қилиш учун университет қошида “Бизнес марказ” фаолиятини йўлга қўйиш, хусусий тадбиркорлик асосларини ўқитиш бўйича 3-6 ойлик ўқув курсларини ташкил қилиш айни муддаодир.

Халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутати Манзура Дадаева сайловолди дастури қисқа, аниқ ва тушунарли бўлиши, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Гулистон шаҳар филиали раҳбари Зафар Тўлқинов эса номзодларни танлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Мулоқот мобайнида ёшларга берилаётган кредитлардан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш, ҳудуддаги банклар билан келишган ҳолда тадбиркорларнинг кам фоизли кредитлар олишига кўмаклашиш, муҳтож оилаларнинг бепул даволаниши учун шифохоналардан жой ажратилиши партия вакиллари томонидан назоратга олиниши, адвокатларга тўланадиган пул миқдори бўйича аниқ ва асосли ҳужжатлар ишлаб чиқиш каби таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Танқидий-таҳлилий йўсинда кечган, қизғин мунозаралар руҳида ўтган йиғилишда партия ташкилотлари ходимлари, депутатлар, тадбиркор ва фермерлар томонидан яна кўплаб таклифлар билдирилди. Айниқса, мамлакатимизда парламент ва бошқа вакиллик органларининг роли ва мавқеини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада чуқурроқ ислоҳ қилиш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, адвокатлар фаолиятини тартибга солиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилишда партиянинг ролини оширишга доир таклифлар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

Давра суҳбати ниҳоясида жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда партия тузилмалари фаолияти самарадорлигини оширишга оид бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. 

  • Кўрилди
    803
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+