Ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинса туризм янада ривожланади

12.08.2019, 09:32

Ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинса туризм янада ривожланади
Бухорода Тадбиркорлар ва ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Туризм – Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоғи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. 
 
Тадбирда O’zLiDeP вилоят ва туман (шахар) кенгаши масъул ходимлари, Бухоро вилоят туризмни ривожлантириш департаменти, Бухоро давлат университети иқтисодиёт ва туризм факультети мутахассислари, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, туристик фирма вакиллари, гид-таржимонлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
 
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шахри ва Бухоро вилоятининг туризм салохиятини жадал ривожлантириш чора –тадбирлари тўғрисида” ги қарори соҳани янада тараққий эттириш имконини берди.
 
Давра сухбати иштирокчиларига Президентимиз томонидан имзоланган ушбу икки муҳим ҳужжат ва янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни мазмун-мохияти хусусида батафсил маълумот берилди. 
 
– Вилоятда 4 минг 700 дан зиёд ўринга эга 131 та мехмонхона фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти туризм соҳаси лойиҳаларига инвестицияларни жалб қилиш ва истиқболли ҳудудларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шоҳаббос Шарофиддинов. – 119 та меҳмон уйлари, 88 та туристик фирма, 148 нафар таржимонлар, 60 та замонавий ресторан, 96 та автобус ва микроавтобуслар хорижий ва маҳаллий сайёҳлар хизматида. Мана шуларнинг ҳаммаси вилоятга сайёҳлар оқимини йилдан йилга кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Агар 2018 йилнинг биринчи ярмида Бухорога ташриф буюрган сайёҳлар сони 1 миллион 444 минг нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1 миллион 788 мингтага етди. 2019 йил охиригача маҳаллий сайёҳлар сонини 3 миллион 400 мингга, хорижий туристлар сонини 500 мингтага етказиш кўзда тутилган.
 
Давра суҳбатида ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, халқ депутатлари Бухоро шахар кенгаши депутати Шерзод Маҳмудов ва бошқалар муҳокама этилган мавзу бўйича ўз фикр-мулохазаларини билдириб, туризмнинг вилоятдаги салоҳиятини мустаҳкамлаш биргаликдаги сайъ-ҳаракатларимизга, хусусан маҳаллий кенгаш депутатларининг партия фаоллари ва туризм соҳаси мутасаддилари билан биргаликда олиб борадиган фаолиятига кўп жиҳатдан боғлиқлигини таъкидлади.
 
–“Чорминор гранд” МЧЖ га қарашли “Рангрез” хусусий меҳмонхонамизда мана 6 йилдирки бухороликлар ва шахар мехмонларига сифатли хизмат кўрсатилмоқда, – дейди жамият директори ўринбосари Амрилло Насруллаев. – Сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган меҳмонхонамизда 10 киши иш билан таъминланган. 
 
Испания, Туркия, Франция, Россия, Япония, Германия ва бошқа давлатлардан ташриф буюраётган меҳмонлар 1,2 ва 3 ўринли жами 30 та хонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари, миллий таомлардан танаввул қилишлари мумкин. Хусусий меҳмонхонамизда бир кеча кундузда жами 60 кишига беминнат хизмат кўрсатилмоқда. Давра сухбати давомида солиқ қонунчилигида кўзда тутилган бир қатор имтиёзлар бўйича ҳам биз тадбиркорлар тўлиқ маълумотга эга бўлдик. 
 
Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
 
Зариф Комилов, 
 
O’zLiDeP БУхоро вилоят Кенгаши
 
бўлим мудири
  • Кўрилди
    899
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+